...
МЕНЮ
ONLINE TV

Хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш тартиби қандай?


10:49, 16.01.2019 Бу қизиқ
 5 858

Низомга мувофиқ, хорижга чиқиш биометрик паспорти ҳар қандай давлатга чиқишда амал қилади.

Хабарингиз бор, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси билан виза режими ўрнатилган давлатларга чиқишни режалаштираётган фуқароларга хорижга чиқиш учун биометрик паспорт берилмоқда.
 
Президент қарори билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.
 
2019 йил 1 январдан фуқароларнинг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш автоматлаштирилган тизими ишга туширилди. Хўш, уни олиш тартиби қандай?
 
Низомга мувофиқ, хорижга чиқиш биометрик паспорти ҳар қандай давлатга чиқишда амал қилади.
 
Мазкур паспорт қуйидаги амал қилиш муддатларига берилади:
 

  • туғилган кунидан бошлаб бир ёшгача – икки йил муддатга;
  • бир ёшдан 16 ёшгача – 5 йил муддатга;
  • 16 ёшдан ошган шахсларга – 10 йил муддатга.
 
Фуқаролар хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш учун доимий рўйхатда турадиган жойларидаги маълумотларни йиғиш пунктига (паспортный столь) қуйидаги ҳужжатларни тақдим қилади:
 
  • ариза-анкета;
  • биометрик паспорт ёки ID-карта ёхуд 16 ёшга тўлмаганлар учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;
  • илгари берилган хорижга чиқиш биометрик паспорти ( мавжуд бўлса);
  • ҳарбий гувоҳнома – ҳарбий хизматга мажбурлар учун;
  • давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция;
  • ота-оналар, васийларнинг фуқаронинг хорижга чиқишига нотариал тасдиқланган розилиги – вояга етмаганлар учун;
  • фуқарога ҳамроҳлик қилувчи шахснинг нотариал тасдиқланган мажбурияти – вояга етмаганлар учун.
 
Мазкур паспорт ўн иш кунида берилади. Фуқаро зудлик билан чиқиб кетиши талаб қилинадиган ҳолларда, шошилинч даволаниш зарур бўлганида, яқин қариндоши оғир касал бўлганида ёки вафот этганида паспорт 5 иш кунида берилади.
 
Хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштиришни рад этишга қуйидагилар асос бўлади:
 
  • шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлса;
  • шахс ички ишлар органларининг маъмурий назоратида бўлса;
  • шахсга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо ва шартли ҳукм қўлланилган бўлса;
  • шахсга нисбатан суд томонидан юкланган ижро этилмаган мажбуриятлар бўлса;
  • шахс ўзи тўғрисида қасддан соҳта маълумотларни тақдим этган бўлса;
  • шахс хорижда бўлганида борган мамлакатининг қонунларини бузганлиги тўғрисида ахборот мавжуд бўлса.

Теглар:Хорижга чиқиш паспорти 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!