Маълумки, жорий йилнинг 1 июль куни Ўзбекистонда эски паспортларнинг амал қилиш муддати тугайди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарорига асосан аҳолини биометрик паспорт билан таъминлаш муддати 2018 йил 1 июлга қадар деб белгиланган эди. Биометрик паспортга эга бўлмаган фуқаролар охирги кунни кутмасдан доимий рўйхатдан ўтган манзилларидаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматларига зарур ҳужжатлар билан мурожаат этишлари кераклиги юзасидан бир неча бор ИИВ томонидан расмий эълон берилди.
Агар белгиланган муддатга қадар эски паспортлар алмаштирилмаса, фуқаро паспорт тизими қоидаларини (паспорти бўлиши шарт бўлган фуқаронинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаши, паспортни қасддан яроқсизлантириши, шунингдек паспортни бепарволик билан сақлаши ва бунинг оқибатида паспортнинг йўқолиши) бузган деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 223-моддаси 1-қисмида кўрсатиб қўйилган энг кам иш ҳақининг уч баравари (449.325 сўм) гача бўлган жаримани тўлайди.
Туманларидаги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари ўтган вақт мобайнида ҳафтанинг якшанба кунлари ҳам ишлади. Мақсад битта, одамлар тезроқ паспортли бўлсин, ортиқча оворагарчиликдан қутулсин. Бироқ дунёни сув босса, тўпига чиқмайдиганлар кўп.
Ўтган ҳафтанинг якшанбаси, яъни 24 июнь ҳам анъанавий равишда иш куни бўлди. “Qalampir.uz” интернет нашри Тошкент шаҳрининг Яшнобод, Чилонзор, Учтепа ва Юнусобод туманларида фуқароларнинг паспорт, прописка ва “ОВИР” билан боғлиқ масалалари қандай ечим топаётганига гувоҳ бўлди.
Ушбу туманларда дам олиш куни жами 1429 фуқарога хизмат кўрсатилди. 443 фуқаро Юнусобод туманига, 317 нафари Чилонзор, 310 нафари Яшнобод ва 359 нафар фуқаро Учтепа туманида паспорт ва чет элга вақтинчалик чиқиш стикери масаласи бўйича бўйича мурожаат қилди. Эътиборли жиҳати шундаки, пул тўловлари учун банк кассалари ҳам дам олиш кунида хизматга шай турибди.
Юнусобод туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими томонидан 443 фуқаро қабул қилинган. 51 нафар фуқаронинг биометрик паспорт олишга электрон талабномасини расмийлаштирди. 162 нафар фуқаро тайёр бўлган биометрик паспортини, яна 44 киши тайёр бўлган чет элга вақтинчалик чиқиш стикери билан паспортини олиб кетди. 178 нафар фуқаро Тошкент шаҳрига доимий прописка қилинди ёки доимий рўйхатдан чиқарилди. 2 киши эса чет элга чиқиш стикерини олиш юзасидан мурожаат қилди.
Чилонзор туман ИИОФМБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими томонидан 21 нафар фуқаронинг биометрик паспорт олишга электрон талабномаси расмийлаштирилди. 99 нафар фуқаро тайёр бўлган биометрик паспортини олиб кетди. 3 фуқаро чет элга вақтинчалик чиқиш учун рухсат бериш ёзуви стикерини олишга ариза билан мурожаат қилди. 13 нафар фуқаро тайёр бўлган чет элга вақтинчалик чиқиш учун рухсат бериш ёзуви стикерини олиб кетди. 172 нафар фуқаро Тошкент шаҳрига доимий прописка қилинди ёки доимий рўйхатга чиқарилди. 9 нафар фуқаро бошқа йўналишлар юзасидан мурожаат қилди.
Яшнобод тумани ИИОФМБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими томонидан 12 кишининг биометрик паспорт олишга электрон талабномасини расмийлаштирди. 152 нафар фуқаро тайёр бўлган биометрик паспортини қўлига олди. 1 нафар фуқаро чет элга вақтинчалик чиқиш учун рухсат бериш ёзуви стикерини олишга ариза билан мурожаат қилди. 11 нафар фуқаро тайёр бўлган чет элга вақтинчалик чиқиш учун рухсат бериш ёзуви стикерини олиб кетди. 126 фуқаро Тошкент шаҳрига доимий прописка қилинди ёки доимий рўйхатдан чиқарилди. 8 нафар фуқаро бошқа йўналишлар юзасидан мурожаат қилди.
Шунингдек, Учтепа тумани ИИОФМБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимида 42 нафар фуқаро биометрик паспорт олишга электрон талабномасини расмийлаштирди. 175 нафар фуқаро тайёр бўлган биометрик паспортини олиб кетди. 1 нафар фуқаро чет элга вақтинчалик чиқиш учун рухсат бериш ёзуви стикерини олишга ариза билан мурожаат қилди. 24 нафар фуқаро тайёр бўлган чет элга вақтинчалик чиқиш учун рухсат бериш ёзуви стикерини олиб кетди. 114 нафар фуқаро Тошкент шаҳрига доимий прописка қилинди ёки доимий рўйхатдан чиқарилди. 3 нафар фуқаро бошқа йўналишлар юзасидан мурожаат қилди.
“Нобиометрик паспортларини алмаштириш муддати 2018 йил 1 июль этиб белгиланган бўлиб, биометрик паспортга эга бўлмаган фуқаролар ушбу муддатни кутмасдан доимий рўйхатдан ўтган манзилларидаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматларига зарурий ҳужжатлар билан мурожаат этишлари ва биометрик паспорт олишлари мумкин. Ҳозирги кунда аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида, жойлардаги биометрик маълумотларни йиғиш пунктларига жисмоний имконияти чекланганлиги сабабли етиб кела олмайдиган фуқаролар учун мобил қурилмалар ёрдамида биометрик паспорт расмийлаштириш имконияти мавжуд”, дейди Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бўлими бошлиғи подполковник Санжар Қосимов.
Ҳали паспорт олмадингизми? Ҳужжат топширишга вақтингиз бор. Эртагаёқ янги паспорт олиш учун ҳужжатларни жамланг ва туман ИИОФМБга чопинг! Кейин жаримага тушиб, аттанг қилиб қолманг!