Тошкент шаҳрида 15 мартдан бошлаб чорраҳаларга ўрнатилган камералар томонидан қайд этилган қоидабузарликлар учун ҳайдовчиларни жаримага тортиш механизми синов тариқасида ишга туширилгач, жарималар сони кескин ортиб кетди.
Мазкур механизм ишга туширилгач, 1 сутка мобайнида жами 10 мингдан ортиқ қоидабузарлик ҳолатлари қайд этилган.
Бу ҳақда бугун, 16 март куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида бўлиб ўтган навбатдаги брифингда маълум қилинди.
Маълумки, бундан бир неча йил аввал Тошкент шаҳридаги 120 та чорраҳага кузатув камералари ўрнатилган эди. Шу бугунгача тест режимида ишлаган камералар томонидан эндиликда қайд этилган қоидабузарликлар учун ҳайдовчиларга жарима солинади.
Мазкур тизим ишга туширилиши светофорлар иш фаолиятини оптималлаштириш имконини беради. Натижада, транспорт воситаларининг чорраҳалар олдида тўхтаб туриши, двигателлардан чиқаётган заҳарли газлар миқдори камайиб, шаҳардаги экологик ҳолат анча яхшиланади.
Аммо бир сутка мобайнида қоидабузарликлар сонининг 10 мингдан ортиб кетиши сабаблари, мазкур ҳолатга ҳайдовчилар фикрлари ҳақида “qalampir.uz” сайти махсус мақола тайёрлашни режалаштирмоқда.
Сайтимизни кузатиб боринг.