Ҳотамжон Абдураҳмонович Кетмонов партиядан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партиянинг Қурултойида кўриб чиқиш учун номзод сифатида кўрсатилди.
Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши аъзолари, масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, минтақавий партия кенгашлари раҳбарлари, партия фаоллари ҳамда оммавий ахборот вакиллари иштирок этди.
Пленум кун тартибига Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиянинг муносиб иштирокини таъминлаш борасидаги вазифалар, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод кўрсатиш, Ўзбекистон ХДПнинг X қурултойини жорий йилнинг 14 октябрь куни чақириш ва унинг кун тартиби, партия қурултойига вакиллик меъёри ва уларни сайлаш тартиби тўғрисидаги масалалар киритилди.
Пленумда сиёсий партиялар учун яратиб берилган кенг ҳуқуқ ва имкониятлардан тўла фойдаланиб, партиянинг дастурий мақсад ва ғоялари ҳамда унинг электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловда Ўзбекистон халқ демократик партиясининг муносиб иштирокини таъминлаш борасидаги долзарб вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Кун тартибидаги асосий масала – Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш масаласи ҳам алоҳида муҳокама қилинди.
Бу борада партия электорати, тарафдор ва фаоллари томонидан тавсия этилган ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси, партия фракцияси раҳбари Ҳотамжон Абдураҳмонович Кетмонов партиядан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партиянинг Қурултойида кўриб чиқиш учун номзод сифатида кўрсатилди.
Шунингдек, Пленумда Ўзбекистон ХДПнинг X Қурултойини чақириш ва унинг кун тартиби ҳамда партия Қурултойига вакиллик меъёри ва уларни сайлаш тартиби каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги масалалар бўйича партиявий ОАВ ва ҳудудий партия кенгашлари раҳбарлари олдига тегишли вазифалар қўйилди.
Шу билан бирга, пленум иштирокчилари томонидан, партиянинг сайлов кампаниясини самарали ўтказишни таъминлаш борасида бир қатор ташкилий ва мафкуравий йўналишда таклифлар билдирилди.
Жумладан, иштирокчилар партиянинг Ўзбекистон Республикаси сайловларида иштирокини қўллаб-қувватловчи сайловчиларнинг имзоларини йиғишни самарали ташкил этиш, барча сайлов участкаларини партиядан кўрсатиладиган номзоднинг сайловолди дастури ва қонунда кўзда тутилган бошқа адабиётлар билан таъминлашга доир қатор таклифлар билдирдилар.
Сўзга чиққанлар томонидан сайловолди тарғиботи даврида партия ташкилотлари ва фаолларининг самарали иш юритиши, қонун билан белгиланган ваколатларни тўла ишга солган ҳолда, биринчи навбатда юртимиздаги мазкур муҳим сиёсий жараёнлардан аҳолининг хабардорлигини оширишга қаратилган тарғибот тадбирларининг сифати ва самарадорлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, пленум иштирокчилари ваколатли вакил, кузатувчи ва ишончли вакилларни танлаш борасида ҳам қатор таклиф ва тавсияларни билдиришди.
Билдирилган таклиф ва тавсияларни инобатга олган ҳолда, муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан ЎзХДП Марказий Кенгаши VI пленуми тегишли қарорларни қабул қилди.
2015 йилдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ҳам Ҳотамжон Абдураҳмонович Кетмоновнинг номзоди қўйилган эди.
Маълумот ўрнида, аввалроқ, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал демократик партиясида Шавкат Мирзёев, “Миллий тикланиш” демократик партияси Сарвар Отамуратов, “Адолат” социал демократик партияси Наримон Умаров номзодини партиянинг навбатдаги қурилтойида кўриб чиқиш учун таклиф этгандилар.