Фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш бўйича “1106” қисқа рақамли “ишонч телефони” ташкил этилди.
Эндиликда пенсионерлар ҳар ойлик пенсия маблағларини жадвалга мувофиқ посёлка, қишлоқ, овул ва маҳаллалардаги фуқаролар йиғинларида олишлари мумкин бўлади. Агарда жадвалда белгиланган вақтда пенсияни олишга улгура олмаган шахслар бўлса, улар ўз пулларини бошқа кунларда олишлари мумкин.
Халқ банки филиалларидан махсус кассаларга нақд пулларни ўз вақтида ва узлуксиз етказиб бериш учун 590 та Damas русумли автомашиналар сотиб олиниб, филиалларга етказиб берилди ва келгусида жойлардаги филиалларнинг эҳтиёжларига қараб қўшимча автомашиналар сотиб олинади.
Шунингдек, пенсия маблағини уйига олиб келиб бериладиган шахслар рўйхати ҳам тузиб чиқилиб, пенсия ва нафақаларнинг махсус кассалари жойлашишида қандайдир ўзгаришлар бўлса, пенсия олувчилар банк, шунингдек, қишлоқ, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан хабардор этилиши белгилаб қўйилди. Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси томонидан Халқ банки билан биргаликда пенсия ва нафақалар тўланишини онлайн режимда SMS-хабардор этиш тизими амалга татбиқ этилди.
Пенсионерларга янада қулайликлар яратиш мақсадида ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини маъмурий биносида банк томонидан махсус стендлар тайёрланиб, фуқаролар учун зарур бўлган маълумотлар билан таъминланган ҳолда кўринадиган жойга жойлаштирилди.
Пенсия маблағларининг тарқатилиши жараёнида юзага келадиган муаммо ва шикоятларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш бўйича “1106” қисқа рақамли “ишонч телефони” ташкил этилди.