Йил бошида ўзбек тили ва адабиётини чуқур ўқитишга ихтисослашган Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги мактаб-интернати очилган эди.
Шу мақсадда Президент шаҳарнинг ушбу ижодкорлар ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ҳудудида Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбони, хиёбон ичида Ҳамид Олимжон ва Зулфия мактабини ташкил этиш таклифини илгари сурган эди. Шундан сўнг Жиззах шаҳрида ўзбек тили ва адабиётини чуқур ўқитишга ихтисослашган Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги мактаб-интернат очилган эди.
Энди эса Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфия ҳайкалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Очилиш маросими муносабат билан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат арбоблари, маданият ва санъат намояндалари, ёзувчи-шоирлар, Ҳамид Олимжон ва Зулфия авлодлари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, адабиёт ихлосмандлари иштирок этди.
Қисқа фурсатда барпо этилган Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбони бадиий фалсафа касб этган. Унга туташ майдонда бу икки ардоқли ижодкор музейи, ўзбек тили ва адабиётини чуқур ўқитишга ихтисослашган Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги мактаб-интернат жойлашган, болалар кутубхонаси бунёд этилмоқда.
Тантанали тадбир иштирокчилари мазкур музей, Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги мактаб-интернат фаолияти билан танишди.