Тезроқ юрсангиз, юринг ёки югуришга қодир ёшларга йўл беринг. Ўз кўрпамизга ўраниб олмасдан дарчаларни озгина очиб, матбуотимизга ҳам тоза ҳаво киргизиш мавриди келди.
Устозлар “шогирдлар қалам тебратган экан, бироз хатосини кўрайлик”, деган доимий одати билан ўқиётган бўлса, ажаб эмас. Шу жойга келганда тўхтанг. Дўппини ечиб қўйган ҳолда сиз ҳам шогирд бўлиб мақола ўқиб кўринг.
Бугун замон шиддат билан ўзгармоқда. Одамлар дунёқараши ўзгармоқда. Онг ва тафаккур ривожланмоқда. Техника тараққиёти шу даражада тараққий этмоқдаки, ҳатто, ўртага ташлаган муаммоларнинг ечимини ўйлагунча ҳал этилиб, кейинги муаммо пайдо бўлмоқда.
Бугун қайсики газета ва журналларни варақламайлик, ҳар бир мақола иккита сўз билан бошланади: “Мустақиллик” ёки “Истиқлол”. Гўёки шу сўз билан бошланмаса, мақолани ҳеч ким ўқимайдигандек. Биз ижодкорларнинг онг ва шуурига шу даражада сингдирилганки, мана шу икки сўзсиз ҳаёт тўхтаб қоладигандек. Бу икки бебаҳо сўзни шу даражада кўп ишлатганимиздан, унинг қиймати ва қиммати оёқ ости бўлмоқда. Телеэкран ва радиоларда ҳам мана шу икки сўз салом-аликдан кейин, албатта, ишлатилиши шарт. Буни устозлар ҳар бир шогирд қулоғига ёзилмаган қомус сифатида қўрғошиндек қуйиб қўйишган. Ҳар бир мавзу, ҳар бир лавҳа, ҳар бир кўрсатув “Мустақиллик йилларида...”, “Истиқлол йилларида барча соҳаларда бўлгани каби...” сўзлари билан бошланиши фарз бўлиб қолгандек.
Мустақиллигимизнинг мана иккинчи чорак асри ҳам бошланди. Энди бу буюк сўзнинг сийқасини чиқаришни бас қилсак ҳам бўлар. Халқ ҳам ушбу икки сўздан зада бўлиб кетди. “Яхшиям мустақил бўлган эканмиз, бўлмаса бу бечора журналистлар нимани гапиришар эди” деган кинояларни ҳам эл оғзидан эшитдик. Устозларга бир ўтинчим, шогирдларнинг мана шу икки сўзсиз ижод қилишига изн беринг. Бу бебаҳо сўзни ҳар жойда, ҳар дақиқада ишлатавериб қадрини оёқ ости қилмайлик. Мустақиллик – бу улуғ неъмат. Уни асрайлик, эъзозлайлик. Уни мажбуран тилларга солиб, диллардан бездирмайлик. Уни тилда ишлатмасдан шундай мадҳ этингки, токи дилларга жо бўлсин.
Ижодкор халқида бир тушунча бор: шогирд – хато қилгувчи, устоз – тўғрилагувчи. Бу жуда тўғри фикр. Шогирд хато қилиши мумкин. Лекин... Устозлар тўғриловчилик қилмаяпти. Аниқроқ қилиб айтсак, улар “қолипга солгувчи” бўлиб қолмоқда. Бизда ўтган асрнинг 80, 90-йиллар қолиплари бор. Ҳаттоки 60-йилларнинг қолипларини ҳам асраб-авайлаб келмоқдамиз. Муҳтарам устозлар, сизда ҳаётий тажриба кўп. Аммо ҳар дақиқа, ҳар сония шиддаткорона ўзгариб бораётган замонда сизнинг тажрибаларингиз ўзгармадимикан?! Бутун дунё журналистикаси “Тескари пирамида”га ўтганига ярим асрдан ошди. Биз эса ҳали-ҳануз қачонлардир “даҳо” устозлар яратган қолип ичида ижод қилмоқдамиз. Бугунги кунда амалда бўлган қолип ихтирочиларининг ўзлари ўтиб кетган бўлишса-да, уларнинг усулларини ардоқлаб келамиз. Авлодлар алмашинуви давом этаётгандир. Аммо қолиплар неча-неча аждодлардан ўтиб мерос бўлиб келмоқда. Янги авлод ҳам қасамёд қилгандек, ўтмиш қолипларига содиқ қолмоқда. Энди бу қолипларни асраб-авайлаб музей пештахталарига қўймоқлик даври келмадимикан?!
Техника асрида шафқатсиз вақт янада жадаллашган. Шиддат билан ўзгариб бораётган замон устозларимизнинг ҳурматини қилиб қараб турмайди. Шундай экан, устозлар, замон сизга боқмаса, сиз замонга бир бора боқинг. Юртимизда ислоҳотлар даври бошланган бир даврда барча соҳалар жадаллашмоқда. Соҳаларнинг олдинги қаторларида юриши лозим бўлган журналистика бугун олдинга илдамламасликка мажбур этилган. Сабаби эса соҳамизнинг олдига тушиб олган ўтмиш устозларининг ҳурмати ўлароқ. Устозлар, ўтмишдаги эришган ютуқларингиз ҳурмати туфайли бугун товон тўлаб, келажак журналистикасини барбод қилмайлик. Тезроқ юрсангиз, юринг ёки югуришга қодир ёшларга йўл беринг. Ўз кўрпамизга ўраниб олмасдан дарчаларни озгина очиб, матбуотимизга ҳам тоза ҳаво киргизиш мавриди келди. Айни дамдаги ислоҳот насимларидан журналистлар ҳам тўйиб нафас олсин.
Биз ижодкор халқида бир қусур бор: қўлимизга бирон бир ижод маҳсули тушса, олдин муаллифига разм соламиз. Ҳеч ким танимайдиган ҳаваскор муаллиф бўлса, ундан хато қидирамиз. Мабодо машҳур ёзувчи бўлса, ҳар бир жумласидан маъно қидирамиз, ҳаттоки хато қўйилган ҳар бир нуқта-вергулидан ҳам ўзимизча маъно ясаймиз. Юқори баҳо берамиз, таҳсинлар ўқиймиз. Гарчи унда ҳеч қандай пичоққа илинадиган мазмун-моҳият бўлмаса-да.
Лавозими баланд бўлган ижодкор ёки раҳбарнинг материалини дўппини ечиб қўйган ҳолда ўқиймиз. Лавозим жиҳатидан паст бўлган ходимнинг ижодини қўлда қалам билан ўқиймиз. Гуёки ходимнинг материалидан биргина хато топа олмасак, раҳбарлигимизга нуқта қўйиладигандек ҳадик билан яшаймиз. Ҳар бир жумласидан биргина хато топиб чизамиз, қирқамиз. Ҳеч қандай асосли хато топа олмасак, “аммо” ўрнига “лекин”, “лекин” ўрнига “бироқ” сўзини алмаштирамиз. Аммо лекин бироқ биргина жумла қўшиб бойитишга ожизмиз. Шу жойга келганда ушбу кетма-кет келган синоним сўзларнинг ораларидаги вергул тушиб қолибди, деган фикр хаёлингиздан ўтди. Йўқ, хато қилмадим. Атайин шундай ёздим. Ушбу синонимларни вергулсиз овоз чиқариб яна бир бор такрорлаб кўринг. Қандай жарангдор чиқишини англаб етасиз.
Ҳар бир соҳанинг ўз қонун-қоидаси бор. Лекин ижодда қоида бўлмаслиги лозим. Ижод қилишда қоида ўрнатилдими, демак бу – ишлаб чиқариш (конвейер) бўлиб қолади. Биргина мисол: Мир ҳазрат Алишер Навоий “бузғунчилиги” сабабли Навоий бўлиб танилди. Ўша давр иждокорлари форсий тилда ижод қилиб келган бўлса, Навоий бу қатъий анаъанани матонат ила буза олди. У биринчи бўлиб туркий тилда ижод қилиб бутун дунё ижод аҳлини лол қолдирди.
Узоққа бормайлик. Замондош машҳур ижодкорлардан яна бири Тоғай Мурод ҳам қўпол “бузғунчилиги” боис Тоғай Мурод бўлиб танилди. Ўзбек романчилигида ўрнатилган метин қоидани бутунлай бузиб ташлади. Ҳаттоки, филолог даҳоларимиз асос солган “эга-кесим” кетма-кетлиги ҳам ижодкор аҳли учун зарур эмаслигини исботлаб берди.
Яна ҳам яқинроқдан мисол қидирадиган бўлсак, “Ёшлар” телерадиоканалидаги “Ош бўлсин!” кўрсатуви. Таом тайёрлашни ўргатадиган ўнлаб кўрсатувлар бор. Аммо мазкур кўрсатувнинг муаллифи Гулҳида Жўраеванинг “бузғунчилиги” боис “Ош бўлсин” кўрсатуви томошабинлар орасида машҳур бўлиб кетди. Агарда Гулҳида Жўраева ҳам бир замонлар ясалган қолип ичида ижод қилганда, уни ҳеч ким танимаган бўлар эди. Бугун уни юртимизда 7 ёшдан – 70 ёшгача ҳамма танийди. Албатта, “бузғунчилиги” сабабли.
Бугун қай бир матбуотимизни варақламайлик, улардаги ҳар бир мақола “қизил” гаплар билан бошланади. Одатда мен мақоланинг мазмунини англаб етмоқчи бўлсам, бир саҳифалик мақоланинг қоқ ўртасидан бошлаб, икки жумла ўқийман. Мақоланинг асл мағзи ўртасида келади. Чунки бошидаги ярим саҳифа шаблон гаплар билан тўлдирилади ва икки жумлада воқеа-ходиса айтиб ўтилади-да, кейин яна ярим саҳифа шаблон гаплар билан тугайди. Матбуотимизнинг “отахон” ва “онахон” газеталарида бу авж олган. Бутун бошли катта газетада юз нафар ходим ижод қилса-да, таҳрир қилувчи бир нафар бўлса бас. Барча мақола бир услубда конвейер қилинаверади.
Аслида ҳақиқий журналист журналистика факультетига эндигина ўқишга кирган биринчи босқич талабасидир. Чунки улар ўзларининг янги ғоялари билан жўшиб ижод қиламан деб қайнаб туради. Аммо, иккинчи босқичга ўтавериб, амалиётга дуч келганда “чучварани хом санаганини” англаб етишади. Вақти келиб, бўлажак журналистлар ишга кирганда эса мажбурлаб қолипга солиб қўйилади. Тақдирингга кўнсанг шу, кўнмасанг катта кўча. Танлашга учинчи вариант бор. Аммо ундан умид ҳам қилма.
Бугун ўтган асрнинг ўрталарида ясалган қолипларда ижод қилувчи устозлар Сиздан илтимосим, олдингизга бош уриб келган ёш ижодкорларни қолипларингизга мажбурлаб солиб қўйманг. Тажрибаларингизни ўргатинг. Аммо қайси йўлда, қай йўсинда ижод қилишни ўзларига қўйиб беринг. Танлаш ҳуқуқидан маҳрум қилманг. Техника асридаги замон шиддат билан ўзгармоқда. Бугун тезкор ахборот асри. Информацияга чанқоқ бўлган одамлар асри. Информацияни халққа етказишда ҳаттоки, сонияларга кечиккан матбуотнинг маҳсулоти эскириб қолмоқда. Бугун мақола ёзиш учун “эга-кесимини” ёки боши ва охирига шаблон гаплар тузиб ўтирадиган замон эмас. Устозлар, қалбингизга қаттиқ ботса-да, Сиздан узр сўраган ҳолда шуни айтмоқчиманки, тақдирга тан бериб, ижод қилишни замон ёшларининг ўзига қўйиб берайлик. Ўзлари хоҳлагандек ўзларининг йўналишида, ўзларининг услубида ўйнаб-кулиб ижод қилишсин. Баҳони эса халқ беради.
Юртимиздаги юзлаб газета ва журналларни варақласангиз, ичидаги мавзулар, уларнинг бошланиши ва тугаши, ҳар бир жумлалари бир хил, барчасини биргина одам ёзиб бергандек. Йўқ, юзтасини юз нафар одам ёзган.
Аммо юзтаси ҳам бир қолипда ёзилган. Биз муштарийлардан хафа бўламиз. Бугунги кунда одамлар газета ўқимай қўйди, газета ва журнал ўқиш маданияти йўқолиб бораяпти, деган хархашаларни ҳам қиламиз. Газеталарда ўқийдиган нарса бўлса, албатта, ўқийди. Аммо қани ўша ўқишли мақолалар. Шундан кейин халқни мажбуран обуна қилиб, мажбуран ўқишга ундаймиз. Газетхонлар ҳам мажбуран обуна бўлгач, “пули куйган совун ебди” дегандек газетани олиб ичидаги расмларга бир разм солиб чиқади. Дарвоқе, матбуотимизнинг пешонасига битилган расмлар ҳам 60, 70-йиллар услубида ҳамон давом этиб келмоқда. Яъни, ўртада бир киши қўлида газета ёки китоб ёки бўлмаса ишлаб чиқарган маҳсулотини ушлаб туради, атрофида бир неча одам унга қараб турган бўлади. Ҳурматли устозлар, ҳеч бўлмаса, томоша қиладиган расмларни қолипдан чиқарайлик. Ачинарлиси, ушбу расмлар муаллифлари ўзларини профессионал дея таърифлашдан ҳам чарчамайди.
Муштарийни ўзига жалб қиладиган аслида мавзу ҳисобланади. Матбуотимиздаги мавзулар эса аксинча, ўзидан узоқлаштиради. Улар ҳам бобом замонидан қолган “қизил” гаплардан тузилган. Аниқроқ қилиб айтганда, мавзулар кимдандир қўрқа-писа қўйилгандек. Кимнингдир кўнглига қаттиқ ботмаслик ёки кимнингдир думини босиб олмаслик учун эҳтиёткорона қўйилгандек, назаримда. Аслида ҳам шундай. Мавзу қўйилаётганда шундай оддий қилиб қўйиладики, ҳеч кимнинг эътиборини имкон қадар тортмаслик керак.
Хулоса ўрнида шуни айтмоқчиманки, “мақола охирида хулоса бўлиши керак” дея устозлар бот-бот қулоққа қуйиб келишган. Бу анъанани ҳам бузиб кўрамиз. Мен муаммонинг келиб чиқиши, ечимини ўртага ташладим. Хулосани эса ўқувчи беради. Оддий бир журналист сифатида хулоса чиқаришга менинг ҳаққим йўқ. Хулоса мақолада эмас, расмий ҳужжатларда бўлади. Мен эса расмиятчиликни хушламайдиган ижодкор журналист,