Жасурбек Иброҳимовнинг иши юзасидан суд ҳукми 30 октябрь куни эълон қилинади.
27 октябрь куни бўлиб ўтган суд мажлисида жабрланувчи томондан Н.Алиева ва унинг адвокати Л.Исмоилова ҳамда судланувчи И.Тўлагановнинг икки адвокати мазкур иш бўйича ўз хулосаларини баён этди.
Жабрланувчи томон кўрсатмаларида тергов жараёни ва суд мажлисларида ўзлари қайд қилишган бир-бирига зид бўлган жиҳатларни маълум қилишди ҳамда жиноий ишни гуруҳ бўлиб ўлимга олиб келган тан жароҳати етказиш, дея қайта тавсифлашни сўрашди.
Жасурбек Иброҳимовнинг онаси Нилуфар Алиева ўз мурожаатида давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан қонун доирасидаги ҳаракатлар олиб борилмаган, жиноят ишининг 28 кун ўтиб қўзғатилгани, гувоҳлар юзаки равишда сўроқ қилингани, суд тиббий экспертизаси кечикитириб амалга оширилгани ҳақида айтиб ўтди. Бунга қўшимча қилиб, Н.Алиева қорин қисмидаги оёқ излари ва айбланувчининг оёқ кийими ҳақидаги экспертиза бир-бирига мос келмаслиги суд жараёнида ёлғон гувоҳлик берилаётганини тасдиқлашини айтди.
Н.Алиева ва Л.Исмоилова суд жараёнида иштирок этган гувоҳлар кўрсатмаларида бир-бирига тўғри келмаган жиҳатларга эътибор берилмаганини айтиб, суддан одил ҳукм чиқаришни сўраган.
Жабрланувчининг адвокати воқеа содир бўлган ҳудуддаги видеокузатув олиб борилмаган. Коллеж ҳудудидаги видеокузатувда эса фақатгина бўш коридорлар бўлгани тушунарсиз ҳолат эканини айтди. Барча ахборот йўқ қилинганини айтиб, прокурорга юзланди.
Судланувчи И.Тўлагановнинг адвокатлари Жасурбек ишида ўз ҳимоясидаги шахснинг айби камлигини айтиб, унинг Жасурбекка тан жароҳати етказиш ёки уни қасддан ўлдириш нияти бўлмаганини таъкидлади.
Бундан ташқари, жиноятни содир этган вақтда вояга етмагани, айбдорлар сифатида ўз вақтида аниқ ташҳис қўймаган ва жарроҳлик амалиётларини ўтказмаган тиббиёт ходимлари экани таъкидланган. Юқоридагиларни эътиборга олган ҳолда И.Тўлагановни жазодан озод қилиниши сўралган.
Суд судланувчи И.Тўлагановга сўнгги сўз берган. Жабрланувчининг ота-онасидан узр сўраб, фожиадан афсусдалигини билдирди. Судланувчи адвокатлари фикрига қўшилишини айтиб ўтди.
Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди судьяси 30 октябрь куни ушбу иш юзасидан ўз ҳукмини ўқишини айтиб ўтди.
Аввалроқ, Жасур Иброҳимов иши юзасидан тергов ишлари Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилиб, 14 сентябрь куни Тошкент шаҳар ИИББда ўтган брифингда ушбу иш юзасидан жиноий ишлар бўйича Тошкент шаҳар судига оширилгани ҳақида хабар берган эдик.
Жиноят иши бўйича 26 сентябрь куни Тошкент шаҳар Миробод туман судида дастлабки суд мажлиси бўлиб ўтган эди.