Қурилиши режалаштирилаётган қўшма корхонада йилига 16 000 та автомобиль ишлаб чиқарилади.
Peugeot Citroёn гуруҳи янги технологиялар, замонавий ишлаб чиқариш жараёнларини жорий қилишда ва мутахассислар малакасини оширишда кўмак кўрсатади. Завод ишлаб чиқаришни бошқариш, маҳсулот сифати, етказиб бериш ва савдо масалаларида Peugeot Citroёn‘нинг замонавий тизими бўйича иш олиб боради. Шу билан бирга, автомобиль эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарни жалб қилиш йўли билан биринчи йилнинг ўзидаёқ янги қўшма корхонада 50% маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланиш кўзда тутилган. Бугунги кунда “Ўзавтосаноат” АК таркибида 30 га яқин йирик заводлар ва 160 дан ортиқ ўрта ва кичик корхоналар айнан маҳаллийлаштириш дастури асосида иш олиб боради.
Қурилиши режалаштирилаётган қўшма корхонада йилига 16 000 та автомобиль ишлаб чиқарилади. Уларни юртимизда, шунингдек, узоқ ва яқин хориж давлатларидаги экспорт бозорларида сотиш режалаштирилмоқда.
“Ушбу лойиҳа бизнинг 5 йилликка мўлжалланган тараққиёт Дастуримизга тўла мос келади ва бу Peugeot Citroёn гуруҳи учун енгил тижорат автомобилларининг савдосини ривожлантириш ва ҳудудий кенгайтириш учун яна бир катта имкониятдир. Биз қўшма корхона ташкил этилишида асосий фактор бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсан қўллаб-қувватлашларини ҳамда ўзбек ҳамкорларимиз билан конструктив мулоқотни жуда юқори баҳолаймиз”, дея эътироф этди Peugeot Citroёn гуруҳининг вице-президенти Кристоф Бержеран.