Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт”, деб мақсадни аниқ қўйди.
2010 йилда Яқин Шарқда бошланган тартибсизликлар бугунгача ўз асоратини кўрсатмоқда. Украинада бўлган воқеалар нафақат Европа мамлакатлари, балки Осиё минтақасига ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Туркия, Франция, Бельгиядаги кўнгилсиз воқеалар бутун дунё эътиборини тортди. Қўшни мамлакатларда бўлаётган терактлар эса кишини янада бир бор шукрона келтиришга ундади. Сурия, Ироқ, Афғонистон, Яманда давом этаётган қирғинбаротлар эса бутун дунё аҳлини ларзага келтирмоқда. Эътибор бериб қарайдиган бўлсак, дунёда бўлаётган урушлар, портлаш ва терактлар, намойишкорона чиқишларнинг иштирокчилари ҳам, қурбонлари ҳам ёшлар бўлмоқда. Ҳали жамиятда ўз ўрнини топишга улгурмаган, қаерга етакласанг, ўша ерга қараб кетаверадиган оламондан фойдаланиш, уни истаган мақсадга йўналтиришданда осон иш йўқ, аслида.
Ўзбекистон ўз мустақиллигига эришган илк йилларданоқ ёшлар маънавиятини, уларнинг онгини ташқи таҳдидлардан асраш, “оммавий маданият” ниқоби остидаги ғарбдан кириб келаётган “янгича ғоя”лардан ҳимоя қилиш масаласига катта эътибор қаратилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан ёшларнинг таълим олишлари, илм-фан чўққиларини забт этишларига кенг шарт-шароитлар яратилди. Кадрлар тайёрлаш умуммиллий дастури қабул қилинди. 12 йиллик мажбурий таълим жорий этилди. Минглаб мактаб, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари барпо этилди, мавжудлари қайта таъмирланди. Дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари билан таълим соҳасида ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ўзбекистон ёшлари дунёнинг исталган мамлакатида таҳсил олишига кенг йўл очилди.
Мамлакатимизда ўсиб келаётган янги авлодга қаратилаётган эътибор сабаб, бугун ёшларнинг жамиятдаги фаоллиги кундан-кунга ортиб бормоқда. Ёш, иқтидорли, дунёқараши кенг, бир неча тилларни биладиган, халқаро майдонда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган ёшлар – Президентимиз таъбири билан айтганда, юртнинг ишончи, таянчи, эртанги кундан умиди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт”, деб мақсадни аниқ қўйди. Юртимизда 2000 йил – “Соғлом авлод йили”, 2001 йил – “Она ва бола йили”, 2008 йил – “Ёшлар йили”, 2010 йил – “Баркамол авлод йили”, деб номланиши, бу йилларга оид давлат дастурлари ишлаб чиқилиши ва ҳаётга тадбиқ этилиши, “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши таг замирида ҳам, ёшларга қаратилаётган эътибор ва мислсиз имкониятлар ётибди.
Айни кунларда ижтимоий тармоқларда Президент Ислом Каримовнинг ёшларга қарата гаплари айтган гаплари тасвирланган видеолавҳалар тарқаляпти. Мазкур тасвирларда давлат раҳбари ёшлардан умиди катта экани, уларга Ватаннинг эртасини ишониши ва Ўзбекистон фарзандларини ҳеч кимга, айниқса, юртфуруш ақидапарастлар қўлига бериб қўймаслигини таъкидлайди. Мазкур видеолавҳада ҳар бир Ўзбекистон фуқароси, хусусан, ёшлар тегишли хулоса чиқариб, эртанги кун учун ҳозирдан тадорик кўрса, илф-фан чўққиларини эгаллаб, Ватан равнақи, юрт истиқболига ўз ҳиссасини қўшса, мақсадга мувофиқ бўларди.