...
МЕНЮ
ONLINE TV

Янги лойиҳа: #Lifehack. Картондан ясаладиган зарур жиҳозлар (видео)


11:46, 24.04.2017 Бу қизиқ
 5 656

Одатда кундалик ҳаётдаги оддийгина буюмлар ҳам ишимизни осонлаштириб, мураккаб ҳолларда ёрдам бериши мумкин.

Одатда кундалик ҳаётдаги оддийгина буюмлар ҳам ишимизни осонлаштириб, мураккаб ҳолларда ёрдам бериши мумкин. Жумладан, органайзер, ғилоф, турли буюмлар учун мўлжалланган қутилар. Буларни агар озгина вақт ва қунт бўлса, ҳар бир киши ўз қўли билан ясаши ҳам мумкин.
 
#Lifehack, яъни турли тавсияларга бой янги лойиҳамиз орқали сизни бу борадаги керакли маълумотлар билан таништириб борамиз. Бугун картондан ясаладиган жуда оддий, бироқ кундалик ҳаётда асқотадиган бумларни ўрганишингиз мумкин.
 
Кабель ва шнурлар учун махсус органайзер


 
Сиз ҳам телефон қувватлагичини ёки шунга ўхшаш бошқа шнурни излаб, соатлаб хуноб бўлганмисиз? Айниқса, уларни топгач, бир нечтаси бир-бирига ўралиб, чигал бўлиб қолганини кўрсангиз, фиғонгиз фалакка чиқиши турган гап. Бироқ сизда суратда тасвирлангани каби оддий органайзер бўлса, бундай асаббузарликларга чек қўясиз.Уни ясаш жуда жўн.
Бунинг учун:
 
  • картон ўрамалар (хожатхона қоғози ёки қоғоз сочиқчаларда шу каби ўрамалар бўлади);
  • картон қути (пойафзал қутиси айни муддао);
  • ўрамаларни ёпиштириш учун скотч ёки елим.
 
Ўрамаларни бир-бирига ёпиштириб, қутига жойлайсиз. Кабелларни бу қутига солиш жуда қулай. Хоҳласангиз, каттароқ буюмлар учун қутида бўш жой ҳам қолдиришингиз мумкин. Асосийси, энди симлар йўқолмайди ва чигал бўлмайди.
 
Ўқув қуроллари учун органайзер


 
Бу каби органайзернинг тайёрини дўконлардан харид қилишингиз мумкин, албатта. Бироқ ўзингиз ясасангиз, ҳам арзон, ҳам чиройли бўлади.
 
Керакли буюмлар:
 
  • турли ўлчамдаги озиқ-овқатлар қутиси;
  • безатиш учун рангли қоғозлар ёки скотч;
  • қайчи;
  • картон ўрамалар.
 
Қутиларни катта-кичиклигига қараб бир-бирига ёпиштирамиз ва рангли қоғозлар ёки қалин скотч билан безаймиз. Энг кичик қутига картон ўрамаларни ўзаро маҳкамлаб, жойлаштирамиз. Бу ручка ва қаламларни солиш учун жуда қулай.
 
Худди шунга ўхшаш қутини фақатгина журналлар учун ҳам ясаш мумкин.
 
Пойабзаллар учун учбурчакли жавон

  • картон;
  • қайчи;
  • чизғич ва қалам;
  • қалин скотч.
 
Бу жавон учбурчак бўлимлардан иборат. Уларнинг ўлчами пойабзалнинг ўлчамига боғлиқ.
 
Уни ясаш учун картонни қалам ва чизғич ёрдамида учга бўлиб оламиз ва буклаймиз. Қисмларни учбурчак шаклида қалин скотч билан бирлаштирамиз. Худди шундай кўринишда яна бир неча намуналар ясаб оламиз. Учбурчак бўлимлар мустаҳкам бўлиши учун ҳар бир қаватни картон қоғозга ёпиштирамиз. Жавоннинг устига ҳам картон қоғоз қўйиш мумкин.
 
Бу каби жавон, айниқса, болалар пойабзали учун мос тушади. Агарда рангли скотчлардан фойдаланилса, янада чиройли чиқади.
 
Шунингдек, картондан яна кўплаб махсус қутилар ва органайзерлар ясаш мумкин. Буни қуйидаги видеолавҳаларда ҳам кўришингиз мумкин.
 
Лойиҳамизни кузатиб боринг. Унда яна қандай тавсияларни кўришни хоҳлайсиз? Фикрларингизни кутиб қоламиз.
Сумбула

Теглар:тавсия Lifehack 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!