Дилма Руссефф ўзининг айбдор эмаслигини айтмоқда. 180 кунлик импичмент тугади, овоз бериш жараёни эса ҳаммасига якун ясайди.
Айни вазият юзасидан 2016 йилнинг май ойида импичмент ўз ишини бошлади. Бразилия Федерал сенати 55та овоз билан мамлакат президенти Дилма Руссеффга қарши импичмент жараёнининг давом этишини қўллаб қувватлагач, вазият кескин тус олди ва бир неча соат ичида президентнинг аввалги хатти-ҳаракатлари таҳлил этила бошланди. 17 соат давом этган импичментга овоз бериш жараёнларидан сўнг, Сенат Бразилия президенти вақтинчалик ўз лавозимидан четлаштирилгани ҳақида хабар қилди. 180 кун давомида унинг ўрнини мамлакат бош вазири Мишел Темер эгаллаши маълум қилинган эди.
Белгиланган 180 кун ўтди ва шу кунларда, аниқроқ қилиб айтганда, бир неча соат ичида Дилма Руссеффнинг сиёсат оламидаги ҳаёти ҳал бўлади.
Бугун, 31 август куни, кечки соатларда Бразилия президенти Дилма Руссеффнинг ўз лавозимини бутунлай тарк этиши ёки давлат раҳбари сифатида қолиши борасида сенатда овоз бериш жараёни бўлиб ўтади. Бу ҳақда “Vesti.ru” хабар қилмоқда. Аслида овоз бериш жараёни кеча бошланган эди. Бироқ 15 соат давом этган овоз бериш вақтида сенат аъзоларининг бу борада бир тўхтамга кела олмаганликлари туфайли овоз бериш бугунга кўчирилган.
Айни вақтгача хукумат вакилларининг 25 нафари импичментга овоз берган. Аниқ бир қарорга келиш ва уни тасдиқлаш учун эса энг камида 54 кишининг овози керак бўлади. Агар Сенат Руссефф ўз лавозимини тарк этиши керак, деган қарорни қабул қилса, унинг ўрнини вице-президент Мишел Темер эгаллайди.
Айтиш лозимки, мамлакат фуқаролари орасида Руссеффнинг сиёсатини қўллаб қувватловчилар кўп. Улар лавозимидан четлаштирилишига бир бахя қолаётган президентни йўқлаб, унга қарши бирор қарор қабул қилинишидан норози бўлиб, доимий равишда намойишлар ўтказишмоқда.
Кеча, 30 август куни тунда Руссеффнинг лавозимидан четлаштирилишига қарши ўтказилган намойишлар вақтида қўлбола портловчи мослама портлаб кетган. Айни ҳодисада ҳеч ким жабрланмаган, халок бўлганлар ҳам йўқ. Шу муносабат билан полиция намойишчиларни назорат остида ушлашга ҳаракат қилмоқда.
Бугун Бразилия тарихидаги муҳим кунлардан бири. Ўзининг айбсиз эканини таъкидлаётган Дилма Руссеффнинг сиёсат оламидаги ҳаёти бир неча соатдан сўнг ҳал бўлади.