Мавжуд камчиликлар юзасидан саволларга Тошкент шаҳар ҳокимияти Ахборот хизмати раҳбари Ҳусан Эрматов жавоб берди.
“Қўйлиқ-Шимолий Вокзал йўналишида қатнайдиган 13-трамвайда юрганда, худди қайиқда кетаётгандек чайқалиб юрасиз. Айниқса, 8 март кўчаси (собиқ Миробод туман ИИБ биноси)дан бошлаб Шимолий Вокзалгача трамвай йўллари ўтган кўчалар автоулов эгалари учун қийинчилик туғдиради. Рельслар атрофидаги йўллар бузилиб, кўчиб кетганлиги сабабли, кўпинча трамвай йўлини кесиб ўтаётган автоулов эгалари ўз норозиликларини билдиришади. Ёмғир ёққанда эса, айрим жойларда рельслар сув остига ғарқ бўлиб, гўёки йўқдек таассурот уйғотади.
Тунов куни ҳам бир автоулов трамвай йўлини кесиб ўтаётганда чуқурчага тушиб қолиб, тезда чиқиб кета олмади. Ҳайриятки, яқин орада трамвай йўқ эди. Агар трамвай келиб қолса, йўл транспорт ҳодисаси рўй берарди. Энди тасаввур қилинг, трамвайнинг олдини кесиб ўтаётган автоулов чуқурчага тушиб қолиб, ўчиб қолса, нима бўлади? Кўпгина йўловчи ва ҳайдовчиларнинг норозиликларига сабаб бўлаётган 8 март кўчасидан бошлаб Шимолий Вокзалгача бўлган трамвай йўллари ўтган кўчалар таъмирланармикан?”
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчисининг саволига ўхшаш саволларга Тошкент шаҳрида автомобиль йўллари ва кўприклар қурилиши, баъзи йўналишлардаги трамвай йўлларининг демонтаж қилиниши билан боғлиқ матбуот анжуманида Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов ҳам жавоб бериб ўтган эди. Бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимияти Ахборот хизмати раҳбари Ҳусан Эрматов билан боғландик.
“Мурожаатда келтирилган йўлларнинг ҳаммаси жорий йилда реконструкция қилинади. Трамвай рельслари олиб ташланиши ҳисобига баъзи автомобиль йўллари кенгайтирилади. Қўйликқа олиб борадиган Фарғона йўлидаги трамвай рельслари эса машиналар ҳаракатланадиган йўлга халал бермайди. Шу сабаб аввал трамвай ҳаракатланган йўллар ўрни ободонлаштирилади. Баъзи трамвай рельсларини олиб ташлаш биринчидан ҳаракат хавфсизлигига таъсир ўтказса, иккинчидан “улови” “тушови”дан қимматга тушади. Шу сабаб бу йўлларда трамвай рельсларини қолдирган ҳолатда устидан асфальт қилинади. Бу йил ҳамма трамвай йўлларида демонтаж ишлари олиб борилади”, – дейди Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакили.
Маълумот учун, Тошкент шаҳрида бугунги кунда бор йўғи 6 та йўналишда 48 та трамвай қатнаяпти. Улардан йилиги 10-11 миллион, кунига ўрта ҳисобда 20-25 минг йўловчи фойдаланади. Автобуслардан кунига 720-730 минг киши, метродан қарийб 200 минг киши, йўналишли таксилардан эса 70-80 минг йўловчи фойдаланяпти.