
Фонд васийлик кенгаши раиси Лола Каримова-Тилляева грантлар танлови ҳақида маълумот берди.
Лола Каримова бир неча ҳафта аввал фонднинг илк хайрли лойиҳаси ҳақида ҳам ижтимоий тармоқлар орқали маълумот тарқатган эди. Фонднинг васийлик кенгаши раиси Лола Каримова-Тилляеванинг навбатдаги хабари Европа ва АҚШ олий ўқув юртларида магистратура йўналиши бўйича таҳсил учун грантлар танловининг саралаш босқичи ҳақида бўлди.
“Ислом Каримов номидаги Фонд томонидан шу йилнинг январь ойида эълон қилинган Европа ва АҚШ олий ўқув юртларида магистратура йўналиши бўйича таҳсил учун грант доирасидаги саралаш танлови якуний босқичга келиб қолди.
Саралаш имтиҳонлари бир неча босқичда амалга оширилиб, чет тилидан махсус тест, танланган мутахассислик бўйича тест ва суҳбат, мутахассислар билан суҳбат, IELTS тестларидан иборат бўлди”, деб ёзади васийлик кенгаши раиси.
Маълум қилинишича, таълим гранти учун саралаш танловида Ўзбекистон олий ўқув юртларининг 300 га яқин битирувчилари иштирок этган. Улардан 25 нафари танловнинг охирги босқичига ўтиб, IELTS тестларида иштирок этиш бахтига муяссар бўлган. Ҳозирда ғолиблар сони ва рўйхатини аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ғолиблар танлов давомида ўтказилган барча тест ва имтиҳонларда эгалланган балларнинг умумий йиғиндиси асосида танланади. Энг кўп бал тўплаган номзодлар Европа ва АҚШ олий таълим муассасаларида магистрлик йўналишида таҳсил олиш имконига эга бўладилар.
“Фурсатдан фойдаланиб, имтиҳон синовларини ўтказишда амалга оширган кўмаклари учун Фонднинг барча ҳамкорларига, жумладан Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Британия Кенгаши, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкентдаги филиали, INHA университети ҳамда Ўзбекистоннинг бошқа олий таълим муассасаларига ўз миннатдорчилигимни изҳор этаман”, деб ёзади Лола Каримова-Тилляева.
Жамоатчи ўз пости якунида Европа ва АҚШнинг пешқадам олийгоҳларида таълим олган кадрлар келажакда Ўзбекистон равнақига ўз ҳиссасини қўшишига амин эканини ёзиб, уларга омад тилаган.