...
МЕНЮ
ONLINE TV

Икки шахс Ўзбекистон футболидан бир умрга четлатилди


16:12, 02.12.2017 Спорт
 9 095

ЎФФнинг интернетдаги саҳифаси икки кун олдинги ҳолат бўйича расмий маълумот берди.

Аввалроқ сайтимиз саҳифаларида “Йўқол—коррупция! Бухородаги мусобақада ёши кичиклаштирилган футболчилар иштирок этишгани аниқланди” сарлавҳаси остида мақолани тақдим этгандик.
 
Мақолада ишончли манбамиз Бухорода ўтган 2000-йилги болалар ўртасидаги чемпионатда ноҳалолликка йўл қўйилгани. Яъни майдонга 2000-йилда туғилган эмас балки ёши каттароқ футболчилар туширилгани ҳақида айтиб ўтганди. У бундан ташқари айрим ҳакамлардан норози бўлганини ҳам қўшимча қилиб ўтган.
 
Воқеа 28-29 ноябрь кунлари орасида бўлиб ўтган, лекин шу кунгача бу масала юзасидан ҳеч қайси ташкилот расмий маълумот бермаганди.
 
Qalampir.uz нашри юқорида бўлиб ўтган вазият юзасидан юқори ташкилотлар тегишли чоралар кўришларини ҳамда бу масала ҳақида расман маълумот беришларини сўраганди.


 
Бугун, 2 декабрь куни Ўзбекистон футбол федерациясининг интернетдаги саҳифаси мазкур ҳолат бўйича расмий маълумот берди.
 
“Мамлакатимизда болалар футболини ривожлантириш, болалар ва ўсмирлар орасида футболни янада оммалаштириш борасида бир қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
 
Аммо, шунга қарамай, Вилоят футбол федерациялари томонидан юртимизда болалар футболининг ривожланишига  тўғаноқ бўладиган баъзи нохолисликларга  йўл қўйилмоқда.
 
Шу йилнинг 23-29 ноябрь кунлари Бухоро шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар терма  жамоаларининг  2000-йилда туғилган ўсмирлар гуруҳлари ўртасида Республика чемпионати бўлиб ўтди. Чемпионатда 12та жамоа 4та гуруҳга бўлинган ҳолда қатнашди.
 
Мана шу мусобақада Сирдарё вилояти терма жамоаси таркибида ёши кичрайтирилган ва қайдномадан ўтмаган футболчи иштирок этаётгани ЎФФ вакили томонидан аниқланган ва Сирдарё вилояти терма жамоасининг барча натижалари бекор қилиниб, мусобақадан четлаштирилган.
 
Бухоро шаҳрида ўтказилган футбол бўйича Республика чемпионатида аниқланган камчиликлар, нохолислик, кўзбўямачилик ва мамлакатимизда болалар ва ўсмирлар футболини ривожига тўғаноқ бўлаётган иллатларни келгусида бартараф этиш ҳамда мусобақада иштирок этувчи жамоа раҳбарлари ва мураббийларининг масъулиятини ошириш мақсадида Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти Умид Аҳмаджоновнинг буйруғи чиқди.
 
Буйруқда Сирдарё вилояти жамоаси мусобақада ёши кичрайтирилган ҳамда мусобақада иштирок этиш баённомасига киритилмаган футболчилар билан иштирок этган ҳолда, нохолисликка йўл қўйгани, маълумотларни қалбакилаштиргани сабабли вилоят жамоасига масъул бўлган шахслар Жаҳонгир Муродқосимов ва Аҳрор Миразимовларни футболдан бутунлай четлаштириш ва уларга футбол фаолияти билан шуғулланиш учун берилган лицензия, сертификатларни бир умрга бекор қилиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасига тақдимнома киритилиши айтиб ўтилган.
 
Шунингдек, Сирдарё вилояти футбол федерацияси аниқланган фактлар юзасидан тегишли масъулларга кескин чоралар кўриши ва кўрилган чоралар тўғрисида 3 кун муддатда  Ўзбекистон футбол федерациясига маълумот тақдим этиши белгилаб қўйилган.
 
Мазкур буйруқ барча ҳудудий федерациялар эътиборига етказилиб, юқоридаги ҳолатлар такрорланса, Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан кескин чоралар кўрилиши тўғрисида огоҳлантирилди”, - дейилади хабарда.
 
Ҳа, тўғри спортда нохалол вазиятлар бўлиб туриши табиий ҳолат, лекин билиб туриб, ўзидан кичикларга ҳам нотўғри тарбия бераётган устоз, мураббийларнинг бу ишларига шунчаки панжа ортидан қарашга ботина олмадик.
 
Ушбу масалани ёритишдан мақсадимиз Ўзбекистон футболида ноҳалоллик ва нотўғри ишларнинг якунланишига озгина бўлса ҳам ўз ҳиссамизни қўшсак, бундан шунчаки хурсанд бўлардик.
 
Зеро, Ўзбекистонда спорт соҳаси доим ривожланиб келган ва ривожланиш остонасида турибди. ЎФФнинг янги раҳбарияти ҳам айнан мана шундай ноҳалолликларни изини қирмоқда.  
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Бухоро ЎФФ болалар футболи 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!