...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Qalampir.uz” раҳбари Озарбайжоннинг таниқли сиёсатчиси Ганире Пашаева билан учрашди


17:34, 09.07.2018 Жамият
 3 615

Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутати Ганире Пашаева сўз оларкан, суҳбатни Самарқандимиз, Бухоромиз яхшими, дея гап бошлади.

Озарбайжон Республикасига сафар қилган ўзбекистонлик журналистлар – Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультети доценти, филология фанлари номзоди Наргис Қосимова, “Qalampir.uz” интернет нашри раҳбари Қамариддин Шайхов, “Дунё бўйлаб” телеканали журналисти Гулсара Соатхонова Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутати, журналист, шоира Ганире Пашаева билан учрашдилар.




 
Учрашув Озарбайжон пойтахти Баку шаҳридаги тарихий масканлардан бири Ичкари шаҳарда бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази директори Самир Аббосов ҳам иштирок этди.
 
Учрашувнинг тарихий обидада ўтказилишининг ўзига хос сабаблари бор. Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларини азал-азалдан ўхшаш урф одатлар, тил ва дин каби омиллар боғлаб турган. Икки мамлакат ҳам Буюк ипак йўлида жойлашгани учун савдо-иқтисодий, маданий алоқалар ўша даврлардан ривожланиб келган.
 
Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутати Ганире Пашаева сўз оларкан, суҳбатни Самарқандимиз, Бухоромиз яхшими, дея гап бошлади.
 
“Мен Ўзбекистонни жуда яхши кўраман, айниқса, Самарқандни. Самарқандда тарих яшайди, у ерда ўтган асрларнинг ифори бор. Мен Самарқандга бир неча марта бордим. Хива ва Қўқонни ҳам кўриш насиб этди. Бугун эса ўзбекистонлик журналистларнинг Озарбайжонга келиб, бизнинг туризм салоҳиятимиз билан танишаётгани, қадимий обидаларимизни зиёрат қилаётгани жуда қувонарли воқеа.
 
Мен ҳам журналистман. Шунинг учун бу соҳанинг қийинчиликларини ва албатта одамларга қанчалик кераклигини жуда яхши биламан. Журналист мамлакатлар ўртасида алоқаларни янада мустаҳкамловчи кўприк, халқларни бирлаштирувчи восита.
 
Ўзбекистон ҳам жуда катта туризм салоҳиятига эга мамлакат. Айниқса, Бухоро бутун дунёга ислом нурини таратиб турибди”, дейди Ганире Пашаева.
 
Ўзбекистонлик журналистлар Озарбайжонга ташрифи давомида пойтахт Бакудан ташқари Шомаҳи, Исмоилли, Шеки, Ганжа шаҳарларида бўлиб, у ердаги тарихий ёдгорликлар, бир неча асрлик обидалар билан танишди.
 
“Шомаҳида тушлик қилиш учун тўхтадик. Расмийлардан бири биз турган жойдан 3 км узоқликда VIII асрдан қолган масжид борлигини айтиб қолди. Гарчи борадиган манзилларимиз рўйхатига бу масжид киритилмаган бўлса ҳам оёғимизни қўлимизга олиб, ўша ерга чопдик. Ахир 13 асрлик бундай муқаддас қадамжони кўриш ҳамиша насиб қилавермайди. Биз Озарбайжоннинг тарихий зиёратгоҳларида бўлиб, ҳатто, меъморчилик анъаналаримизда ҳам ўхшашликлар борлигини пайқадик.
 
Ганире хоним, сиз мамлакатлар ўртасидаги алоқаларнинг ривожланишида журналистларнинг ўрнига тўхталдингиз. Шуни қўшимча қилган бўлардимки, бугун Ўзбекистонда ОАВга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ОАВга ҳақиқий тўртинчи ҳокимият бўлиш вазифасини юклади. Яратиб берилаётган шундай имкониятлар самараси ўлароқ биз бугун Озарбайжонда бўлиб турибмиз”, деган “Qalampir.uz” интернет нашри раҳбари Қамариддин Шайхов суҳбатда.
 
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультети доценти, филология фанлари номзоди Наргис Қосимова бу йил “Олтин қалам” ХIII миллий мукофоти халқаро танлови ғолиби бўлган эди. У Ганире Пашаева билан суҳбатда шундай деган:
 
“Ўзбекистонда ОАВга нисбатан муносабат кун сайин ўзгармоқда. Сиз журналист ўлароқ бутун дунёда журналист-кадрларга бўлган эҳтиёж ортиб бораётганини яхши биласиз. Шу боис ҳам Ўзбекистонда янги университет ташкил этилди”.
 
Суҳбат давомида Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришлар масаласига ҳам тўхталинди. Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган адолатли сиёсат алоҳида эътироф этилди. Мамлакатлар ўртасидаги ришталар янада мустаҳкамланаётгани айтилди.
 
Учрашув сўнггида ўзбекистонлик журналистлар депутат Ганире Пашаевага совғаларини улашдилар. Ўзбекистондан келтирилган миллий буюмларни мамнуният билан қабул қилган Ганире Пашаева журналистларга ҳам Озарбайжонни эслатиб турувчи эсдалик совғаларини топширди. 







Теглар:Ганире Пашаева Қамариддин Шайхов Наргис Қосимова Гулсара Соатхонова Ўзбекистон-Озарбайжон 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар