Кўпгина раҳбар кадрлар иш сўраб келган киши билан узоғи билан 5–10 дақиқа, айрим ҳолларда 15–20 сония суҳбатлашишининг ўзи кифоя...
Интернет орқали иш қидирувчилар овора-сарсон бўлмасликлари учун мазкур маслаҳатлардан фойдалансалар фойдадан ҳоли бўлмайди. Эътиборингизга тақдим этилаётган 5 та маслаҳатнинг ИККИНЧИСИ билан танишинг.
- Биринчи маслаҳатга қулоқ тутиб, ўз мутахассислигингиз ва маълум даражадаги иш-тажрибангизга суяниб, ўзингиз яшайдиган ҳудуддан унча узоқ бўлмаган корхонага-ташкилотга иш сўраб бордингизу фойдаси бўлмадими?
- Ташкилот раҳбари қабулига киришга имкон ҳам бўлмадими?
- Кадрлар бўлими мутахассислари ҳатто таржимаи ҳолингиз ёзилган варақни ўқиб ҳам кўришмадими?
- Бизда бўш иш ўрни йўқ, бўлса ўзимиз хабар берамиз, деб тезроқ сиздан қутилиш пайида бўлишдими?
Тушкунликка тушманг! Яхши ният — ярим мол! Иш қидиришни давом эттиринг. Ҳаракатда барокат бор, дейди доно халқимиз. Иккинчи маслаҳатга қулоқ тутинг...
2-маслаҳат. Таниш-билишларга учрашиш ёки қўнғироқ қилиш орқали иш қидиринг...
Иш қидиришда интернетдаги иш берувчилар эълонларига мурожаат қилиш айрим оворагарчиликларга олиб келади. Негаки, интернетдаги эълонларнинг аксариятида сиз билиб-билмаган “қопқонлар” мавжуд!
Интернетда иш қидиришнинг салбий оқибатлари ҳақида бироз кейинроқ тўхталамиз. Ҳозирча иккинчи маслаҳат — таниш-билишларга учрашиш ёки қўнғироқ қилиш орқали иш қидиришга уриниб кўринг...
Ташкилот ёки корхонага зарур кадрларнинг таҳсил олган ўқув юрти, мутахассислиги ҳамда иш тажрибаси — булар иш берувчининг биринчи расмий талаблари.
Норасмий, бошқача айтганда, доимий ҳаётий талаблар — бу сиз ва сизнинг иш қобилиятингиз ҳақидаги маълумотлар!
Сизни ва оилангизни, оила аъзоларингизни, дўстларингиз ёки устозларингизни яхши таниган иш берувчининг маълум бир иш ўрнига таклиф қилиши самаралироқ.
Меҳнат фаолиятингизда сизнинг феъл-атворингиз, муомала маданиятингиз, одобингиз, кийиниш маданиятингиз — муҳим аҳамият касб этадиган жиҳат.
Кўпгина раҳбар кадрлар иш сўраб келган киши билан узоғи билан 5–10 дақиқа, айрим ҳолларда 15–20 сония суҳбатлашишининг ўзи кифоя...
Улардаги билим-тажриба, сиз ҳақингиздаги дастлабки таассурот орқали, иш берувчини дарров бир қарорга келишига ундайди.
Кўпчилик ҳолатларда уларнинг тахминий, ҳеч бир синовларсиз қилган қарорлари, аниқроғи иш изловчи ҳақидаги дастлабки фикрлари тўғри бўлиб чиқади.
Шунинг учун сиз ва сизнинг иш-тажрибангиздан хабардор кишилар орқали ўзингизга муносиб иш қидиришингиз бирмунча самарали усул. Бироқ бу фақат ишга жойлашишда муҳим аҳамиятга эга.
Иш ўрнини сақлаб қолиб, унда ютуқларга эришиш кўп томонлама билим-тажрибангизга, яъни ўзингизга боғлиқ!
Шунинг учун таниш-билишларга учрашиш ёки қўнғироқ қилиш орқали иш қидиринг. Масалан, курсдошларингиз орқали...
Биринчидан, улар сиз тенги кадрлар. Иккинчидан, улар ҳам сиз эгаллаган мутахассисликка эга. Демакки, курсдошларингиз билан маълум маънода ҳамкасбсиз...
Дўстона муносабатлар, бундан ташқари, сизни бўш иш ўрнига тавсия этаётган кадрнинг сиз ҳақингизда илиқ фикрлар билдириши, сизни анчадан буён таниши — омад йўлингизни очади.
Курсдошлардан ташқари: собиқ ҳамкасблар, қариндошлар, оилангиз дўстлари орқали бўш иш ўринлари ҳақида маълумот олиш самаралироқ.
Муҳими, иш қидиришда дуч келаётган “тўсиқлар” қаршисида “синиб” қолманг. Ҳаракатни давом эттираверинг...
Азизлар, гарчи сизга тавсия этилаётган ушбу маслаҳатлар иш қидириш фаолиятида “кашфиёт” бўлмасада, бу Сизга аталган иккинчи маслаҳат эди.
Мазкур туркумнинг навбатдаги маслаҳатлари билан танишишни унутманг!