Айни дамда мазкур иш юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Дастур муаллифлари Нозима Воҳидова ҳамда Нилуфар Умрзоқованинг қўлига ушбу видео томошабинлар орқали етиб келган ва ТВда намойиш этилган лавҳалар видеодан парча, холос. Тўлиқ видеода эса бундан ҳам аянчли лавҳалар борлигини айтади журналист Нозима Воҳидова.
“Бу видеонинг тўлиқ талқинини кўрганимиздан кейин на тунимизда, на кунимизда ҳаловат бўлди. Биз Нилуфар билан видеодаги қизалоқнинг ота-онасини топдик. Боланинг онаси айни дамда Туркияда истиқомат қилади. Билишимча, у ҳам оиладаги можаролардан сўнг мамлакатдан чиқиб кетган. Ушбу видеога асосланган ҳолда кўрсатувни суратга олишни бошлаганимизда боланинг онаси билан боғландик ва уни дастурда иштирок этишга кўндирган эдик, бироқ орадан бироз муддат ўтиб аёл фикридан қайтди”.
Маълумотларга қараганда, ўз қизини аёвсиз калтаклаётганини видеога олган ота ушбу видеони интернет орқали унинг онасига, яъни турмуш ўртоғига жўнатган. Видео шу тариқа тарқалган. Журналист Нилуфар Умрзоқова кўрсатувни тайёрлаш жараёнида дуч келган ҳолатларини баён этаркан, қизчанинг онаси уларга таҳдид қилганини айтади:
“Агар биз бу лавҳани кўрсатсак, уларнинг оиласини шармандаликка тутган бўларканмиз. Улар бизни жавобгарликка тортишларини айтиб, таҳдид қилишди. Агар бу лавҳани кўрсатмаганимизда жавобгарлигимиз минг марта ортар эди”.
Айни дамда мазкур иш юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.