Фильмда Маъруф Отажонов, Жавоҳир Зокиров ва Ҳошим Арслонов каби актёрлар қатори жаҳон киноси юлдузлари бўлган Винсент Кассель, Арманд Ассанте, Франциско Овалле ҳам иштирок этишган.
“Кеча Женевада “Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон” тарихий ҳужжатли фильмининг премьераси бўлиб ўтди. Фильм намойиши “The Club des leaders” халқаро жамиятининг Швейцариядаги ваколатхонаси томонидан ташкил этилди”, деб ёзган Лола Каримова-Тилляева.
Тақдимот маросимида сўзга чиққан Лола Каримова-Тилляева “Ушбу кинолентани бугун эътиборингизга ҳавола этиш мен учун катта шараф. XV асрда Мирзо Улуғбек ҳукмронлик қилган даврда Самарқанд астрономия, математика ва геометрия соҳаларида илғор илмий тадқиқотлар халқаро марказига айланди. Бу буюк инсон, етук олим ва адолатли ҳукмдор шахси болалигимдан мени ўзига мафтун этди. Унинг ҳикояси замондошларимиз эътиборига ҳавола этилиши лозим”, дея таъкидлаб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, картина режиссёри Баҳодир Йўлдошев. Фильмда XV асрнинг буюк астрономи Мирзо Улуғбекнинг Мовароуннаҳр ҳукмдори ҳаётидаги фожиалар, мушкулотлар ва зафарлари акс этган. Фильмда АҚШ, Франция, Буюк Британия, Дания, Россия, Ўзбекистон ва Нидерландиянинг етакчи олим ва мутахассислари Мирзо Улуғбек ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги мулоҳазалари, маълумотлари билан ўртоқлашади.
Картинани суратга олишда Оксфорд университетининг Бодлиан кутубхонаси, Британия музейи, Франциянинг Observatoire de la Cote d’Azur расадхонаси ҳамда Оксфорднинг St. John’s коллежи ва Илм-фан тарихи музейи артефактлари, қўлёзмалари ва экспонатларидан фойдаланилди. Суратга олиш жараёни Пристон университети, Гриффит расадхонаси ва Калифорния университетида ҳам олиб борилди.
Картинада Маъруф Отажонов, Жавоҳир Зокиров ва Ҳошим Арслонов каби актёрлар қатори жаҳон киноси юлдузлари бўлган Винсент Кассель, Арманд Ассанте, Франциско Овалле ҳам иштирок этишган.