Ёзда маҳсулотларни узоқ вақт яхши сақлаш учун керакли тавсиялар бугунги #Lifehack лойиҳасида.
Харид вақтида яхши кўмакчи
Энг аввал ишни хариддан бошлаганимиз яхши. Харид қилишга отланишдан олдин кўпчилик керакли нарсалар рўйхатини тузиб олади. Бу анъанавий усул, лекин рўйхатни унутиб қолдиришингиз ёки йўқотиб қўйишингиз мумкин. Шундай ҳолатга тушиб қолмаслик учун, яхшиси, музлатгичингизда нима борлигини суратга олинг. Телефон доим ёнингизда бўлишига ишонамиз. Расмга қараб, ўзингизда йўқ нарсаларни харид қилаверасиз.
Кўкатлар сўлимаслиги учун
Ёзда таом ва салатларни кўкатларсиз истеъмол қилмаймиз. Кўкатни сувга солиб, устидан целлофан пакет билан ўраб қўйса, у янгилигини сақлаб қолади.
Пишлоқ қуримаслиги учун
Музлатгичдаги пишлоқ қуриб қолмаслиги учун унга сариёғ суриб қўйинг. Шунингдек, уни ўраб-чирмаб ташламанг, сабаби пишлоқ ҳаво олиб турса узоқ вақт ўз сифатини йўқотмайди.
Кесилган олма қораймаслиги учун
Кесилган олма бўлакларига лимон суви сиқиб сурилса, нафақат улар қораймайди, балки янада оқаради.
Нон моғорламасин десангиз...
Уни целлофан пакетда эмас, махсус қопқоқли идишда сақланг. Бундан ташқари, нон маҳсулотлари музлатгичда жуда яхши ва узоқ муддат сақланади. Истеъмолдан олдин фақат керакли қисмини олиб, иситиб ёки совуқлигича ейиш мумкин.
Чойни тез совитиш
Иссиқ кунларда қайноқ чой ёки қаҳва унчалик ҳам хуш келмайди. Лекин ўзбекчиликда чойсиз таом истеъмол қилинмайди. Агар чойингиз тезроқ совишини хоҳласангиз, унга 3-4 та чой қошиқ ёки 1-2 дона ош қошиқ солиб қўйинг.
Гўшт маҳсулотлари
Бугун харид қилинган гўштдан эртаси куни овқат қилмоқчи бўлсангиз, уни совутгичнинг музхонасига эмас, қопқоғи бор идишга қўйинг. Музхонада эса гўшт узоқ вақт яхши сақланади. Фақат уни фольга қоғозга ўраш керак.
Колбасани эса пергамент, яъни озиқ-овқат қоғозига ўраш лозим.
Унга мита тушмасин десангиз...
Ун сақлайдиган қутига дафна япроғини солиб қўйинг. Агар мита тушган бўлса, уни совуқ жойга ёки музлатгичга солсангиз, ҳашаротлар ўлади. Кейин унни элаб, ишлатиш мумкин.
Бу маслаҳатларга одатда ўзим риоя қиламан. Ҳаммаси жуда оддий, бироқ фойдали.