Бутун дунё ҳамжамияти Корея ярим оролини ядровий қуролдан ҳоли ҳудудга айлантиришга ҳаракат қилиши керак.
Лекин, дунё миқёсида жуда катта амалий тажриба ҳамда назарий билимга эга бўлган эксперт ва дипломатлар борки, бутун дунёдаги давлатлар ўзларининг олиб бораётган ташқи сиёсатида уларнинг фикри билан ҳисоблашади. Дунё миқёсида тан олинган халқаро эксперт, 1969-1977 йиллар давомида АҚШнинг Давлат котиби сифатида ташқи сиёсатини белгилаб берган дипломат Генри Киссинжернинг Корея ярим ороли бўйича қарашлари ҳам ўқувчиларни ҳам бефарқ қолдирмайди.
Генри Киссинжер АҚШ сенатида қилган чиқишида бугунги кунда халқаро хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш учун биринчи навбатда Шимолий Корея масаласи бартараф этилиши керак, деб баёнот берди.
Шу билан бирга, Генри Киссинжер халқаро жамоатчиликни КХДРнинг ядровий давлат, деб тан олиниши ядровий қуроллар тарқалмаслиги режимининг бузилишига олиб келиши ҳақида огоҳлантирди. Агар Шимолий Корея ядровий давлат, деб тан олинса Жанубий Корея ва Япония ҳам ўз ядровий қуролларини яратишни хоҳлаб қолишади, деб қўшимча қилди.
Унинг фикрига кўра, Шимолий Кореянинг расмий равишда ядровий давлат деб тан олиниши АҚШнинг бошқа давлатларнинг бундай қуролдан фойдаланиш истагини тийиб туриш имконини пасайтиради. Шунинг учун бутун дунё ҳамжамияти Корея ярим оролини ядровий қуролдан ҳоли ҳудудга айлантиришга ҳаракат қилиши керак.
У ўз навбатида АҚШни Шимолий Кореяга нисбатан бир томонлама ҳаракат қилишдан қайтарган.
Генри Киссинжер ўз сўзида, “Шимолий Корея масаласини олдиндан зарбалар бериш эвазига ҳал қилишга уриниш эҳтимоли катта. Аммо, мен Россия ва Хитой чегараси яқинида бир томонлама урушни маслаҳат бермайман. Чунки бундай ҳолатда дунёнинг жуда кўп давлати АҚШни қўллаб-қувватламайди”, деган.
Унинг билдиришича, АҚШ Шимолий Кореяни ядровий қуролдан воз кечтириш мақсадида таъсир ўтказишда Хитойнинг қўллаб-қувватлашига эришиш керак. Шунингдек, Россия ва Хитой томонидан илгари сурилган АҚШнинг минтақада ҳарбий машқлар ўтказишини тақиқлаш эвазига КХДР нинг ядровий қуроллар ва ракета синовлари ўтказишига чекловлар эълон қилиш ҳақидаги ташаббуси ҳарбий иттифоқларнинг бузилишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида ҳам огоҳлантирган.
Бундан олдинроқ Россия ва Хитой АҚШнинг минтақада ҳарбий машқлар ўтказишини тақиқлаш эвазига КХДР нинг ядровий қуроллар ва ракета синовлари ўтказишига чекловлар эълон қилишига эришиш тўғрисидаги ташаббус билан чиқишга эди.