Учрашувда ўзаро савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Бугун, 23 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ислом Каримов Туркманистон Президенти билан суҳбатда унинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида фахрий меҳмон сифатида иштирок этиши икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликка асосланган ҳамкорликнинг яна бир ифодаси эканини қайд этди. Бу икки давлат минтақада ва халқаро миқёсда бир-бирининг нуфузини ошириш ҳамда позициясини мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлаб келаётганини намоён этишини таъкидлади.
Ўзбекистон – Туркманистон муносабатлари юқори суръатлар билан ривожланиб бормоқда. Олий даражадаги мулоқотлар мунтазамлик касб этган.
2015 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 320 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистондан Туркманистонга автомобиллар, қишлоқ хўжалиги техникаси, минерал ўғитлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа товарлар экспорт қилинмоқда. Туркманистондан Ўзбекистонга нефть ва нефть маҳсулотлари етказиб берилмоқда.
Транспорт ва транзит соҳаси иқтисодий алоқаларнинг стратегик йўналишларидан. Ўтган йили Ўзбекистон ташқи савдо юкларини Туркманистон орқали ташиш ҳажми 43 фоиз ўсгани бунинг яққол далилидир.
Учрашувда ўзаро савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашилди.
Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ШҲТ саммитига таклифи учун Президент Ислом Каримовга самимий миннатдорлик изҳор этди. Туркманистон Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.