Учрашувда Ўзбекистон ва Тожикистоннинг ҳали фойдаланилмаган имкониятлари кўплиги, уларни ишга солиш икки томон учун ҳам манфаатли экани таъкидланди.
Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон билан учрашувда ўзбек ва тожик халқларини азалий дўстлик ва қўшничилик ришталари, маданият ва анъаналар уйғунлиги боғлаб туриши таъкидланди.
Бугунги кунда Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб соҳаларда изчил ривожланиб, ўзаро савдо айланмаси муттасил ўсиб бормоқда. 2016 йилнинг дастлабки тўрт ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 17,6 фоиз ошди.
Учрашувда мамлакатларда ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўплиги, уларни ишга солиш икки томон учун ҳам манфаатли экани таъкидланди. Савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Имомали Раҳмон Тожикистон Ўзбекистон билан ҳамкорликни юксак қадрлашини, ушбу учрашув ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш учун яхши имконият бўлганини таъкидлади. Мазмунли учрашув учун Президент Ислом Каримовга самимий миннатдорлик билдирди.