Ягонанинг янги куйлаган “Касабланка” номли қўшиғи Willy William’нинг “Ego” номли қўшиғига жуда ўхшайди.
Юқоридаги фикрларимиз айнан бир хонандага аталган эмас. Бугун Яратган бермаган иқтидорни компьютердан ахтараётганлар кам эмас.
Куни кеча хонанда Ягонанинг “Касабланка” қўшиғини жуда яхши кўриб тингладим. MY5 телеканали қўшиққа ишланган видеоклипни беармон тақдим этмоқда. Қўшиқ мусиқаси рақсбоп, сўзлари эса ҳамин қадар (аслида бугунги қўшиқлардан маъно қидириш аҳмоқлик). Қўшиқни бир неча кун тинглаб юрдим. Орадан кўп ўтмай, ашуланининг хориждан оғаси чиқиб келса денг.
Хонанда Ягона ижросидаги “Касабланка” қўшиғи Willy William’нинг “Ego” номли қўшиғига жуда ўхшайди. Тўғри, Ягона куйлаган қўшиқ ритми ва аранжировкасида фарқи бор, бироқ уни “Ego”га ўхшамайди, деб айтиш жуда қийин.
Биз мазкур масала юзасидан хонанданинг фикрини билиш мақсадида унинг маъмурига қўнғироқ қилдик. Гўшакни кўтарган йигит бу масалани ҳал этиш вазифаси эмаслигини, “Qalampir.uz” сайтига кириб кўргач, лозим топса, жавоб беришини айтди. Орадан бир неча кун ўтган бўлса ҳам таҳририятимизга қўнғироқ бўлганича йўқ.
“Касабланка” Willy William’нинг “Ego” қўшиғидан олингани кундек равшан бўлиб турган бир пайтда бу ашуланинг қанчалик ўғирлангани ҳақида мутахассислардан фикр олиб, уларни оввора қилгимиз келмади. Бу борада сизларнинг фикрингизга таянамиз. Икки қўшиқни тинглаб, ўзингиз баҳо беринг. Сизнингча, қўшиқлар қанчалик бир-бирига ўхшаш? Фикрларингизни эса изоҳларда қолдиринг.