Жабрланувчини 3 май куни Содиқ Азимов кўчасидаги “Корзинка” супермаркетидан Ц-4 массивига қадар олиб бориб қўйган такси ҳайдовчисининг кўрсатмаси зарур...
Воқеага аниқлик киритиш ҳамда Жасурнинг уйига кетаётганида аҳволи яхши эди, деган сўзларни тасдиқлаш мақсадида яна бир гувоҳни эшитиш зарурлиги айтилмоқда.
Бу эса Жасурбек Иброҳимовни 3 май куни Содиқ Азимов кўчасидаги “Корзинка” супермаркетидан Ц-4 массивига қадар олиб бориб қўйган такси ҳайдовчиси...
Facebook ижтимоий тармоғидаги “Водители Ташкента” гуруҳида Жасурбек Иброҳимовнинг оиласига яқин бўлган шахс томонидан такси ҳайдовчисини топиш ҳақида маълумот қолдирилган.
Маълум қилинишича, тахмин қилинаётган автомобилнинг ҳозирча фақат русуми аниқ. Бироқ унинг ранги ва давлат рақами ҳақида батафсил маълумотлар бирорта гувоҳ томонидан аниқлаштирилмаган.
Facebook ижтимоий тармоғидаги “Водители Ташкента” гуруҳида қуйидаги сўзлар битилган хабар (илтимоснома) қолдирилган:
“Ҳурматли ҳайдовчилар! Сизнинг ёрдамингизга муҳтожмиз...
Жорий йилнинг 3 май санасида 145-ўрта мактаб атрофида Боровский номидаги коллеж ўсмир ёшлари иштирокида жанжал бўлиб ўтган. Жанжалдан сўнг, тахминан соат 14:10–14:30 лар оралиғида мазкур воқеа иштирокчиларидан бирини бир киши (воқеа гувоҳи) тахминимизча “Нексия” русумли (такси белгиси бўлмаган) автомобилга ўтқазиб юборган.
Автомобиль эгаси жабрланувчини Ц-4 деб номланувчи даҳага олиб келиб қўйган. Айнан шу ҳайдовчи гувоҳ сифатида қидирилмоқда.
Унга нисбатан ҳеч қандай даъво йўқ. Фақат жабрланувчининг аҳволи (воқеадан сўнгги ҳолати) ҳақида маълумотларни сўраб билиш учунгина безовта қилишимиз мумкин.”
Илтимоснома қолдирган киши ҳайдовчи ушбу воқеани эслаб қолиши керак, деб ҳисоблайди. Негаки “йўловчи”нинг кийим-боши кир, йиртилган бўлиб, юзи ва кийимида қон доғлари аломатлари бўлган.
Марҳум Жасурбекнинг оила аъзолари илтимоснома орқали қидирилаётган ҳайдовчининг ўзи холис гувоҳлик бериб фуқаролик бурчини бажара олишига, аниқроғи судда гувоҳлик беришдан қўрқмаслиги ёки буни “ортиқча ғалва” деб ҳисобламаслигига умид билдиришмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бўлиб ўтган суд мажлисларининг бирида “гап отилган қиз” ким эканлиги, жабрланувчининг адвокати Исмоилова судланувчи Тўлагановдан унинг бўйининг узунлиги, вазни ҳамда ички ишлар бўлими ёки бошқа рўйхатларда туриш ёки турмаслиги ҳақида сўрагани, бундан ташқари, судланувчи Исломбек коллеждаги имтиҳонлар тугамасданоқ нега Туркия сафарига кетганлиги ҳақида тафсилотлар билан ўртоқлашган эдик.