...
МЕНЮ
ONLINE TV

Журналист бўлиш осонми? “Qalampir.uz” сайтида ишлаш-чи?


19:14, 15.07.2017 Жамият
 4 996

“Qalampir.uz”га 18 ёшдан 65 ёшгача бўлган кишилар мурожаат қиладилар. Уларнинг асосий қисмини 18-35 ёш оралиғидагилар ташкил этади. Фойдаланувчиларимизнинг 40 фоизи аёллар, 60 фоизи эркаклардир.

Бир қарашда оддий, халқаро ҳаёт, сиёсат, иқтисод, маданият ва санъат ҳамда ижтимоий ҳаётда рўй бераётган воқеаларни ўқувчиларга етказувчи сайтни бошқариш ҳам ташқаридан у қадар оғир кўринмаслиги аниқ. Бугун давр шиддат билан ривожланиб бормоқда. Кечагина одамлар газета, даврий нашрлар, телевидение ва радиосиз ҳаётини тасаввур қилолмаган бўлса, бугунга келиб, унинг ўрнини интернет эгаллади. Бу эса интернет ОАВларига катта имконият бўлиб хизмат қилмоқда. “Qalampir.uz” ҳам айни имкониятларнинг маҳсули, сизнинг эътиборингиз меваси.
 
Сайтимиз ташкил топганига бир ярим йил тўлди. Бу вақт давомида сайт ходимлари сизга минглаб мақолаларни тақдим этдилар. Қайсилари учун мақтов, қайсилари учун танбеҳ эшитдилар. Муаммолар биз сабаб ҳал этилганда, қаламларининг кучидан қувондилар. Асли журналист учун бундан ортиқ мукофот йўқ. Сиз ўқиб турган мақола эса сайтнинг 10000-мақоласи. Бу биз учун катта ютуқ. Зотан сайтимиз ташкил топгандан буён чоп этилган мақолаларнинг ҳеч бирини беэътибор қолдирмадингиз, сизнинг бизга бўлган ишончингиз эса бизга куч, ғайрат ва рақобат майдонида муносиб рақобатдош бўлишдек ишончни берди.
 
Дарвоқе, баъзиларга ёт бўлган муносиб рақобатдошлик масаласига бафуржа тўхталиб ўтсак: “Qalampir.uz” сайти ташкил этилибдики, Ўзбекистонда фаолият юритаётган давлат интернет-нашрларини инобатга олмаганда, ҳеч бир хусусий нашр материалидан яширинча фойдаланмади, плагиатга қўл урмади, бошқа нашрлар жамоасини ва улар меҳнатини ўзиники сингари қадрлади. Аслида фалончи сайт хабар беряпти, деб бировнинг тайёр меҳнатига эга чиқишдан, шу йўсин билан ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда ҳам ўқувчиларимиз сонини кўпайтиришдан осони йўқ. Лекин биз бундай ҳолатлардан йироқ турдик. Сабаби жуда оддий. Фалончи хабар беряпти, деб биз кимни алдаймиз, ўзимизними ё бизга ишонч билдирган ўқувчиларимизни? Биз ёзганлардан ўғринча фойдаланиб, ҳатто, номимизни ҳам тилга олмаганларга саломларимиз бўлсин!
 
Ҳа, узоқ дийдиё қилиб юбордингиз, деяпсизми? Йўқ, бу дийдиё эмас, аксинча, бир ярим йилда кўрганларимиз, тажрибамиз синовидан ўтганлар ифодаси. Зотан “Qalampir.uz”да бугунгача 50 дан ортиқ ижодкорлар фаолият юритган бўлса, муносибларигина таҳририят қозонида қайнаяпти. Тезкорлик, батафсиллик, холислик, ишончлилик, воқеанинг ҳеч ким кўрмаган жиҳатларини кўра билиш “Qalampir.uz”га хос десак, муболағага йўйманг.
 
Сайт ходимлари – Бош муҳаррир Бобур Жалолов, мухбирлар Умида Якубова, Дурдона Расулова, Соҳиба Мамадиёрова, Нигина Ҳакимова, Мусулмонбек Иброҳимов, Акмалхон Эшонхонов сабаб “Qalampir.uz” бугунги кунгача етиб келди.
 
“Кадр ортида”гилар – сайт техник ходимлари Ёрқин Самиев, Аюбхон Зиннуров, бош ҳисобчи Умида Содиқова ва кадрлар бўлими бошлиғи Кристина Пфандернинг меҳнати бошқаларникидан заҳматлироқдир.
 
www.uz статистикасига кўра, ўртача ҳисобда кунига 30-35 минг киши сайтга ташриф қилади. Мақолаларни кўриш бўйича эса кундалик статистика эса ўртача 125.000 ташкил этяпти.
 
“Qalampir.uz”га 18 ёшдан 65 ёшгача бўлган кишилар мурожаат қиладилар. Уларнинг асосий қисмини 18-35 ёш оралиғидагилар ташкил этади. Фойдаланувчиларимизнинг 40 фоизи аёллар, 60 фоизи эркаклардир.
 
Сайтга кирувчиларнинг асосий қисми ўзбекистонликлар бўлса, кўплаб фойдаланувчилар Россия, АҚШ, Германия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Жанубий Кореядан ташриф буюрадилар.
 
Юқорида санаб ўтган ютуқларимизга ўз-ўзидан эришганимиз йўқ. Тинимсиз меҳнат, ОАВга яратиб берилган кенг имкониятлар, сизнинг эътиборингиз сабаб ғойибона юзлашиш бахтига муяссармиз. Бизга бўлган эътиборингиз сўнмасин. Биз эса бунга муносиб жавоб қайтаришга, албатта, ҳаракат қиламиз.
 
Қамариддин Шайхов,
“Qalampir.uz” сайти раҳбари

Теглар:Qalampir.uz Қамариддин Шайхов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Alimardon
15:51 16.07.2017

Nega yangiliklar to'xtab qoldi. Qachon yozasilar? Zerikib qoldiku


Икром ХУДОЙБЕРГАНОВ
13:13 16.07.2017

Ассалому алайкум, Qalampir.uz сайти ижодкорлари Qalampir.uz ўз фаолиятини бошлаганидан буён сайт орқали бериб борилаётган мақола ва хабарларини доимий равишда мутолаа қилиб бораман. Тезкорлик билан чоп қилинаётган қизиқарли мақолалар учун Сизларга миннатдорлик билдираман. Табиийки, “Qalampir.uz” сайти раҳбари Қамариддин Шайховнинг “Журналист бўлиш осонми? “Qalampir.uz” сайтида ишлаш-чи?” мақоласини ҳам иштиёқ билан ўқиб чиқдим. Шундан кейин, Сизга баъзи бир фикрларимни баён қилишга қарор қилдим. Ўтган ойда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг mcs.uz ва Хоразм вилояти маданият бошқармасининг xorazm.mcs.uz сайтида “Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллигига тайёргарлик авжида” сарлавҳали мақолам чоп қилинганди. Орадан бир неча кун ўтиб, аниқроғи 14-06-2017, 13:24да “Qalampir.uz” сайтида “Хоразмда Комилжон Отаниёзов учун мақбара қурилади” сарлавҳаси билан мақола пайдо бўлди. Мақоланинг муаллифи Мусулмонбек Иброҳимов эканлиги кўрсатилган. Ажабланарлиси шундаки, аслида бу менинг мақолам бўлиб, фақатгина битта абзаци олиб ташланган ҳолда босилган эди. Ҳатто, қурилиш жараёни ва қурилиш харитаси акс этган суратлар ҳам менинг маҳсулимдир. Очиғи, мақолага янгидан қўйилган “Хоразмда Комилжон Отаниёзов учун мақбара қурилади” сарлавҳаси кайфиятимни умуман туширди,. “Мақбара” сўзини ҳамкасбим қаердан олибди, ўзи. Ахир, на менинг мақоламда, на унинг “Qalampir.uz”га олиб қўйган мақоласининг ҳеч бир жойида “мақбара” сўзи ишлатилмаганку. Унда бор-йўғи “Устоз санъаткор дафн этилган “Иморат бобо” қабристони ҳудудида янги масжид қурилиши изчил давом этяпти” деган сатрлар бор, холос. У ерда “мақбара” эмас, “масжид” сўзи ишлатилгани яққол кўриниб турибдики. Наҳотки, Мусулмонбек Иброҳимов “сарлавҳа” тайёрлаётганида ушбу икки сўз орасида катта фарқ мавжудлигини хаёлига келтирмаган. Билмаса, ақалли изоҳли луғатдан фойдаланса бўлмасмиди. Мана: Масжид - Мусулмонларнинг жам бўлиб, намоз ўқийдиган ибодатхонаси. Мақбара – Қабр устига қурилган бино. Бир хато иккинчисини бошлаб келади деганларидек, “Qalampir.uz” сайтига урғу берган ҳолда Zamin.uz ҳам мақолани “Хоразмда Комилжон Отаниёзов учун мақбара қурилади” сарлавҳаси билан сайтига жойлаштирган. Натижада, иккала сайт ҳам ўз ўқувчиларига нотўғри хабар беришган. Умуман олганда, бу борада “Qalampir.uz”сайтига ёхуд унинг ижодкорларига ҳеч қандай эътирозим йўқ. Бу ўзингизга ҳавола. Ўрни келганда айтиб қўйдим-да. Барчангизга ижодий баркамоллик ва соғлик тилайман. Ҳурмат билан Икром ХУДОЙБЕРГАНОВ, Хоразм вилояти, Урганч шаҳри. МАЪЛУМОТ ЎРНИДА: Маданият ва спорт ишлари вазирлиги пайтида яратилган mcs.uz сайти Маданият вазирлиги алоҳида бўлгани боис madaniyat.uz деб ўзгарди, яқин орада xorazm.mcs.uz сайти ҳам янги номда иш бошлаши кутилмоқда.


sevara
01:27 16.07.2017

!!Сайтни доим кузатиб бораман. Жуда ёкади. Калампирга ривож!


sevara
20:59 15.07.2017

Омад! Сайтни доимий кузатиб бораман! Жуда ёкади!


Alimardon
20:49 15.07.2017

Qalampir.uzga omad charchamaylar silardan yanada dolzarb qiziqarli maqolalar kutub qolamiz



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар