Шимолий Корея пойтахти Пхеньянда фақат битта россиялик яшайди.
“Бизнинг элчихонамиз Владимир билан доимий алоқада, уни йўқлаб турамиз ва меҳмонга чақирамиз, зарур пайтда ёрдам берамиз. Россия фуқароси сифатида у мамлакатда бўладиган сайловларда қатнашади. Шу сабаб 18 март куни Владимир Пхеньяндаги дипломатик миссиямиз Консуллик бўлимида очилган №8163 сайлов участкасига овоз бергани келади”, деб хабар берди РФ нинг КХДРдаги элчихонаси ўзининг Facebook’даги саҳифасида.
Россия дипломатларининг айтишича, Владимирнинг отаси Шимолий Корея фуқароси, 1950 йилларда Камчаткада хизмат сафарида бўлганда ўша ерлик қиз билан танишган ва оила қурган. Улар ўғил фарзанд кўрган. Отасининг шартномаси тугагандан сўнг Владимирнинг оиласи Шимолий Кореяга қайтган ва Вонсан шаҳрида яшаган. Эрининг вафотидан сўнг она Россияга қайтади, Владимир эса ўз бахтини топгани учун КХДРда қолиб оила қуради.
Маълумот учун, Россия президентлиги учун сайловлар шу йилнинг 18 март куни бўлиб ўтади. Сайловда амалдаги давлат раҳбари Владимир Путин ҳам қатнашади.