...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ислом Каримов “Универсиада – 2016” иштирокчиларига табрик йўллади


02:11, 27.05.2016 Спорт
 3 743

Президент табригида айтилишча, ўзбекистонлик ёшлар 2005 йилда 43 та спорт тури билан шуғулланган бўлса, бугун улар сони 59 тани ташкил этяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 26 май куни Фарғона вилояти маркази Фарғона шаҳрида бошланган “Универсиада – 2016” спорт ўйинлари иштирокчилари тарбик йўллади. Ушбу тарик матни ЎзА сайтида чоп этилди.
 
Қадрли фарзандларим!
 
Ҳурматли ота-оналар, устоз-мураббийлар ва спорт мухлислари! 

Авваламбор, сиз, азизларни бугун барча-барча ёшларимизнинг, қолаверса, бутун халқимизнинг эътиборини ўзига тортаётган талаба ёшларнинг спорт байрами бўлмиш Универсиада ўйинларининг тантанали очилиши билан самимий муборакбод этаман.
 
Ўзининг гўзаллиги ва бетакрорлиги билан “олтин водий” деб ном олган сўлим диёрда алоҳида ажралиб турадиган Фарғона шаҳрида янгитдан қурилган мана шу муаззам стадионни биринчи бор байрамона кайфиятда тўлдириб ўтирган сиз, азиз юртдошларимга, сизларнинг тимсолингизда бутун Фарғона аҳлига чин қалбимдан ҳурмат-эҳтиромимни ва эзгу тилакларимни билдириш – мен учун ҳақиқатан ҳам катта шарафдир.
 
Ҳеч шубҳасиз, бугун бошланаётган Универсиада беллашувлари Ватанимиз мустақиллигининг қутлуғ 25 йиллик байрами арафасида бўлиб ўтаётгани унга чуқур мазмун ва кўтаринки руҳ бағишламоқда.

Албатта, бугунги нуфузли мусобақаларга етиб келиш сизларга осон бўлмаганини ҳаммамиз яхши биламиз. Саралаш босқичларида иштирок этган 165 мингдан зиёд ўғил-қизларимиз орасидан фақат 900 нафар қатнашчига бундай юксак бахт насиб этгани бу беллашувларнинг нақадар кескин ва муросасиз ўтганидан, сизларнинг тинимсиз кураш, бақувват ирода ва маҳорат ҳисобидан бугунги марраларга етиб келганингиздан далолат беради.
 
Мамлакатимизда шаклланган, “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт ўйинларини ўз ичига олган, уч поғонадан иборат ноёб тизимнинг юқори босқичи бўлмиш Универсиада ўйинларида қатнашиш шарафига эришиш ва маҳоратингизни намоён этишнинг ўзи, ҳеч шубҳасиз, улкан ғалабадир, десам, асло хато бўлмайди. Барчангизни ана шундай катта ютуқ билан қизғин табриклаб, сизларга ўзимнинг самимий меҳрим ва ишончимни билдириб, бўлғуси беллашувларда омад ва зафарлар тилайман.
 
Азиз болаларим!
 
Ҳаммамизга хурсандчилик етказадиган мана шундай шукуҳли кунда мустақиллик йилларида озод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, мамлакатимиз салоҳияти ва қудратини юксалтириш, фарзандларимизни ҳар томонлама етук инсонлар этиб тарбиялаш йўлида қандай улуғвор ишларни амалга оширганимиз беихтиёр хаёлимизга келади. 

Бу ҳақда гапирганда, аввало, кейинги ўн йилда Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг 744 миллиард сўмлик маблағи ҳисобидан барча вилоят, шаҳар ва қишлоқларимизда 1 минг 700 дан зиёд замонавий спорт иншоотлари бунёд этилганини таъкидлаш ўринлидир. Энг муҳими, жондан азиз болаларимизни ёшликдан бошлаб спорт билан шуғулланишга жалб этиш, навқирон авлодимизни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан баркамол бўлиб, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмасдан униб-ўсиши ва юксак чўққиларни эгаллаши учун мустаҳкам замин яратишга эришдик.

Давлатимиз, жамиятимиз томонидан кўрсатилаётган, илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган бундай улкан эътибор туфайли тарихан қисқа даврда бу соҳада қўлга киритган ютуқ ва марраларимиз ҳақида кўп гапириш мумкин. Мен фақатгина айрим мисолларга диққатингизни қаратмоқчиман. 

Мамлакатимизда охирги ўн йил давомида спорт билан мунтазам шуғулланиш даражаси болалар ва ўсмирлар ўртасида 30 фоиздан 57 фоизга, қиз болалар ўртасида 24 фоиздан 47 фоизга етгани бизнинг бу борада қандай катта ўсишга эришганимиздан далолат беради.
 
Яна бир муҳим томони шундаки, 2005 йилда фарзандларимиз спортнинг 43 та тури билан шуғулланган бўлса, бугунги кунда бу рақам 59 тани ташкил этмоқда. Биз учун мутлақо янги бўлган бадиий гимнастика, таэквондо, муайтай, сузиш, синхрон сузиш, теннис, ватерпол, эшкак эшиш каби спорт турлари бўйича ёшларимиз нуфузли халқаро мусобақаларда юксак шоҳсупаларга кўтарилмоқда. Уларнинг номлари дунё миқёсида машҳур бўлаётгани, ҳурмат билан тилга олинаётгани Ўзбекистонимизнинг обрў-эътиборини жаҳон майдонида юксалтириш ва тараннум этишнинг ёрқин ифодаси бўлиб, бундан ҳар қанча ғурурлансак, фахрлансак, арзийди, албатта. 

Айниқса, қизларимизнинг йигитлардан қолишмасдан, кураш, дзюдо, каратэ, таэквондо каби соҳаларда салмоқли ютуқларни қўлга киритаётгани ёш авлодимиз ўз олдига қўйган мақсадларга эришишда ҳар томонлама қатъият, мардлик ва азму шижоат кўрсатишга қодир эканини яна бир бор тасдиқлайди. 

Бугунги кунда ана шундай ёшларимиз қаторида Руслан Нуриддинов, Светлана Радзивил, Ихтиёр Наврўзов, Вадим Меньков, Гулноза Матниёзова, Аббос Раҳмонов, Нафиса Мўминова, Бекзод Абдураҳмонов, Бектемир Мелиқўзиев, Ситора Ҳамидова, Ҳасанбой Дўсматов, Екатерина Воронина, Жасур Бойқўзиев,Раънохон Омонова, Диёрбек Ўрозбоев, Марина Хмелевская, Зоҳид Кенжаев сингари маҳоратли спортчиларимиз ўзларининг дастлабки зафарли қадамларини айнан Универсиада ўйинларида бошлагани бу беллашувлар ўғил-қизларимиз учун ҳақиқатан ҳам “парвоз майдончаси” бўлиб хизмат қилаётганидан далолат беради.
 
Мен, сиз, азиз фарзандларимнинг халқаро майдонларда – бу илм-фан, маданият ва санъат бўладими, спорт мусобақалари бўладими, барча соҳаларда эришаётган умидбахш ютуқларингиз ҳақида қачонки эшитсам, хабар топсам, хурсандчилигим, сизларга бўлган меҳрим ва ишончим янада зиёда бўлади, десам, қалбимда, юрагимда бўлган гапни айтган бўламан.
 
Барчангиз яхши хабардорсиз, ҳозирги вақтда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ҳамда Тошкент шаҳрида замонавий олий маҳорат спорт мактабларини барпо этиш бўйича қабул қилган дастуримиз асосида катта амалий ишлар олиб борилмоқда. Узоқни кўзлаб ҳаётга татбиқ этилаётган бу дастур мамлакатимизда спорт соҳасини янада ривожлантириш, уни янги, юксак босқичга кўтаришга муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиздир.
 
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
 
Бу йилги Универсиада мусобақаларида олимпия ўйинлари дастурига киритилган бокс, эркин кураш, юнон-рум кураши, таэквондо, оғир атлетика каби бешта спорт тури бўйича беллашувлар бўлиб ўтиши, табиийки, бу ўйинларнинг нуфузи ва аҳамиятини янада оширади.
 
Ушбу мусобақаларни юксак савияда ўтказиш учун мамлакатимизда ҳар томонлама катта тайёргарлик ишлари амалга оширилганини алоҳида қайд этиш лозим. Биргина Фарғона шаҳрининг ўзида 37 миллиард 215 миллион сўм маблағ сарфланиб бунёд этилган ва энг юқори талаблар асосида жиҳозланган ўнлаб янги спорт иншоотлари, стадионлар, теннис кортлари, сузиш ҳавзалари, спорт заллари ва бошқа объектлар бугун сизларга ўз эшикларини очмоқда. 

Фурсатдан фойдаланиб, мана шундай замонавий спорт мажмуаларини барпо этган қурувчиларга, меъмор ва муҳандислар, пудратчи ва ҳомий ташкилотларга, шу йўлда сидқидилдан хизмат қилган барча инсонларга,кўпни кўрган, меҳнаткаш Фарғона аҳлига самимий миннатдорлигимни изҳор этаман.
 
Қадимий ва саховатли Фарғона заминида ўзаро ҳурмат ва дўстлик руҳида, қизғин курашлар билан ўтадиган Универсиада ўйинлари мамлакатимиз ёшлари ҳаётида, спортимиз тарихида ёрқин саҳифа бўлиб қолади, деб ишонаман. 

Азиз фарзандларим, қадрли юртдошлар!
 
Бугунги тез суръатлар, шиддат билан ўзгариб бораётган замон, халқаро майдонда тобора кескин тус олаётган рақобат кўпчилик мамлакатлар қаторида биздан, авваламбор, белини маҳкам боғлаб, катта ният ва ишонч билан ҳаётга кираётган сиз, навқирон ёшларимиздан янгича фикрлашни, энг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллашни, Ватанимизнинг тақдири ва эртанги куни учун масъулиятни ўз зиммангизга олишга қодир бўлишни талаб этмоқда.
 
Бундай юксак мақсадларга етиш учун ҳар қайси йигит-қиз ўз устида тинимсиз ишлаши, иродасини чиниқтириши, бу йўлдаги қийинчиликлар олдида бўш келмай, ғалабага эришиш учун ўзини аямасдан, ҳал қилувчи дақиқаларда бутун борлиғини сафарбар этишга тайёр бўлиши даркор.
 
Шу маънода, аввало, ўзига талабчанликни ошириш, қатъий интизомга риоя қилиш, ўз олдига қўйган мақсадларга эришиш учун бор куч-ғайратини ишга солиш, ҳаётда курашчи бўлиб яшаш, мардлик ва матонат каби хусусият ва аломатларни фақат спортга ёшликдан ихлос қўйиб, унинг сир-асрорларини чуқур ўрганиш, машаққатли машқларда тобланиш орқали тарбиялаш мумкинлигини ҳеч қачон унутмаслигимизни истардим. 

Менинг сиз, азиз болаларимга тилагим шуки, мана шундай олижаноб фазилатлар бугун спорт майдонларида, эртага ҳаёт майдонларида ҳар бирингизга ҳамиша ёр бўлсин! 

Барчангизни бағримга босиб, бугунги ёшлик ва спорт байрами билан яна бир бор чин юракдан қутлар эканман, сизларга сиҳат-саломатлик, бахту саодат ва зафарлар тилайман.

Теглар:Ислом Каримов Президент табриги Универсиада – 2016 Фарғона 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!