...
МЕНЮ
ONLINE TV

Фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги Низом ишлаб чиқилди


11:37, 05.12.2018 Жамият
 7 013

Мураббийликни амалга ошириш тартиби идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисида Низом Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
 
Ҳарбий хизматни ўташ қуйидагиларни ўз ичига олади:
 
  • муддатли ҳарбий хизматга чақириш ёки контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш;
 
  • сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматга олиш;
 
  • ҳарбий лавозимга тайинлаш ва уни бажариш;
 
  • ҳарбий унвон бериш;
 
  • ҳақиқий ҳарбий хизматдан бўшатиш;
 
  • резервдаги хизматга олиш;
 
  • ҳарбий хизматга мажбурларни истеъфога чиқариш;
 
  • Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида” ва “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида”ги Қонунлари ҳамда ушбу Низомга мувофиқ ҳарбий хизматчиларнинг хизмат ва ижтимоий-ҳуқуқий мавқеини белгиловчи бошқа сабаблар (воқеалар).
 
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларига қуйидаги талаблар қўйилади:
 
  • муддатли ҳарбий хизмат ҳарбий хизматчилари эгаллаган лавозимлари бўйича ҳарбий мутахассисликни сифатли ўзлаштиришлари, ишониб топширилган қурол ва ҳарбий техникани ишлата билиш малакаси, мустаҳкам ҳаётий позиция, ватанпарварлик дунёқарашларига эга бўлишлари, руҳан, маънан ва жисмонан тетик бўлишлари, ҳарбий бурчни бажаришга ва мустақил ҳаётга тайёр бўлишлари зарур;
 
  • оддий аскарлар таркибидаги контракт бўйича ҳарбий хизматчилар муддатли ҳарбий хизматчиларига тааллуқли бўлган сифатларни эгаллаш билан бир қаторда, ҳарбий мутахассисликни чуқур ўзлаштиришлари, ўзаро боғлиқ мутахассисликларни ўрганишлари, турли шароитлар тақазо этган тақдирда жанговар вазифаларни бажариш учун ишониб топширилган қурол ва ҳарбий техникани қўллаш малакаларини мустаҳкам эгаллашлари лозим;
 
  • сержантлар таркибидаги контракт бўйича ҳарбий хизматчилар маънан етук, ҳарбий бурчни бажаришга руҳан тайёр бўлишлари, ҳарбий мутахассисликни мукаммал билишлари, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникадан фойдалана билишлари ва уни асраб-авайлашлари керак. Сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларга бўлинмаларда юксак жанговар кайфият, соғлом маънавий-руҳий шароит яратиш, қўл остидаги ҳарбий хизматчиларда Ватанга содиқлик ва ватанпарварлик ҳиссиётларини доимий равишда тарбиялаб бориш, уларни ҳарбий мутахассисликларга ва зарурий малакаларни ҳосил қилишга ўргатиш вазифалари юклатилади;
 
  • офицерлар таркибидаги контракт бўйича ҳарбий хизматчилар Ватанга содиқ, ҳарбий бўлинмаларга командирлик (раҳбарлик) қилиш, мураккаб вазиятларда оператив ориентирланиш ва мустақил ҳаракат қилиш, ностандарт қарорларни қабул қилиш, бўйсунувчиларини жанговар-хизмат вазифаларни бажаришга шахсий намунаси билан йўналтиришга қодир, ҳарбий ишга оид чуқур билимлар, юксак маънавий-ахлоқий сифатлар, кенг дунёқараш, интеллект, яхши ташаббускорлик қобилиятига эга ҳамда ишониб топширилган қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникадан тўғри фойдалана биладиган командир (раҳбар) ҳамда мутахассис бўлишлари зарур.
 
Ушбу барча сифатлар ўзини ҳарбий хизматга, Ватанга хизмат қилишга бағишлаган ҳар бир инсон учун ҳаётий мақсад бўлиб қолиши ва қаттиқ меҳнат асосида шакллана бориши, фақат экстремал шароитларда эмас, балки тинчлик даврида ҳам, кундалик хизматда ҳам ўрганилиб ва кўриниб бориши лозим.
 
Ишлар тажрибаси мерос бўлиб қолиши, ёш ҳарбий хизматчиларни ҳарбий хизматга мослашуви, касбий шаклланиш ва юкланган хизмат вазифаларни мустақил бажариш қобилиятини ривожлантириш жараёнини тезлаштирилишини таъминлаш мақсадида ҳарбий хизматчилар мутахассислиги бўйича камида беш йил хизмат қилган ва юксак касбий сифатларга эга бўлган яхши тайёргарлик кўрган контракт бўйича ҳарбий хизматчилар орасидан мураббийларга бириктирилади.
 
Мураббийликни амалга ошириш тартиби идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланади.
 
Қуролли Кучлар сафида ҳарбий хизматга ватанпарварлик дунёқарашини, юқори маънавий-аҳлоқий сифатларига эга бўлган, зарурий интеллектуал савияси, кенг дунёқараши, жисмоний тайёргарлиги бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари киради.
 
Қуролли Кучларни контракт бўйича ҳарбий хизматчилар билан тўлдириш, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган шахслардан ташқари, танлов асосида номзодларни ҳарбий-касбий саралаш йўли билан (интеллектуал ривожланганлик даража ва психоэмоционал барқарорликнинг психологик тест синовидан ўтказиш, тиббий кўрикдан ўтказиш ва жисмоний имкониятлари ҳамда ҳарбий хизмат учун бошқа касбий нуқтаи назардан муҳим сифатларни баҳолаш) амалга оширилади.
 
Мансабдор шахсларни бошқа давлат органларидан ҳарбий хизмат назарда тутилган вазирликларга ўтказиш (мансабдор шахсларни Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматига), уларни контракт бўйича ҳарбий хизматга чақириш (олиш) саралаш тадбирларини ўтказмасдан раҳбарнинг қарорига биноан амалга оширилиши мумкин.
 
Қуролли Кучларни бутланиши территориал ва экстерриториал принциплари асосида амалга оширилиши мумкин.
 
Территориал (экстерриториал) принципи бўйича бутланадиган бўлинмалар ва/ёки мутахассислар рўйхати вазирликлар раҳбарлари томонидан белгиланади.
 
Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ қуйидаги ҳарбий хизмат турлари жорий этилган:
  • муддатли ҳарбий хизмат;
 
  • сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат;
 
  • контракт бўйича ҳарбий хизмат;
 
Қуролли Кучлар сафида ҳарбий хизматни ўтаган резервчилар хизмати.
 
Муддатли ҳарбий хизмат – чақирилиш ёшидаги фуқароларнинг оддий аскарлар, шунингдек муқаддам ҳарбий хизматни ўтамаган офицерларнинг Қонун ҳужжатларида белгиланган муддат мобайнида Қуролли Кучлар сафидаги мажбурий хизматидир.
 
Сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат – муддатли ҳарбий хизматни ўташга яроқли ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ Қуролли Кучлар сафига навбатдаги муддатга чақирилмаган шахслар ўтайдиган ҳарбий хизмат туридир. Ўзбекистон Республикаси фуқароларини сафарбарлик чақируви резервига олиш Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сафарбарлик чақируви резервида хизматни ўташ тартиби ҳақидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
 
Контакт бўйича ҳарбий хизмат – Қуролли Кучлар сафидаги ҳақиқий ҳарбий хизматга ихтиёрийлик асосида вазирлик орқали давлат билан тузиладиган контрактга биноан кирган, фуқаролар ўтайдиган ҳарбий хизмат туридир.
 
Резервчилар хизмати – ҳақиқий ҳарбий хизматни, шунингдек сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаган оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар жумласидан бўлган ҳарбий хизматга мажбурлар учун Қуролли Кучларнинг қўшинлари, қисмлари ва бўлинмалари сафини уруш даврида тақозо этиладиган штатлар даражасига қадар тўлдириш, шунингдек, уруш даври тақозо этадиган тузилмаларни кучайтириш мақсадида умумий ҳарбий мажбурият асосида жорий этиладиган ҳарбий хизмат туридир.
 
Ҳарбий хизматга биринчи марта ёки ихтиёрий равишда (контракт бўйича) кирган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси халқи ва Президентига содиқлик тўғрисида Ҳарбий қасамёд қабул қиладилар.
 
Муддатли ҳарбий хизматга чақириш
 
Муддатли ҳарбий хизматга ўн саккиз ёшдан йигирма етти ёшгача бўлган, саломатлигига кўра Қуролли Кучлар сафида ҳарбий хизматни ўташга яроқли эркак фуқаролар, шунингдек, илгари ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтамаган офицерлар чақириладилар.
 
Фуқароларни чақириш, йиғиш ва уларни муддатли ҳарбий хизматга жўнатиш ва ҳарбий қисмларда қабул қилиш тартиби қонунчилик билан белгиланади.
 
Муддатли ҳарбий хизматни, сафарбарлик чақирув резервидаги хизматни ёки контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтамаган ва Қонуннинг 21-моддасига мувофиқ чақириш муддатини кечиктириш асосларига эга бўлмаган 40 ёшгача бўлган захирадаги офицерлар тинчлик даврида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг буйруғига биноан офицерлар таркиби лавозимларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун чақирилишлари мумкин.
 

Теглар:Ҳарбий хизмат Муддатли ҳарбий хизмат 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар