Бу ҳақда чоршанба куни Париждан шарқда жойлашган Венсен қасрида топилган француз махсус хизматининг архив ҳужжатлари гувоҳлик бермоқда
Ҳужжатларнинг бирида ёзилишича, “Шанель хоним 1942-1943 йилларда барон Ганс Гюнтер фон Динклагенинг маъшуқаси ва жосуси бўлган. Ганс Гюнтер 1935 йилдан Германиянинг Франциядаги элчихонасидан атташе лавозимида ишлаб келган. У тарғибот билан шуғулланган ва биз ундан немис агенти деб шубҳаланамиз”.
Архив сақловчиси Фредерик Кугинеранинг фикрига кўра, мазкур ёзув Коко Шанелни 1919-1944 йилларда фашистлар Германиясининг ҳарбий разведкаси ва контрразведкаси органи – абвер агенти сифатида фаолият юритганига ишора қилмоқда.
Бир неча йил олдин, Коко Шанелнинг Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашист разведкаси билан ҳамкорлик қилгани ҳақида америкалик журналист Хел Воун айтган эди. Воун ўзининг “Душман билан тўшакда. Коко Шанелнинг махфий уруши” китобида бутун дунёга машҳур мода яратувчиси 1940 йилда ҳарбий разведка томонидан ёллангани ҳақида ёзган. Муаллифнинг сўзларига кўра, абвер Шанелга Агент Ф-7124 код белгисини ва “Вестминстер” тахаллусини берган.
Журналистик фаолиятгача АҚШнинг разведка ва дипломатик тузилмаларида ишлаган Воуннинг айтишича, Коконинг бу ишни қилишидан мақсад “Шанель” атторлик маҳсулотларига бўлган ўз ҳуқуқларини кафолатлаш бўлган. Мазкур савдо белгиси ака-ука Вертхаймерлар уйи эгаларининг молиявий назорати остида бўлган. “Шанель” компанияси 2011 йил бу айбловни рад этди.
1971 йил Парижда вафот этган Коко Шанель ХХ асрнинг юз нафар энг нуфузли одамларидан бири сифатида тан олинган. Унинг услуби, муаллифлик коллекциялари шу кунгача элегантлик намуналари ҳисобланади.