Конвенция 1971 йил 29 октябрда Женева шаҳрида (Швейцария) қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан кеча, 26 декабрда имзоланган Қонун билан Ўзбекистон “Фонограмма тайёрловчиларнинг манфаатларини уларнинг фонограммалари ноқонуний такрорланишидан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Конвенцияга қўшилди.
Қонун Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 30 ноябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2018 йил 13 декабрда маъқулланган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу Конвенция 1971 йил 29 октябрда Женева шаҳрида (Швейцария) қабул қилинган.
Конвенция доирасида белгиланган асосий мажбуриятларга кўра, Ўзбекистон конвенция иштирокчиси ҳисобланган бошқа давлатларнинг фонограмма тайёрловчиларига уларнинг фонограммаларидан носакциявий нусха кўчирилиши, шунингдек, уларни носанкциявий тарзда тарқатиш мақсадида республикага олиб кирилиши ва мазкур фонограммаларнинг контрафакт нусхаларини унинг ҳудудида тарқатилишидан муҳофаза қилишни ўз бўйнига олади. Худди шу мажбуриятлар конвенцияни имзолаган бошқа давлатлар учун жорий этилган бўлиб, ўз ўрнида мазкур давлатлар ҳудудида ўзбекистонлик фонограмма тайёрловчилар фонограммаларининг тарқатилишида ҳам юқорида назарда тутилган муҳофаза тақдим этилади.