Энди хонандалар қўшиқни студияда ёзишдан аввал, таронанинг матнини “Ўзбекконцерт” муассасасига олиб келади ва Бадиий кенгаш назоратидан ўтсагина, бу матн тасдиқланиб, куйлашга рухсат этилади.
Хусусан, Юлдуз Усмонованинг саҳнага қайтиши ҳақиқий “портлаш” бўлди, десак адашмаган бўламиз. Бундан ташқари, Фарруҳ Зокиров, Нилуфар Усмонова, Шерали Жўраев каби санъат вакиллари ҳам бугун ўз ижодлари билан яна халқимизни хушнуд этиб келишмоқда.
Ўзбекистон санъат оламида мустаҳкам ўрнига эга бўлган бундай санъаткорларнинг яна шоу-бизнесга қайтиши қўшиқчилик соҳасига янгича руҳ бағишласа, ажаб эмас.
Хонандаларнинг жонли куйлаши ва фонограмма орқали қўшиқлар куйлаши узоқ йиллардан буён муҳокама қилинаётган мавзудир. Бу борада турли чоралар кўрилишига қарамасдан, бугунги кунда фонограмма орқали концертлар тақдим этаётган хонандалар сони камаймаган. Энг ачинарлиси шуки, бугунги кунда ҳатто тўй-ҳашамларда ҳам фонограмма янграмоқда. Бир неча миллион сўм маблағни санъаткорга сарфлаган тўй эгаси кичик флешкага ёзиб олинган қўшиқ учун пул тўлаяпти...
Бугунги кундаги концертлар ва унда хонандаларнинг фонограмма орқали куйлаши каби мавзу “Ўзбекистон” телеканали орқали эфирга узатиладиган “Муносабат” кўрсатувида муҳокама қилинди. Жонли эфирда ўтказилган дастур давомида санъаткорлар, актёр ва актрисалар, овоз режиссёрлари, “Истиқлол” санъат саройи раҳбари ва бошқа ходимлари иштирок этди.
Баъзи хонандаларнинг интервьюси давомида “Жонли ижрода нега куйламайсиз?” деган саволга одатда техникани ва шароитни айбдор қилишларини кўп эшитганмиз. Қўшиқчилар жонли ижрода куйлаш учун санъат саройларида техник шароитлар мавжуд эмаслигини сабаб қилиб кўрсатишади. Аммо бу масалага овоз режиссёрларининг ўз жавоблари бор...
“Истиқлол” санъат саройи овоз режиссёри Игорь Иосис бир неча йиллардан буён қўшиқчилар билан ишлайди ва бу борада етарлича тажрибага эга. У аслида бугунги кунда жонли ижрода куйлаш учун барча имконият борлигини таъкидлаб, бунинг аксини айтган хонандалар шунчаки “баҳона” қилаётганлигини таъкидлаб ўтди.
“Аслида жонли ижро куйлаш имконияти йўқ эмас, жонли ижрода куйлашни истамайдиган хонандалар бор. Ҳақиқий санъаткор аслида жонли ижросиз концерт беришни ўзига эп кўрмайди. Мен бугун бундай ижодкорлар сафига қўрқмасдан, Юлдуз Усмонова, Озодбек Назарбековни киритишим мумкин. Тўғри, айрим ҳолларда фонограмма орқали концерт тақлим этувчи хонандалар репертуари орасида жонли ижрода ҳам қўшиқ куйлайди. Ана шу вақтда томошабинлар ҳам ҳудди “жонланиб” кетгандек бўлади. Сабаби жонли ижро нафақат санъаткорга, балки томошабинларга ҳам завқ беради”, деди Игорь Иосис.
Аммо бу масалага ечим топиш зарур. Шу сабабдан фонограмма орқали концерт тақдим этиш тақиқлаб қўйилиши зарур мазмунидаги таклиф билдирилди. Бу таклифга “Истиқлол” санъат саройи раҳбари Исроил Ғуломов ўз фикрини билдирар экан, аслида хонандалар ва концерт тақдим этиш ёки уларнинг репертуари билан боғлиқ масалалар билан “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси шуғулланиши кераклигини айтиб ўтди.
“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси маъсул ходими Матлуба Маҳкамова айни пайтда “Ўзбекистон халқ артистлари клуби” ташкил этилганини ва фонограмма масаласи бош мавзу эканлигини айтиб ўтди.
Кўрсатув давомида қўшиқларнинг мазмуни ва уларнинг ёшларга таъсири, видеоклиплар масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Яна бир янгилик шуки, энди хонандалар қўшиқни студияда ёзишдан аввал, таронанинг матнини “Ўзбекконцерт” муассасасига олиб келади ва Бадиий кенгаш назоратидан ўтсагина, бу матн тасдиқланиб, куйлашга рухсат этилади. Бу тартиб қай даражада амал қилади ҳозирча хулоса қилиш мушкул, аммо бу жараён осон кечмаслиги аниқ.
Бугунги кунда аёл хонандаларнинг ётоқхоналарда видеоклиплар суратга олаётгани ёки йигитларнинг ғарб маданиятига хос тарзда рақсга тушиб, қўшиқ куйлаётгани ҳам танқид остига олинди.
Сиз бу борада қандай фикрдасиз? Албатта, кўпчилик жонли ижрони маъқул кўрса керак. Лекин яна бир томондан ўйлаб кўрайлик. Ўша жонли ижро керак дея баралла жар солувчи мухлислар ўзлари истаган ҳолатда реклама афишасида фонограмма орқали ижро этилади деган маълумотни била туриб, концертга чипта сотиб оладилар ва ташриф буюрадилар. Бунисига нима дейсиз?
Бугунги кунда аксарият ижодкорлар яккахон концерти давомида камида 2 та қўшиқни жонли тарзда куйлаб келаётганини ҳам инобатга олиш зарур. Ваҳолангки, уларнинг реклама афишаларида қўшиқлар катта қилиб фонограмма орқали ижро этилиши ёзилган.
Шу тариқа мухлисларнинг ўзи ҳам фонограммага кенг йўл очиб бермаётганмикин? Дунёнинг айрим мамлакатларида концерт дастурида фонограмма орқали куйлаш қонунан тақиқланган. Балки, бизда ҳам яқин келажакда ана шундай тартиб-қоида кучга кирар?! Буни эса вақт кўрсатади...