Евроосиё ва Америкада сўнгги икки аср давомида 20 яқин инқирозлар юз берган.
Махсус адабиётларда инқироз тушунчаси маҳсулот ва хизматларга бўлган талаб ва таклифнинг тенглиги бузилиши билан тавсифланади.
Инқирозлар одамларга бутун инсоният тарихи давомида ҳамроҳлик қилиб келади. Аввал бошида улар қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришда кўзга ташланган бўлса, XIX аср ўрталаридан ишлаб чиқариш ва талаб тенглиги бузилишида намоён бўлган.
XX асргача иқтисодий инқирозлар бир, икки ёки уч мамлакат билан чегараланган, кейин халқаро миқёсда кенгая бошлаган. Евроосиё ва Америкада сўнгги икки аср давомида 20 га яқин инқирозлар юз берган.
1. Биринчи халқаро иқтисодий инқироз 1857 йилда содир бўлган ва АҚШ, Германия, Англия, Франциянинг халқ хўжалиги ва жамият ҳаётига таъсир қилган. Инқироз АҚШда бошланган. Унга темирйўл компанияларининг касотга учраши ва акциялар бозорининг қулаши сабаб бўлган. Фонд бозорларининг сусайиши Америка банк тизимида инқироз келиб чиқишига олиб келган. Ўша йилдаёқ инқироз Англияга ўтган, сўнг бутун Европага ёйилган. АҚШда чўян ишлаб чиқариш, пахта етиштириш ўртача 25 фоизга камайган. Буюк Британияда кемасозлик 26 фоизга қисқарган. Германия ва Францияда ҳам чўян ишлаб чиқариш ҳажми қисқарган. Россия ҳам инқироздан четда қолмаган. Мамлакатда чўян ишлаб чиқариш, пахта толали матолар ишлаб чиқариш кескин қисқарган.
2. Иккинчи халқаро иқтисодий инқироз 1873 йилда Австрия ва Германияда бошланган. 1873 йилдаги инқироз йирик халқаро молиявий инқироз сифатида баҳоланади. Англия капитали сабаб Лотин Америкасида кредитнинг кўтарилиши ҳамда Германия ва Австрияда чайқовчилик ортидан кўчмас мулк бозоридаги кўтарилиш инқироз учун дастлабки сабаб бўлган. Автро-герман кўтарилиши фонд бозорининг қулаши билан якунланган. АҚШда Нью-Йорк фонд биржасида акциялар нархининг кескин пасайиши ва Бирлашган Тинч океани темирйўли молиячиси Жей Кук банкрот бўлгач, ҳавотир бошланган. Америка ва Европа иқтисодиёти турғунлик ҳолига тушиб қолган, Лотин Америкаси мамлакатлари экспорти кескин камайган, натижада давлат бюджети даромади қисқарган. Бу капитализм тарихида энг узоқ давом этган инқироз бўлган ва 1878 йилда якунланган.
3. 1914 йил Биринчи жаҳон уруши бошланиши сабаб халқаро молиявий инқироз юз берган. Унга АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Германия ҳукуматларининг ҳарбий ҳаражатларни молиялаштириш учун хорижий эмитентларни кўп миқдорда сотиши сабаб бўлган. Бу инқироз урушувчи мамлакатлар хорижий активларини сота бошлагач, бир вақтда бир қанча мамлакатда бошланган ва бошқаларидан фарқли равишда марказдан бошқа жойларга тарқаб кетмаган.
4. Навбатдаги халқаро иқтисодий инқироз урушдан кейинги дефляция (миллий валюта харид қувватининг ўсиши) ва рецессия (ишлаб чиқаришдаги тушкунлик) сабаб 1920-22 йилларда юзага келган. Унинг дастлабки аломатлари Дания, Италия, Финлаяндия. Недерландия, Норвегия, АҚШ ва Буюк Британиядаги банк ва валюта инқирозларида кўринган.
5. 1929-1933 йиллар – Буюк депрессия даври. 1929 йил 24 октябрь куни (қора пайшанба) Нью-Йорк фонд биржасида юз берган кескин пасайиш дунё тарихидаги энг йирик иқтисодий инқирознинг бошланиш аломати бўлди. Қимматбаҳо қоғозлар нархи 60-70 фоизга пасайган. Дунёнинг асосий валюталарига олтин стандарти бекор қилинган. Биринчи жаҳон урушидан кейин АҚШ иқтисоди тез суратларда ривожланди. Миллионлаб акционерлар ўз капиталларини кўпайтирдилар, истеъмол талаби катта суратларда ўсди. Ва бунинг ҳаммаси бир зумда йўқ бўлди. Қисқа фурсатда акционерлар 15 миллиард доллардан кўп йўқотишга учраган. 1929 йил охирида қимматбаҳо қоғозлар фантастик сумма – 40 миллиард долларга арзонлаган. Фирма ва заводлар ёпилган, банклар “синган”. АҚШда ишсизлик мамлакат аҳолиснинг 24,9 фоизигача етган. Инқироз 1933 йилгача кучайиб борган, унинг оқибатлари 30-йиллар охиригача сезилиб турган.
Бу инқироз даврида ишлаб чиқариш АҚШда 46 фоиз, Буюк Британияда 24 фоиз, Германияда 41 фоиз, Францияда 32 фоизга қисқарган. Саноат компаниялари акциялари нархи АҚШда 87 фоиз, Буюк Британияда 48 фоиз, Германияда 64 фоиз, Францияда 60 фоизга тушиб кетган.
6. Иккинчи жаҳон урушидан кейинги биринчи халқаро иқтисодий инқироз 1957 йил охирида бошланган ва 1958 йил ўрталаригача давом этган. У АҚШ, Буюк Британия, Канада, Бельгия ва Нидерландияни қамраб олган. Ривожланган мамлакатларда саноат ишлаб чиқариши 4 фоизга қисқарган. Ишсизлар 10 миллионга яқинлашган.
7. 1973 йил АҚШда бошланган иқтисодий инқироз қамрови, давомийлиги, чуқурлашуви ва оқибатлари жиҳатидан 1957-58 йиллардаги иқтисодий инқироздан таъсирлироқ бўлган. Ҳатто баъзи кўрсаткилари билан “буюк депрессия”га яқинлашган. Инқироз даврида АҚШда ишлаб чиқариш 13 фоиз, Японияда 20 фоиз, Германия Федератив Республикасида (ГФР) 22 фоиз, Буюк Британияда 10 фоиз, Францияда 13 фоиз, Италияда 14 фоизга қисқарган.
Акциялар курслари бир йилда – 1973 йил декабрдан 1974 йил декабргача АҚШда 33 фоиз, Японияда 17 фоиз, ГФРда 10 фоиз, Буюк Британияда 56 фоиз, Францияда 33 фоиз, Италияда 28 фоизга тушиб кетган. 1975 ўрталарида ривожланган капиталистик мамлакатларда ишсизлар 15 миллионга етган. Бундан ташқари 10 миллиондан ортиқ ишчи ярим кунлик иш ҳафтасига ўтказилган.
Шунингдек, 1973 йилда биринчи энергетика инқирози ҳам содир бўлган. Инқироз ОПЕК - нефть ишлаб чиқарувчи давлатлар “қора олтин”ни қазиб олишни камайтириши ҳисобига келиб чиққан. Шу йўл билан улар дунё бозорида нефть нархини кўтармоқчи бўлган. 1973 йил 16 отябрда бир баррель нефт нархи 67 фоизга – 3 доллардан 5 долларга қимматлаган. 1974 йилда нефть нархи 12 долларга етган.
8. 1987 йил қора душанба. 19 октябрь 1987 йил америка фонд индекси Dow Jones Industrial 22,6 фоизга қулаган. Америка бозори ортидан Австрлия, Канада, Гонконг бозорларида пасайиш кузатилган. Инқирознинг тахминий сабаби бир нечта йирик компаниялар капиталлашувидаги пасайиш ортидан инвесторларнинг бозорлардан чиқиши бўлган.
9. 1994-1995 йилларда Мексика инқирози юз берган. 1980 йиллар охирида Мексика ҳукумати инвесторларни мамлакатга жалб қилиш сиёсатини олиб борган. Хусусан, амалдорлар фонд биржалари очиб, Мексика компанияларини майдонга олиб киришган. 1989-1994 йилларда Мексикага чет эл капитали оқиб кирган. Инқирознинг биринчи белгиси мамлакатдан капиталнинг чиқиши бўлган. Хорижий инвесторлар мамлакатдаги иқтисодий инқироздан қўрқиб қолган. 1995 йилда Мексикадан 10 миллиард доллар капитал олиб кетилган. Мамлакатда банк тизими инқирози бошланган.
10. 1997 йил – Осиё инқирози. Иккинчи жаҳон уруши давридан бери Осиё фонд бозоридаги энг кенг қамровли пасайиш кузатилган. Инқироз Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларидан чет эл инвесторларининг кетиши натижаси оқибати бўлган. Минтақа мамлакатлари миллий валютаси девальвацияга учраши ва юқори тўлов баланси дефицити инқирозга сабаб бўлган. Иқтисодчилар ҳисоботига кўра, осиё инқриози дунё ялпи ички маҳсулотини 2 триллион долларга пасайтирган.
11. 1998 йилдаги Россия инқирози. Россия тарихидаги энг оғир иқтисодий инқирозлардан бири. Давлат қарзининг кўплиги, хомашё нархининг пастлиги (Россия йирик нефт ва газ хомашёсини етказиб берувчи) ва давлат ўз вақтида тўлай олмаган қисқа муддатли облигациялар дефолтга сабаб бўзлган. Рубль курси долларга нисбатан 1998 йил августдан 1999 йил январгача 3 баравар пасайган ва бир доллар 6 рублдан 21 рублга кўтарилган.
12. Навбатдаги иқтисодий инқироз 2008 йилда юз берди. АҚШда 2006 йил банк тизимида бошланган молиявий инқироз дунё давлатларига ёйилиб, иқтисодий талофатлар келтирган. Инқироз турли давлатларда, турли вақтда якунланган. Испания ва Греция ҳамон инқироз оқибатларини бартараф эта олмаяпти. Ушбу инқироз даврида дунё ЯИМи Иккинчи жаҳон уруши давридан бери илк бор салбий ўсиш суратини қайд этган.
Шунингдек, глобал савдо 10 фоизга қисқарган. АҚШ ва Европа иқисодида тушкунлик 2009 йил иккинчи чорагида тугаган, бироқ, 2011 йилда Европада тушкунликнинг иккинчи босқичи бошланган ва 2013 йилгача давом этган. Ишсизлик меҳнат бозори тарихида энг юқори нуқтасига етган. 2009 йилда 199 миллион одам ишсиз деб қайд этилган.
Навбатдаги инқироз қачон бўлиши ҳақида турли тахминлар мавжуд. Баъзи мутахассислар инқироз АҚШда савдо уруши натижасида бошланишини ва “буюк депрессия”дек асоратли бўлишини башорат қилмоқда. Баъзилар эса навбатдаги инқироз Японияда бошланиши айтмоқда.