Романда бош қаҳрамоннинг жасорати, халқпарварлиги, адолатпарварлиги ёрқин ифодаланган.
Романда бош қаҳрамоннинг жасорати, халқпарварлиги, адолатпарварлиги ёрқин ифодаланган. У, энг аввало, одамларда эртанги кунга ишонч, умид уйғотиш зарурлигини англаб, айнан шу йўналиш бўйича илк фаолиятини бошлади. Ўша даврда ҳукм сурган қоғозбозлик, буйруқбозлик, баландпарвозлик каби иллатларга барҳам беришга уринди, халқ билан юзма-юз гаплашди, муаммоларни очиқ-ойдин ўртага ташлаб, уларни бартараф этиш юзасидан кенгашди. Айниқса, “Пахта иши” касофатидан жабр кўрган оилаларга ёрдам қўлини чўзди, уларнинг дардига малҳам бўлишга интилди.
Луқмон Бўрихон ўз қаҳрамонини фақатгина қаттиққўл ва талабчан раҳбар, давлат ва сиёсат арбоби сифатида тасвирлаш билангина чекланиб қолмади. Балки, роман мутолааси жараёнида Ислом Каримовни дарёдил инсон, юраги қувончу ғуссаларга лиммо-лим оддий бир одам сифатида ҳам тасаввур этиш мумкин.
Ушбу романга адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев қуйидагича тақриз ёзади:
Бу асар қўлёзмаси билан илк танишиб чиққан ўқувчилардан бири, ҳойнаҳой, мен бўлсам керак. Ўша воқеага ҳам, адашмасам, етти-саккиз йилдан ошиб қолди. Ўшанда Ёзувчилар уюшмаси томонидан қўлимга оғиргина бир жилд тутқазилди. Юртбошимизнинг Қашқадарё вилоятида раҳбарлик қилган даври ҳақида ёзилган роман, ўқиб, фикр билдирсангиз, дейишди. Очиғи, аввалига анчагина ажабландим, уларнинг гапларига ишонмагандай бўлдим. Ахир бу ўта жиддий ва масъулиятли мавзу, ҳар ким ҳам бу мавзуда қоғоз қоралашга журъат этолмайди, деган ўй хаёлимдан ўтди. Бемаслаҳат, бекенгаш шундай залварли юкни елкасига олгани учун ёзувчи Луқмон Бўрихонни ич-ичимда койиб ҳам қўйдим, унинг қилган меҳнатига ачиндим. Ахир не бир номдор адиблар ҳам бу мавзуга ботина олишмаган. Луқмон Бўрихон улар олдида анча ёш, тажрибасиз туюларди, назаримда. Хуллас, шундай кайфиятда қўлёзмани варақлашга тутиндим. Аммо шуҳба-гумонларим беҳуда экан. Қўлёзманинг сўнгги саҳифасини ўқиб чиққан пайтимда кўнглимда қандайдир қувонч, завқ пайдо бўлди. Луқмон Бўрихон уддалабди! Унинг асари мавжуд ижтимоий-сиёсий жараёнга, шунингдек, адабиётнинг азалий талабларига деярли жавоб берарди. Албатта, маромига етмаган, яна бир карра тер тўкишга ундайдиган жиҳатлар ҳам талайгина эди. Биз ёзувчига бу борада ўз фикр ва таклифларимизни билдирдик. Луқмон йўл-йўриқларимизни инобатга олиб ўз асарини тағин икки-уч марта қайта ишлади. Натижада, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, атоқли давлат ва жамоат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов ҳаёти ва фаолиятига оид пишиқ-пухта, ҳужжатли-бадиий роман дунёга келди. Бугун у кенг ўқувчилар оммасига ҳавола этилмоқда.
... Шу ўринда бир савол туғилади: ёзувчи Луқмон Бўрихон Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ҳаёти ва фаолияти ҳақида бадиий асар яратар экан, нега айнан у киши Қашқадарё вилоятида ишлаган даврни мавзу қилиб олди? Чунки мустақиллик, озодлик ғоялари бу инсонда илк бор ўша кезлари куртак ота бошлаган эди. Бу ҳақда, кейинчалик, Ислом Каримовнинг ўзи катта йиғинларда сўзлаганидан, айрим асарларида қайд этганидан кўпчилик хабардор. Ўша даврда вилоят раҳбари қашқадарёликлар мисолида бутун Ўзбекистон халқининг дардини, муаммоларини кўра билди. Пахта яккаҳокимлигини, барча шарт-шароитлар мавжуд бўлса-да, республикани ривожлантириш масаласига марказдагилар атай панжа орасидан қараётганлигини англаб етди. Бу қуллик ва қарамликдан қутулиш йўли битта, у ҳам бўлса, Мустақилликни қўлга киритиш керак эканлигини бутун борлиғи билан ҳис этди. Ислом Каримов шундай улуғвор кечинмалар, орзу-истаклар оғушида юрган кезлари Ўзбекистон раҳбарлигига сайланади.