Шавкат Мирзиёев Қозоғистонда бўлганида икки томонлама транспорт қатновлари самарадорлигини ошириш юзасидан ҳам келишувга эришилган эди.
Тошкент шаҳридан Қозоғистоннинг Жанубий Қозоғистон области маркази Чимкент шаҳрига автобус қатнови йўлга қўйилди. Бугун, 5 январь Тошкент вақти билан соат 8:00 да Олмазор туманидаги “Тошкент” автовокзалидан “Тошкент – Чимкент – Тошкент” йўналишида илк автобус йўлга чиқди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22-23 март кунлари давлат ташрифи билан Қозоғистонда бўлганида икки томонлама транспорт қатновлари самарадорлигини ошириш юзасидан ҳам келишувга эришилган эди.
Бугун ана шу келишувда кўзда тутилган режалар амалга ошди. Бу икки қардош халқ ўртасидаги тарихий дўстлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги муҳим қадамдир. Мазкур автобус қатновининг йўлга қўйилиши ижтимоий-иқтисодий ва туризм соҳаси ривожига ҳам хизмат қилади.
“Тошкент – Чимкент – Тошкент” халқаро йўналишида илк синов қатновини амалга ошираётган автобус Ўзбекистоннинг “Ғишт кўприк” ва Қозоғистоннинг “Ипак йўли” чегара назорати постидан ўтди.