...
МЕНЮ
ONLINE TV

Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан тортиб барча туман ҳокимларига очиқ хат: Ҳокимлар, сичқонлар билан бир уйда неча кун яшай оласиз?


18:48, 23.05.2018 Жамият
 14 042

“Qalampir.uz” Дилхуш кўчаси 38-уйда жойлашган ётоқхона мавзусига яна қайтди.

Қундуз Тиллабоева 23 ёшда. Кўнгли яримлиги, ота-онасиз улғайгани етмагандек, у кўп йиллардан буён ёпиқ сил хасталиги билан оғрийди. Унинг касали атрофидагилар ва ўзи учун ўта хавфли. Қундузга ўхшаганлар чанг-тўзондан ҳоли бошпанада яшаши керак. Бироқ...
 
Меҳрибонлик уйида тарбия топиб, вояга етгач, мустақил ҳаётга учирма қилинган йигит-қизларнинг Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги манзилгоҳидан бундан бир неча кун аввал репортаж тайёрлаган эдик. Нураган эски бино каламуш ва сичқонлар, суваракларнинг севимли масканига айланган. Бу ерда роҳатланиб овқатланиш, керак вақтда душ қабул қилишнинг иложи йўқ. Қундузга ўхшаган яна 79 нафар йигит-қиз туни билан сичқонларга ем бўлмаслик, клапалар билан “қондош” тутинмаслик учун навбатма-навбат мижжа қоқмай чиқадилар.


 
Чилонзор тумани Дилхуш кўчаси 38-уй. 80 нафар етимни тўкилган бағрига сиғдирган бино. У биз учун ҳам қадрдон бўлиб қолди. Ўтган 10 кун ичида бир оёғимиз ётоқхонада... Йигит-қизлар бирор янгилик билан келдимикан, деб ҳаяжон билан кўчада қаршилайдилар. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Бироқ янгилик биздан эмас, улардан чиқди.
Хўш, натижа нима бўлди?
 
— Бизга яна уй беришмайди. Юқори қаватдан пастга қараб таъмирлаш ишлари бошланди. Сиқчон ва клапаларни деб ухлай олмаётганимиз етмагандек, энди чанг-тўзонда яшашимизга тўғри келади. Камига дугонамиз Қундузнинг тоби йўқ. Унга бундай шароитда яшаш мумкин эмас. Ҳозир ҳаво очиқ. Кундузимиз кўчада ўтгани билан, кечаси яна шу тўзғиган “уй”га қайтишимизга тўғри келади, деб гап бошлади 27 ёшли Шаҳноза Умирова.
 
Шаҳноза ўзининг дардини гапирмади. Аслида унинг аҳволи ҳам ҳавас қилгудек эмас. У турмушдан ажраган, ўзи чин етимликда улғайгани каммиди, қизини ҳам отасиз катта қиляпти. 4 яшар Робия ҳам онаси билан шу уйда яшайди.
 
“Qalampir.uz” тафтишидан кейин Чилонзор ҳокимияти ётоқхонани қайта таъмирдан чиқариб беришни зиммасига олибди. Тўғри, ҳаракат бошланган, лекин бундан кўнглимиз тўлганича йўқ. Боиси бу ётоқхона яна аввалгидек, 3-4 йилга бормай нурайди. Эскини ямаб, эсинг кетар, деганлари шу бўлади аслида.
 
Ёмғирдан қочиб дўлга тутилди, бизнинг етимлар. Тўкилиб кетган бошпанадан шикоят қилганди. Энди эса таъмир сабаб тўзғиган уйда яшашга мажбур бўлишяпти. Инсоф юзасидан бошқа бинога ҳам кўчирилмади улар.
 
Дейлик, бу қанчалик тўғри? Таъмир бўлаётган вақтда уларни бошқа жойга вақтинча кўчириб туриш учун ҳокимиятдаги “уламо”лардан кўп  ақл ишлатиш талаб этилмас эди. Имхо...
 
“Qalampir.uz”нинг мақсади нима? Мақсад шуки – ётоқхонадаги вазият бунданда енгиллаштирилиши ва маъсулларнинг диққати ўша ерга кўпроқ қаратилмоғи даркор. Бу ҳудуд Чилонзор туман ҳокими Даврон Ҳидоятовнинг пинжилиғида, лекин афтидан эътибордан четда ёки кўриб, кўрмасликка олади.  Сабаб аввалги икки мақоладан кейин Даврон Ҳидоятовнинг ётоқхонага ташриф буюришини кутган эдик, бироқ, у ётоқхона атрофидаги мактабга бориш билан чекланди, холос. Ҳа, ҳокимнинг иши кўп, вақти йўқ, аммо иложсиз ишнинг ўзи ҳам йўқ бу оламда. Чуқурроқ ўйлаб кўринг, эски ётоқхонани таъмирлагандан нима наф? Ётоқхона таъмири неча йилга чидаб бериши мумкин?


 
“Qalampir.uz” Дилхуш кўчасидаги ётоқхона мавзусига яна қайтиб, шуни маълум қиладики, юқорида номи айтилган сил билан оғриган Қундуз Тиллабоеванинг масаласи ҳамон очиқлигича қолган. 23 ёшли қизни ётоқхонадан зудлик билан олиб кетиб, тиббий кўрикдан ўтказиш шарт. Қолган болаларнинг аҳволи Қундуздагидек бўлмасада, уларни ҳам барибир текширувдан ўтказиш жоиз.
 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2010 йилнинг 2 август куни “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жойлар билан таъминлаш тартиби тўғрисида”ги қарор имзоланган.
 
Қарорнинг 2-бандида етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга мақсадли коммунал уй-жой фондидаги уйлардан ёки вақтинча фойдаланилмаётган, давлат мулки бўлган ётоқхоналардаги, уй-жойлардаги ҳамда кўп қаватли уйлардаги бўш турган квартиралардан берилади, деб алоҳида қайд этилган. Бироқ бу қарор амалда ўз ижросини топмай келмоқда. Буни биргина Чилонзордаги нураган ётоқхонада 2013 йилдан буён яшаб келаётган 80 нафар бола тақдирини кўриши мумкин.
 
Чилонзор тумани ҳокимлигидан ётоқхона масаласига жиддий ёндошишини сўраймиз. Қундуз Тиллабоева Шайхонтоҳур туманига бириктирилгани учун туман ҳокимиятидагиларни ушбу вазиятга панжа ортидан қарамасликка чақирамиз.


 
Шу ўринда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ва барча туман ҳокимларига саволимиз бор: сиз жуда бўлмаганда, узоқдан бу уйнинг аҳволи билан танишганмисиз? Шароитни кўринг, кейин болаларнинг ёнига яқинлашинг. Қани, уларнинг кўзига қарай оласизми? Умуман, сиз бу уйда бир кун яшай оласизми? Кўкрак кериб боғ қуряпмиз, сайил уюштиряпмиз, деб баланпарвоз нутқ сўзлаш осон. Бироқ амалга оширилаётган кўплаб оламшумул ишларни биргина Чилонзордаги етимлар ётоқхонаси каби бинолар ювиб кетади. Ўйлаб кўринг! Бориб кўринг!
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Чилонзор Дилхуш кўчаси ётоқхона 38-уй 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар