Матнда дарёларнинг тарихий номлари, кечув жойлари ҳам алоҳида эътироф этилган. Сурхоб, Терек, Чу, Кўкча каби дарёларнинг номлари ҳам асар матни ва унинг изоҳларида қайд қилинган.
Келинг, аввало, қуйидаги саволларга жавоб берайлик:
- Сиз яшаётган ҳудуддан қайси дарё оқиб ўтади?
- Дарёларнинг қадимги номларини биласизми?
- “Темур тузуклари” асарини мутолаа қилганмисиз?
- Тарихий шахслар, тарихий жой номларига қизиқасизми?
- Ўзбекистон ҳудудида нечта дарё бор?
- Сиз қайси дарё қирғоғига тушишга ёки унда чўмилишга муяссар бўлгансиз?
- Умуман, дарё номларидан шаҳар ва қишлоқлар номи келиб чиққанми ёки аксинча?
Соҳибқирон Амир Темурнинг “Темур тузуклари” асари ҳақида умумий маълумот
Улуғ бобокалонимиз Амир Темур ҳақида кўп нарсаларни биламиз. Халқ оғзаки ижоди орқали эшитганмиз, мактаб дарсликлари, илмий-бадиий китобларда ўқиганмиз, ҳужжатли ва бадиий фильмларда томоша қилганмиз...
Соҳибқирон Амир Темурнинг шахси ҳамда унинг “Темур тузуклари” асари нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳон ҳамжамиятида ҳам катта қизиқишга сазовор.
Тарихда Темурийлар салтанатининг асосчиси сифатида ном қолдирган буюк бобокалонимиз ҳозирда мавжуд ўнлаб давлатлар ҳудудларини ишғол қилган.
Унинг ҳарбий юришлари билан Осиё, қисман Европа қитъасининг турли бурчакларига ислом дини ва маданияти, марказий осиё халқларига мансуб маданий қадриятлар, урф-одатлар, меъморчилик, ҳунармадчилик, адабиёт, тил ва лаҳжалар кириб борган.
Евроосиё материгининг турли минтақаларида Амир Темурнинг ҳарбий юришлари натижасида қолган “тарихий изларни” кўриш мумкин.
Ўрта асрларда содир бўлган бундай ҳарбий юришлар натижасида турли қабила ва элатлар вужудга келган, қадимдан мавжуд халқларнинг маданияти, луғат бойлиги, насл хилма-хиллиги янгиланиб тўлдирилган.
Ҳанузгача дунёнинг 30 дан ортиқ давлатларида ўғил болаларга “Темур” деб исм қўйилади. Бир гап билан айтганда, Соҳибқирон салтанатнинг довруғи бутун жаҳонга маълум ва машҳур.
Ўрта асрлардаёқ Амир Темур ҳақида инглиз драматурги Кристофер Марлоу 1588 йили тарихий пьеса, немис композитори Георг Гендель 1724 йили опера, америкалик Эдгар По 1827 йили шеърий поэма яратган.
Амир Темур сиймоси гавдаланган юзлаб бадиий асарлар нашр этилган. Ўнлаб бадиий ва ҳужжатли фильмларда Амир Темур шахси ва Темирийлар салтанатинг тарихи тасвирланган.
Амир Темур сиймоси гавдалантирилган ҳайкаллар Ватанимизнинг турли шаҳарларида мавжуд. Жумладан, Тошкент, Самарқанд ва Қарши шаҳарларида шундай ҳайкаллар қад кўтарганини яхши биласиз. Буюк бобокалонимиз ва у қурган буюк салтанат тарихига оид “Темурийлар тарихи давлат музейи”га ташриф буюрмаган ўзбекистонлик ёшлар кам бўлса керак...
“Темур тузуклари” асарида тилга олинган дарёлар ҳақида
Маълумки, “Темур тузуклари” асарининг бир нечта тарихий нашрлари мавжуд. “Тузуклар”нинг Бомбей, Теҳрон, Оксфорд нашрлари шулар жумласидан.
Асарнинг таржималари ва турли нашрларида тарихий шахслар, жой ва дарё номларида бироз хатоликларга йўл қўйилган, айрим ўзгартиришлар киритилган.
Асарда энг кўп тилга олинадиган дарёлар — Амударё ва Сирдарё.
Матнда уларнинг тарихий номлари, кечув жойлари ҳам алоҳида эътироф этилган. Сурхоб, Терек, Чу, Кўкча каби дарёларнинг номлари ҳам асар матни ва унинг изоҳларида қайд этилган.
Биз “Темур тузуклари” асарида алоҳида эътироф этилган 4 та дарё номи ва у билан боғлиқ қизиқарли маълумотларни эътиборингизга ҳавола этишга жазм этдик.
1-дарё: Хўжанд суви — Сирдарё дарёси
Ўзбекистоннинг ушбу маълум ва машҳур дарёси ҳақида кўпчилик билади. Унинг шарафига вилоят номи (Сирдарё вилояти) ва бир нечта алоҳи пунктлари қўйилган.
Қадимда Яксарт (Сайҳун) номи билан машҳур дарёнинг узунлиги 2212 км (Норин ирмоғидан 3019 км), дарё сув ҳавзаси сатҳи 219 минг м2 га тенг.
Сирдарёнинг узоқ ирмоқлари Фарғона водийси ва қўшни республикалардаги турли номдаги дарё-каналларидан бошлансада, унинг узани Тожикистон Республикасининг Хўжанд шаҳри яқинидаги Қайроққум сув омборидан бошланади.
У Ўзбекистон ҳудудидан худди Сирдарё ва Тошкент вилояти чегараларини иккига ажратгандай оқиб ўтади. Мазкур дарё Шардара сув омбори орқали Қозоғистоннинг узоқ Қизилўрда шаҳри яқинидан ҳам оқиб ўтади.
Ҳатто яқин ўтмишда Орол денгизига ҳам қуйилган. Сирдарё “Темур тузуклари” асарнинг “Биринчи китоб” бўлими, “Кенгаш ва тадбирлар” ҳикоятида тилга олинган.
Соҳибқирон Амир Темур 1360 йилнинг баҳорида юз берган тарихий воқеаларни баён қилади. Унда Чингизхон авлодидан бўлмиш Туғлуқ Темурхон Моворауннаҳрга қўшин тортиб, кўпсонли лашкарлари билан Хўжанд суви, яъни Сирдарёни кечиб ўтганини баён қилади.
Амир Темур Туғлуқ Темурхон билан кўришади ва у Амир Темурга Мовороуннаҳр вилояти, то Жайҳун дарёсининг (Амударё) соҳилларигача чўзилган ҳудудни бошқаришни топширади.
2-дарё: Ҳирманд — Ҳилманд дарёси
Ҳилманд дарёси ҳозирги кунда ҳам Афғонистон ва Эрон давлатлари ҳудудидан оқиб ўтади. Унинг узунлиги тахминан 1150 км бўлиб, сув ҳавзаси сатҳи 500 минг м2 га тенг.
Унинг бошланғич ирмоқлари Ҳиндикуш тоғларидан бошланиб, Сейстон кенгликларида тугайди. Ҳилманд дарёси сувининг бир қисми Эрон ва Афғонистон ҳудудидаги Ҳамун кўлларини тўлдиради.
Ушбу дарё номи “Темур тузуклари” асарнинг “Хуруж кунлари қилган бешинчи кенгашим” ҳикоятида тилга олинган.
Соҳибқирон Амир Темур Бохтарзамин (Қадимги Бақтрия давлати ҳудудлари, ҳозирда Афғонистоннинг Балх шаҳри атрофидаги ҳудудлар) ва Қандаҳор (ҳозирда Афғонистон жанубидаги йирик қадимий шаҳар) ҳудудларини ишғол қилиш мақсадида Ҳилмад дарёси ёнида қароргоҳ қурдиради.
Шу тариқа форcчадан “иссиқ ўлка” маъносини берувчи Гармсир вилояти Соҳибқирон салтанати тасарруфига ўтади. Айнан шу йўналишдаги ҳарбий юришларда, аниқроғи Соҳибқироннинг Сейистон ўлкасига қилган юришларида у ўнг қўлининг тирсаги ҳамда ўнг оёғидан камон ўқи билан яраланган.
Кейинчалик бу жароҳат туфайли Амир Темур оқсоқланиб юрадиган бўлиб қолгани маълум. Мазкур тарихий воқеадан Соҳибқирон “Темурланг”, яъни “Оқсоқ Темур” деб аталган.
3-дарё: Термиз дарёси — Амударё дарёси
“Темур тузуклари” асарда Амударё ўз номида, шунингдек, Жайҳун дарёси ва Амуй суви номи билан кўп бора тилга олинади.
“Хуруж кунларида қилган еттинчи кенгашим” ҳикоятида Соҳибқирон Тамука боҳодирни уч отлиқ билан Термиз дарёси, яъни Амударёнинг Термиз шаҳри яқинидаги кечувдан ўтиб, Жета лашкарининг аҳволи ва ҳарбий режалари ҳақида маълумот тўплаб келиш учун юборади.
Сўнг олинган маълумотлар асосида ҳарбий режа тузиб, натижада Жета лашкари устидан ғалаба қозонади. Мазкур тарихий воқеалар айнан Амударё ҳавзасида рўй беради.
Тарихдан маълумки, ушбу қадимги дарёнинг бир нечта қадимги номлари бор. Окс, Аму, Балх, Жайхун шулар жумласидан.
Амударёнинг узунлиги 1415 км атрофида, агар уни боширмоқлари Панж ёки Вахш дарёларидан ҳисобласак, унинг узунлиги 2540 км атрофида. Кўплаб қўйилувчи ва ажралувчи ирмоқлари бўлган Амударё бир нечта сув омборларини тўлдириб, 4 та давлат (Тожикистон, Афғонистон, Ўзбекистон, Туркманистон) ҳудудидан оқиб ўтади.
Унинг дарё суви ҳавзасининг сатҳи 309 минг м2 ни ташкил этади. Харитага қарасангиз, Амударё худди Афғонистон ва Ўзбекистон давлат чегараларини чизиб ўтгандай оқиб ўтганини кўриш мумкин.
Яна у Ватанимиз кенгликларида худди Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларини иккига ажратгандай оқиб ўтади. Амударё Қорақум ва Қизилқум саҳро кенгликлари бағридан, Термиз, Урганч ва Нукус шаҳарлари ёнидан оқиб ўтади.
4-дарё: Самур суви — Самур дарёси
1393 йилининг сентябрь ойи охирида Соҳибқирон Амир Темур биринчи бор Бағдод шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудларни эгаллайди.
“Тўхтамишхонни йўқотиш учун қилган кенгашим” ҳикоятида у лашкарларининг сони 4 фарсанг, ҳарбий қўшин сафи кенглигида 24 км атрофида бўлганлиги қайд этади.
У Дашти Қипчоқ элига нома ёзишдан олдин Самур дарёсини кечиб ўтганини ёзиб қолдирган.
Ҳозирда Россия Федерацияси таркибидаги Доғистон Республикасида айнан шундай номдаги дарё бор. Дарёнинг бир қисми Озарбайжон Республикаси ҳудудидан ҳам оқиб ўтади.
Дарёнинг узунлиги 213 км ни ташкил этиб, ҳавза сатҳи 7330 м2 га тенг. Самур дарёсининг боширмоқлари 3200 метр баландликка эга Кавказ тоғларидан бошланиб, унинг қуйи оқими Касбий денгизига қуйилади. Соҳибқирон ўз асарида қайд этган Самур суви кечувидан сўнг, аниқроғи 1395 йилнинг 17 апрель санасида Терек дарёси бўйидаги водийда аёвсиз жанг бўлади.
Жангда Тўхтамишхон енгилиб, Амир Темур ғалаба қозонади. Шу тариқа Дашти Қипчоқ вилоятлари ва Олтин Ўрда Соҳибқирон давлати сарҳадларига қўшиб олинади.
Хотима
Маълумки, Соҳибқирон салтанатининг ҳудуди жуда катта бўлган. Бироқ унинг маркази Моворауннаҳр, Турон заминининг икки чеккасидан оқиб ўтадиган 2 та йирик дарё — Амударё ва Сирдарё орлиғидаги ҳудудлар.
Харитага назар солсангиз, Осиё қитъасида турли номлар билан аталган дарёлар бир-бири билан узвий боғлиқ. Муҳими, улар қадим-қадимдан цивилизация ўчоғи бўлган.
Бунга қайсидир дарё шарафига қўйилган, аниқроғи номи айнан дарё номларидан келиб чиққан юзлаб шаҳар, вилоят ва туман номлари мисол.
Биргина Зарафшон дарёси Самарқанд шаҳри яқинига келганда 2 та катта ирмоққа, яъни Қорадарё ва Оқдарёга бўлиниб оқишини, сўнг Миёнқалъа номи билан машҳур орол ҳосил қилгач яна қўшилиб оқишини ҳаммаям билавермаса керак.
Чунончи, Амир Темурнинг энг йирик қароргоҳлари Зарафшон дарёси атрофида бўлган. Соҳибқирон ўзининг зафарли юришларида юзлаб дарёларни кечиб ўтган. Тарихда турли номларда зирк этилган жанглар ҳам дарё ҳавзалари атрофида бўлиб ўтгани маълум.
Шундай экан, биз Ватанимиз ва қўшни давлатлар ҳудудидан оқиб ўтадиган дарёлар ва уларнинг ирмоқларини яхши билишимиз даркор.
Дарёларнинг тарихий номи, унинг атрофидаги шаҳарлар тарихи — тарих ва география фанларидан олган билимларимизни мустаҳкамлайди, тасаввурларимизни тўлдиради.
Азиз ўқувчи, ижтимоий тармоқлар орқали мазкур мақоланинг бошида келтирилган саволларга жавобларингизни, баҳс-мунозарали фикрларингизни кутиб қоламиз.
Аминмизки, сиз яшаётган ҳудуд, яъни киндик қонингиз тўкилган макон қайсидир дарё, кўл, сув омбори ёки сунъий тарзда сув тортиб келинган канал атрофида жойлашган.
Ўша сув ҳавзасининг номи маҳаллий аҳоли тилида турлича аталади, бироқ барчасида унинг сифатлари ҳамда тарихи мужассам.
Бу хусусдаги билимларингизни биз билан ўртоқлашасиз, деган умиддамиз.