Ғафур Раҳимов ўзбекистонлик тадбиркор ҳисобланади, аммо AIBA расмий сайти унинг номзодини...
Дубай шаҳрида бўлиб ўтган конгрессда ўзбекистонлик Ғафур Раҳимов ташкилотнинг вақтинчалик президенти этиб сайланди.
AIBA’нинг президентлиги учун сайловлар 2018 йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтади ва унгача Раҳимов вақтинчалик президент вазифасини бажариб туради.
Янги лавозимга тайинловдан сўнг Ғафур Раҳимов ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Ижро қўмитанинг барча аъзоларига ишонч учун ўз миннатдорчилигимни билдираман. Франко, дўстим. Сен AIBA’ни қутқариб қолдинг.
Мен 20 йил ичида вице-президент сифатида фаолият олиб бордим. Биз севимли спортимизни асраб қолиш учун қаттиқ ишлашимиз керак.
Шаффофлик намойиш этишимиз лозим. Боксчилар боксчи эканлигидан фахрланишлари керак. Мен AIBA’нинг нуфузини сақлаб қолиш учун барча билан ҳамкорлик қиламан”, деди Ғафур Раҳимов AIBA расмий сайтига берган интервьюсида.
Маълумот учун, Ғафур Раҳимов ўзбекистонлик тадбиркор ҳисобланиб, ҳозирда Осиё бокс ассоциацияси вице-президенти лавозимида фаолият юритади.
Аммо AIBA расмий сайтида қайд этилишича, унинг номзоди Россия Федерацияси томонидан кўрсатилган.
AIBA’нинг бундан олдинги президенти Ву Чжинг Гуо 2006 йилдан 2017 йилнинг ноябрь ойига қадар ташкилот раҳбари сифатида ишлаганди. Сўнгги 3 ойдан буён эса бу ўрин бўш қолиб келаётганди.
Куни кеча Ғафур Раҳимовга нисбатан АҚШ ҳукумати санкция эълон қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, 25 январь куни Ўзбекистон футбол федерацияси номи Ўзбекистон футбол ассосиациясига ўзгартирилиб, янги ном олган ташкилотга Ўзбекистон Қаҳрамони, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва Ўзбекистон темир йўллари АЖ бошқарув раиси Очилбой Раматов сайланганди.