Судланувчи Санъат Умаров ва жабрланувчи Н.Тошматованинг кўрсатмалари тингланди.
Санъат Умаров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми, 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) 2-қисми “а”, “з” бандларида ва 241-1 моддасида (жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланяпти.
19 октябрь куни бошланган суд мажлисларида айблов хулосаси ўқиб эшиттирилди, судланувчи Санъат Умаров ва жабрланувчи Н.Тошматованинг кўрсатмалари тингланди. Суд тергови ўтказилиб, унда гувоҳлар сўроқ қилинди. Суд жараёни давом этаяпти.
Санъат Умаров 1988 йилда Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, оилали, муқаддам судланмаган, Каттақўрғон шаҳри ИИБ катта тезкор вакили лавозимида ишлаган.
Жорий йил июль ойи бошида ижтимоий тармоқларда ИИБ биносида ички ишлар ходими бир аёлни ечинишга тасвирланган видео тарқалганди. Видеода ходим аёлни ҳақоратлаб, унинг инсоний ҳуқуқларини поймол қилгани тасвирланганди.
Мазкур ҳолат ҳам маҳаллий, ҳам халқаро ОАВда жиддий эътирозларга сабаб бўлганди. Кейинроқ воқеа “қаҳрамони” Санъат Умаров экани ойдинлашиб, у ҳибсга олинганди.