...
МЕНЮ
ONLINE TV

Хитой–Ўзбекистон: ўйин олдидан тарихга бир назар...


15:22, 31.08.2017 Спорт
 2 284

Бугунги жамоалар ўртасидаги ўзаро баҳслар ва йўқотишлар хусусида тўхталиб ўтамиз.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи “А” гуруҳи 9-турида Хитой терма жамоаси билан бугун, 31 август куни сафарда баҳс олиб боради.
 
Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати жамоалар ўртасидаги ўзаро баҳслар ва йўқотишлар ҳақида тўхталиб ўтади.
 
Ўзаро учрашувлар
 
Терма жамоалар шу кунгача 13 марта ўзаро “тўқнаш” келган. Шундан 7 та учрашувда — Ўзбекистон, 4 ўйинда — Хитой ғалаба қозонган. 2 та ўйинда кучлар нисбати тенг бўлиб, дуранг натижа қайд этилган.
 
ЖЧ–2018 саралаш босқичи биринчи даврасида Самвел Бабаян шогирдлари Хитойни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратганди...
 
Терма жамоалар ўртасидаги сўнгги 5 ўйинда қайд этилган натижалар:
 
16.01.2011 Хитой–Ўзбекистон 2:2 | Осиё Кубоги, гуруҳ босқичи
 
05.06.2011 Хитой–Ўзбекистон 1:0 | Ўртоқлик учрашуви
 
06.06.2013 Хитой–Ўзбекистон 1:2 | Ўртоқлик учрашуви
 
14.01.2015 Хитой–Ўзбекистон 2:1 | Осиё Кубоги, гуруҳ босқичи
 
11.10.2016 Ўзбекистон–Хитой 2:0 | ЖЧ–2018 саралаши
 
Бўлажак ўйинга тайёргарлик қандай?
 
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ–2018 саралаш босқичи охирги икки баҳси олдидан Тошкентда Қирғизистон термасига қарши назорат ўйини ўтказиб, 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
 
Бош мураббий Самвел Бабаян ихтиёридаги барча футболчилар имкониятини синовдан ўтказиб, Хитойга 24 футболчидан иборат таркибни танлаб олди.
 
Таркибдаги йўқотишлар...
 
Ўзбекистон термаси мазкур ўйинга деярли йўқотишларсиз келди. Таркибдаги барча футболчилар соғлом. Эронга қарши ўйинда жароҳат олган Станислав Андреев ҳамон соғайиш-тикланиш жараёнини ўтказмоқда.
 
Клубдаги жароҳати туфайли терма жамоанинг Сурия, Қатар ва Эронга қарши ўйинларини ўтказиб юборган Виталий Денисов ҳам терма жамоага қайтган. Эрон билан ўйинга туша олмаган Марат Бикмаев ва Ислом Тўхтахўжаев ҳам бўлажак ўйинга чақирув олишган.
 
Сариқ карточкалари тўпланиб қолганлиги боис бўлажак ўйинни фақатгина Даврон Ҳошимов ўтказиб юборишга мажбур бўлади.
 
Хитой термаси сафида битта йўқотиш бор. “Шанхай СИПГ” ҳимоячиси Ванг Шенчао “Гуанчжоу Эвергранд”га қарши (4:0) ОЧЛ чорак финал илк ўйинида жароҳат олиб майдонни тарк этганди.
 
Унинг бўлажак ўйинда майдонга тушиш-тушмаслиги номаълум. Марчелло Липпи Ўзбекистонга қарши ўйинга 23 футболчидан иборат таркибни аввалроқ эълон қилганди.
 
Учрашув расмийлари
 
Мазкур ўйинни Шри-Ланка мамлакати вакиллари бўлган ҳакамлар бошқариб боради. Бош ҳакам вазифасини Кришанта Дилан Перера Хеттиканканамге бажаради.
 
Гуруҳдаги вазият
 
Осиё минтақасидан ЖЧ–2018 саралаш босқичи “А” гуруҳи 8-туридан кейин Ўзбекистон терма жамоаси 12 очко билан 3-ўринда бормоқда.
 
ЖЧ йўлланмасини қўлга киритган Эрон 20 очко билан пешқадамлик қилаётган бўлса, Жанубий Корея 13 очко билан ҳозирча 2-поғонани эгаллаб турибди. Ҳисобида 6 очко бўлган Хитой терма жамоаси “А” гуруҳида сўнгги — олтинчи ўринни банд қилган.
 

 
“А” гуруҳи 9-турнинг қолган ўйинлари
 
Саралаш босқичи 9-турида Жанубий Корея термаси ўз майдонида Эронни қабул қилади. Сурия нейтрал майдон — Малайзияда Қатар билан беллашади.
 
17:00 Хитой–Ўзбекистон
 
17:00 Жанубий Корея–Эрон
 
18:45 Сурия–Қатар
 
Эслатиб ўтамиз, Хитой–Ўзбекистон учрашуви бугун, 31 август куни Ухань шаҳридаги “Wuhan Sports Center” стадионида бўлиб ўтади.
 
Ўйин Тошкент вақти билан соат 17:00 да “Спорт” телерадиоканали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилади.
 
Учрашувни таниқли шарҳловчилар Хайрулла Ҳамидов ва Дилшод Тўхтабековлар шарҳлаб боришади.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Ўзбекистон Хитой 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!