Исломбек Тўлаганов 6 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилинди.
Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди бугун, 30 октябрь куни бўлиб ўтган суд мажлисида Жасурбек Иброҳимов иши бўйича ҳукмни эълон қилди.
Исломбек Тўлагановга нисбатан олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши маълум қилинди.
Жасурбек Иброҳимовга 3 май куни Исломбек Тўлаганов томонидан оғир тан жароҳати етказилган эди. Бунинг натижасида Жасурбек Тошкентнинг шифохонларидан бирида ҳаётдан кўз юмди.
Ушбу жиноят иши бўйича Ўзбекистон Бош прокурори шахсий назорат ўрнатган эди. Жасурбек Иброҳимовнинг онаси эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимларининг тергов жараёнидаги ҳаракатсизлиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллаган эди.
Жасурбек Иброҳимовнинг ўлими юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 104 моддаси 3 қисм “д” банди бўйича жиноят иши қўзғатилган эди.
Суд жараёнида 1999 йилда туғилган Исломбек Тўлаганов жиноятда айбдор деб топилди. Унга нисбатан олдиндан оғир тан жароҳати етказишни мақсад қилган ҳолдаунинг ўлимига сабаб бўлганлик учун умумий тартибдаги колонияда олти йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши айтилди.
Жиноят иши очилган модда вояга етмаганлар учун қўлланилганда 7 йилгача озодликдан маҳрум этишни кўзда тутади.