Ўзбекистон ҳудудида товар, иш ва хизматлар учун хорижий валютада тўловни амалга ошириш тақиқланади.
Мазкур ҳужжатга кўра, 5 сентябрдан Ўзбекистоннинг жисмоний шахслари тижорат банкларининг конвертация бўлимларида амалдаги тартиб-қоидаларга асосан чет эл валютасини эркин сотиши ёки сотиб олиши мумкин. Улардан эса чет элда ҳеч қандай чекловларсиз фойдаланиш мумкин.
Шу кундан эътиборан Ўзбекистондаги юридик шахслар ҳам халқаро операциялар учун тўловни амалга ошириш учун тижорат банкларидан чекланмаган миқдорда хориж валютасини сотиб олиши мумкин.
Истеъмол товарлари импорти билан шуғулланувчи юридик шахс мақомига эга бўлмаган якка тадбиркорлар жисмоний шахслар учун белгиланган тартибда банк ҳисоб рақами орқали сотиб олишлари мумкин.
Шунингдек, мулк шаклидан қатъи назар экспортчиларнинг даромадини хорижий валютада сотиш талаби бекор қилинди.
Юридик шахс мақомига эга бўлмаган якка тадбиркорлар, шунингдек, фермер хўжаликлари ўз ҳисобларидаги даромадни банк ҳисоб рақамидан нақд шаклда олишлари мумкин.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳудудида товар, иш ва хизматлар учун истисно тариқасида жаҳон амалиётига мос равишда халқаро банк пластик карточкасидан ташқари, хорижий валютада тўловни амалга ошириш тақиқланади.
Эндиликда товарлар, ишлар ва хизматлар учун нархлар ва тарифлар, компаниянинг устав капиталига қўйиладиган минимал талаблар фақат миллий валютада белгиланади.
Давлат божлари, йиғимлар ва шу каби мажбурий тўловлар, консуллик йиғимидан ташқари, фақат сўмда қабул қилинади.