“Панама архиви”да Лионель Мессидан ташқари Сурия президенти Башар Асаднинг жияни, Исландия Бош вазири ва бошқа бир қатор машҳур инсонларнинг ноқуний фаолиятлари қайд этилган.
Панамада жойлашган Mossack Fonseca юридик фирмасига тегишли, дунёнинг бир неча давлат раҳбарлари ва уларнинг қариндошлари ҳақидаги қирқ йиллик махфий ҳужжатлар номаълум йўл билан журналистлар қўлига тушиб қолди.
“Халқаро терговчи журналистлар консорсиуми” маълумотларига кўра, ошкор этилган маълумотлар Сурия президенти Башар Асаднинг жиянларидан тортиб, Исландиянинг демократик йўл билан сайланган бош вазиригача тааллуқли.
“Панама архиви”да номи тилга олинган одамлар ҳар қандай қонунбузарликни инкор этдилар ва уларнинг кўпчилиги бирор-бир ноқонуний иш олиб боргани ҳақида далиллар йўқ. “Халқаро терговчи журналистлар консорсиуми” (ICIJ) 140 нафар сиёсатчи, мансабдор шахслар ва машҳур инсонларнинг офшор холдинглари ҳақидаги ҳужжатларни ошкор қилди.
Шу ўринда, бир қатор саволларга аниқлик киритиб олсак: “Панама архиви” нима ўзи?
Панама юридик фирмаси Mossack Fonseca архивида 11 миллион материал ва 2,6 терабайтлик маълумотлар мавжуд. Мазкур ҳужжатлар 1977 йилдан 2015 йилнинг декабрига қадар фирма фаолияти ҳақида гувоҳлик беради. Архив ҳужжатларда бир неча миллиард доллар маблағларнинг яширинча офшор қилингани ҳақида ёзилган.
Панама юридик фирмасининг архив ҳужжатлари номаълум йўл билан Süddeutsche Zeitung немис газетаси қўлига тушиб қолди ва дарҳол ICIJ’га топширилди. ICIJ архив ҳужжатларини тадқиқ қилиш учун бутун дунёдан 107 та ОАВни жалб этди. Мазкур иш устида, жами 400 журналист иш олиб борди.
“Панама архиви”да кимларнинг номи бор?
“Панама архиви”даги офшор компаниялар ва уларга алоқадор шахсларнинг тўлиқ рўйхати 2016 йилнинг май ойида чиқади. ICIJ нинг тасдиқлашича, рўйхатда 12 нафар амалдаги ва собиқ давлат раҳбарлари, 148 та сиёсатчи ва машҳур шахсларнинг номлари бор, шу билан бирга “Барселона” жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси ҳам.
Mossack Fonseca нима?
Панама компанияси 1986 йилда унча катта бўлмаган Рамон Фонсека ва Юрген Моссак юридик фирмаларининг бирлашуви натижасида ташкил топган. “Панама архиви”нинг 1977 йилдан 1986 йилгача бўлган ҳужжатлари икки фирма бирлашувидан олдинги вақтларни қамраб олади.
Mossack Fonseca офшор компанияларни рўйхатга олиш билан шуғулланади. Панама ва бошқа шунга ўхшаш “солиқ жаннат”лари қонунларига биноан, мазкур давлатларда маҳаллий воситачисиз, мустақил равишда компания очиш ва солиқ имтиёзларидан фойдаланиш имконсиз. Mossack Fonseca’нинг ҳужжатларида 200 та давлат фуқаролари томонидан тузилган жами 214.488 та офшор компанияларининг рўйхати келтирилган.
Юридик компания нафақат Панамада, балки бошқа шунга ўхшаш ҳудудларда, шу жумладан Британияга тегишли Виргин оролларида ҳам фаолият олиб боради.