Лола Каримова – Тилляева раҳбарлик қилиб келаётган жамғарма бугун туғма нуқсони бор болаларни даволатиш масаласида катта қадамлар ташлаб келмоқда.
“Франциянинг Нант шаҳрига “Сен ёлғиз эмассан” фондининг кўмаги билан жарроҳлик амалиётидан ўтиб келиш учун жўнатилган болажонлар операциялардан муваффақиятли ўтиб, бугун Тошкентга қайтиб келдилар.
Улар икки ой илгари, 2016 йилнинг апрель ойида Франциянинг “Умид ришталари” уюшмаси шифокорлари кўригидан ўтиб, 24 май куни “Сен ёлғиз эмассан” Фонди томонидан Нант шаҳрига ўз оналари билан биргаликда жўнатилган эдилар”, дейди Каримова – Тилляева.
Жамғарма раисининг маълум қилишича, беш ойлик Бехруз Асилбековда мураккаб туғма юрак нуқсони аниқланган. Ушбу касаллик мураккаб жарроҳлик амалиётини талаб қилиб, операцияни Франциянинг “Умид ришталари” уюшмаси кардиожарроҳи, профессор Оливье Барон бажарган. Операциядан 8 кун ўтгач, Бехруз шифохонахона қошидаги кичик беморлар ва уларнинг ота-оналари учун мўлжалланган махсус бинога кўчирилиб, у ерда уч хафта ўз онаси ёнида амбулатор даволанишни франциялик кардиопедиатрлар назорати остида давом эттирган.
Тўққиз ойлик Одина Абдубориевага эса шифокорлар декстрокардия ташҳисини қўйишган эди. Такрорий ўтказилган тиббий кўрик шуни кўрсатдики, қизалоқнинг аҳволи унинг ҳаёти учун хавф туғдирмайди. Шу сабабли франциялик шифокорлар ҳозирги вақтда қизалоқнинг соғлиғи жарроҳлик амалиётини талаб этмайди деган ҳулосага келдилар. Эндиликда Одина Тошкентда кардиологлар кузатуви остида бўлади.
Термизлик икки яшар Ҳаётхон Мамаражабова ўта мураккаб, бир неча босқичли жарроҳлик амалиётини талаб этувчи юрак нуқсони билан туғилган эди. Операциянинг биринчи босқичи франциялик шифокорлар томонидан 30 май куни амалга оширилган.
Лола Каримова – Тилляева болаларнинг соғ-саломат уйларига қайтганини қувончи ичига сиғмай хабар қилар экан, қуйидаги гаплар билан фикрларига якун ясади:
“Биз режалаштирилган барча операциялар муваффақиятли амалга оширилганидан жуда хурсандмиз. Болажонларнинг ота-оналари ва яқинларининг шодлигига шерикмиз. Кичкинтойларга соғ-омон бўлиб, ўз яқинларини хурсанд қилиб юришларига тилакдошмиз”.