...
МЕНЮ
ONLINE TV

Лазиз Тангриев: “Қонунни менсимайдиган “журналистлар” ва ОАВларга қарши муросасиз курашамиз”


17:56, 04.08.2017 Жамият
 3 797

Нега биз дўкондан сифатсиз, муддати ўтган маҳсулот олсак, сотувчи билан ёқа бўғишамизу маънавиятимизга зарба бераётган, саводсизликни урчитаётган, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётган хусусий оммавий ахборот воситалари ва нашриётларга миқ этмаймиз.

Бир пайтлар ёш ёзувчи ёки шоир асар ёзса, уни эълон қилишдан олдин ўйланиб қоларкан: “Бу ёзганимни ўқиб, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Ойбеклар нима деркин. Устозлардан балога қолсамчи” деган андишага бораркан. Ҳозирги маза-матрасиз мақолалар, шеъру ҳикояларни кўриб, хашаки ёзувчиларда уят, инсоф  йўқмикан деб қоласан.
 
Турли хусусий газета-журналлар, нашриётлар ижод маҳсулларининг савияси пастлиги, бадиий саёзлиги одамни хавотирга солади. Бунга сабаб соғлом, холисона танқиднинг, дўстона аччиқ гапнинг, устозлар насиҳатининг етишмаётганидир.
 
Бу ҳақда Президентимиз 3 август куни зиёлилар билан бўлган учрашувда ҳам куюниб гапирдилар. Бу соҳанинг тижоратлашувига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди, дедилар.
 
Нега биз дўкондан сифатсиз, муддати ўтган маҳсулот олсак, сотувчи билан ёқа бўғишамизу маънавиятимизга зарба бераётган, саводсизликни урчитаётган, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётган хусусий оммавий ахборот воситалари ва нашриётларга миқ этмаймиз.
 
Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бундай “ишбилармонлар”га қарши аёвсиз кураш олиб боради. Энди уларни “қонунни бузманг” деган юмшоқ ва сип-силлиқ тақдимномалар юбориб, огоҳлантириш эмас, балки қилётган номаъқулликларини кўрсатиб, халқимиз, жамоатчилик олдида изза қилиш фурсати етди.
 
Юртбошимиз айтганларидек, бу балога қарши жамоатчиликни уйғотмасак, бир жаҳолатга ўн маърифат билан жавоб бермасак у кун сайин мадда бойлаб бораверади.
 
Шу кундан бошлаб Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги соҳа қонунларини менсимайдиган, миллий қадриятларимизни оёқ ости қиладиган, пул топаман деб журналистика шаънига доғ туширадиган “ҳамкасбларимиз”га қарши муросасиз кураш олиб боради.
 
Айримлар бор. Журналистикадан мутлақо йироқ. Ҳатто касбининг тайини ҳам йўқ. Тижоратда ўзини у тошга уради, бу тошга уради-да, омади чопмаса шундай дейди: “Ҳамма ишни қилиб кўрдим, энди бир газета ёки нашриёт очиб кўрай”. Ахир эркинлик ниқоби остида мўътабар ижод бўстонини пайҳон қилишга, муқаддас қалам обрўсини ерга уришга унга ким ҳуқуқ берди.
 
Маънавиятимизнинг дўсти киму душмани ким халқимиз очиқ билсин.
Лазиз Тангриев,
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори

Теглар:Лазиз Тангриев Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар