...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ислом Каримов Болгария Республикаси Бош вазири билан учрашди


15:42, 19.05.2016 Жамият
 2 376

Ўзбекистон Болгарияни анъанавий ва ишончли иқтисодий ҳамкор деб билади, ўзбек ва болгар халқлари узоқ йиллик дўстлик алоқаларига эга.

Аввалроқ, Болгария Республикаси Бош вазири Бойко Борисов Ўзбекистон Республикасига расмий ташриф билан келаётгани, ташриф чоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов билан учрашув ўтказилиши ҳақида хабар берган эдик. Кеча, 18 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсаройда Болгария Республикаси Бош вазири Бойко Борисовни қабул қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
 
Президент Ислом Каримов меҳмонни самимий қутлар экан, Болгария Бош вазирининг Ўзбекистонга илк ташрифи ўзаро муносабатларда муҳим воқеа бўлиб, икки мамлакат ўртасидаги манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда яхши имконият эканини таъкидлади.
 
Ўзбекистон Болгарияни анъанавий ва ишончли иқтисодий ҳамкор деб билади, ўзбек ва болгар халқлари узоқ йиллик дўстлик алоқаларига эга. 

Учрашувда иқтисодий ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари – саноат, транспорт коммуникациялари, туризм, шунингдек, замонавий қўшма саноат корхоналарини ташкил қилишнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
 
Томонлар Болгария Бош вазири ташрифи доирасида 18 май куни “Ангрен” махсус индустриал зонасида юқори технологияли янги “УзПристаойл” қўшма корхонасининг очилиши ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ёрқин мисоли бўлганини қайд этдилар. “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси ва Болгариянинг “Приста Ойл” компанияси томонидан таъсис этилган мазкур корхона синтетик ва ярим синтетик мотор мойларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашга ихтисослашган. 

Бойко Борисов янги корхонанинг экспорт салоҳияти юқори эканини, Ўзбекистонда ташкил этилган “Навоий” ва “Ангрен” махсус иқтисодий ва индустриал зоналарда хорижий сармоядорларнинг муваффақиятли фаолияти учун қулай шароит яратилгани, бу янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар эканини таъкидлади. Бу Болгария компанияларига Марказий, Жанубий ва Шарқий Осиё мамлакатлари бозорларига чиқиш имконини беради.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Болгарияда олиб борилаётган ва асосий йўналишлари иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, инвестицияларни кенгайтириш, тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бўлган иқтисодий сиёсатни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
 
Болгария Бош вазири Ўзбекистонда мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар стратегияси натижасида туб иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришларга эришилганини юқори баҳолади. Бугунги ислоҳотлар ва таркибий ўзгаришлар Ўзбекистоннинг янада тараққий этишида муҳим омил бўлаётганини қайд этди. 

Томонлар ўзаро савдо алоқаларини янада кенгайтириш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади. Ўзбекистон Болгария бозорига кенг турдаги саноат маҳсулотлари экспорт қилиш ва ушбу мамлакатдан юқори технологияли товар ва ускуналар импорт қилишдан манфаатдор. 

Учрашувда Ўзбекистон билан Болгария ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги истиқболли янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун ишбилармон доиралар делегациялари алмашиш бўйича келишиб олинди.
 
Бойко Борисов Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Болгария Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. 

Теглар:Ўзбекистон-Болгария Болгария Ислом Каримов Бойко Борисов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар