Респондентларнинг ярмидан кўпи (56,8 фоиз) жамиятда коррупция бор, деб ҳисоблайди.
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мутахассислари 2017-2018 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури ижроси доирасида фуқароларнинг ушбу иллатга муносабатини ўрганишди.
Сўровда қатнашганларнинг аксарият қисми – 91,5 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жамиятда коррупцияга қарши муросасиз муносабатни қарор топтиришга қаратилган қонунчилик ташаббусини қўллаб-қувватлашган.
Респондентларнинг ярмидан кўпи (56,8 фоиз) жамиятда коррупция бор, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятлари аҳолиси кўпроқ қайд этган. Сўров шуни кўрсатдики, шаҳар аҳолиси қишлоқ одамларига қараганда жамиятда коррупция мавжудлигини кўпроқ таъкидлаган.
Тадқиқотда қатнашган юртдошларимизнинг 76,3 фоизи фикрича, мазкур иллат ҳамма жойда эмас, балки жамиятнинг айрим соҳаларида бор. Масалан, респондентларнинг 37,6 фоизи томонидан соғлиқни сақлаш, яъни тиббиёт –коррупция энг кўп кириб борган соҳа сифатида кўрсатиб ўтилган. Ундан кейин таълим соҳаси турибди (31,4 фоиз). Сўровда иштирок этган ҳамюртларимизнинг ҳар тўртинчиси айрим ҳуқуқ-тартибот органлари коррупциялашган, деган фикрни билдирган. Бандлик, ижтимоий таъминот, коммунал хизмат, банк, солиқ ва божхона идоралари, ҳокимликлар ҳамда бошқалар фаолиятида ҳам коррупция учраши билдирилган.
Марказ ходимлари муаммонинг илдизини аниқлашга ҳаракат қилишди. Респондентларнинг 64,4 фоизи коррупцияни ҳуқуқий, 51 фоизи иқтисодий, 46,3 фоизи ижтимоий, 45,8 фоизи ахлоқий муаммо сифатида билади.
Респондентларнинг 65,8 фоизи коррупционерларнинг катта қисми қилган жиноятлари учун, албатта, жазосини олишига ишончи комил эканини билдирган.
Шунингдек, “Оилангиз аъзолари ёки яқинларингиз ҳаётида коррупция билан боғлиқ ҳодиса содир бўлганми?” деган саволга респондентларнинг аксарияти салбий жавоб беришди. Аммо суиистеъмолликларга дуч келганлар ҳам кам эмас. Ушбу муаммога йўлиққан респондентлар орасида қишлоқ аҳолисига қараганда шаҳарликлар сони бироз кўпчиликни ташкил этди. Респондентларнинг кўпчилиги яқинларидан мансабдор шахслар пора талаб қилгани билан боғлиқ ҳодисалардан хабардор эканини айтишган. Уларнинг 8,4 фоизи қариндошлари ёки танишлари ўзлари пора таклиф этганини таъкидлашса, 6,8 фоизи уларнинг яқинларига пора таклиф қилинганини билдиришган. Респондентларнинг 3,4 фоизи эса уларнинг қариндоши ёки дўсти пора олиш билан шуғулланганини тан олган.
Хулоса ўрнида айтганда, сўров коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирларнинг фуқаролар томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланаётганини кўрсатди. Уларнинг ишонч билдиришича, бу саъй-ҳаракатлар мазкур салбий иллатни жамият ҳаётидан илдизи билан йўқ қилишга ижобий таъсир кўрсатади.
ўрганиш маркази материаллари асосида
Ўзбекистонда коррупция бор деб ҳисоблайсизми?
(Сўралганлар сонидан фоизларда)
Шахсан ўзингиз коррупция ҳолатларига дуч келганмисиз?
(сўралганларнинг умумий сони фоизларда)