Анчайин кексайган, озиб, аввалги кўринишини деярли йўқотган хонанданинг аҳволини у қадар ижобий дейиш бироз мушкул.
Бир вақтлар Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова билан “Нозанин”, “Тегаман”, “Айтмасам” каби дуэт қўшиқларни куйлаб, тингловчилар тилига тушган Руслан Шарипов бундан икки йил аввал яна кўзга кўринб қолган эди. Хонанда Дилдора Ниёзова уни топиб, икки марта дуэт куйлашга муваффақ бўлди. Бу дуэтлардан сўнг кўпчиликда “Руслан Шарипов яна санъатга қайтибди, энди кўп санъаткорларнинг нони яримта бўладиган бўлди”, деган фикр пайдо бўлганди. Йўқ, бундай бўлмади. Шарипов яна йўқ бўлиб кетди.
Шариповга оид ижтимоий тармоқларда тарқалган суратлар интернет фойдаланувчилари орасида муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бир вақтлар машҳур бўлиб, бугун саҳнадан буткул йироқда юрган хонанданинг қўшиқларини соғинганлар кўплиги уларнинг ёзиб қолдираётган фикрларидан англаш қийин эмас.
Бир вақтлар ўзбек шоу-бизнесининг ривожланиб жараёнида меҳнат қилиб, эстрада оламига ўзининг катта ҳиссасини қўшган, кўплаб хонандаларнинг машҳур бўлишига сабабчи бўлган хонанда ва бастакор Руслан Шариповнинг эътибордан четда қолиши сабаблар мавҳум.
Бугун Кумуш Раззоқова, Козим Қаюмов, Азим Муллахонов каби ўз даврининг таниқли хонандалари ёшларга ўрнак қилиб кўрсатилиб, уларнинг босиб ўтган йўл, ижодий мактаби, қўшиқларидан фойдаланилаётган бир пайтда Руслан Шариповнинг тажрибасини ҳам эстрадага тадбиқ этиш, уни ижодга қайтаришга ҳаракат қилиб кўриш, унинг иқтидоридан унумли фойдаланиш керакдир, балки.