Тунги клублар антисанитария ҳолатда эканлиги, айрим мижозларининг маст эканлиги, энг ачинарлиси, баъзи бир ёш қизлар ушбу клубларда тунги вақтини ўтказаётгани маълум бўлди.
Назорат тадбири давомида вояга етмаган ишлари бўйича вилоят идоралараро комиссия аъзолари ҳамда Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси, “Самарқанд-МЧЖ” телевидиниесининг, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти оператор ва мухбирлари иштирок этди.
Ишчи гуруҳи томонидан шаҳардаги “Barxan”, “Daimond Hall”, “Sultan”, “Cavalli”, “Jeyran”, “Super xot-dog” номлари билан фаолият юритаётган тунги барларда тунги соат 23:00 дан кейин бориб назорат қилинганда вояга етмаган ёшлар аниқланди. Уларнинг шахсини тўлиқ аниқлаш мақсадида ички ишлар идораларига юборилди.
Рейдлар давомида мазкур тунги клубларда тунги вақт бўлишига қарамасдан фаолият олиб бораётганлиги, шу билан биргаликда мижозлар учун тайёрлаб берилаётган маҳсулотлар антисанитария ҳолатида эканлиги, энг ачинарлиси, ёши катталарнинг ёшларга ўрнак бўлиш ўрнига ўзлари тунги вақтда маст ҳолда ушбу жойларда вақтини ўтказиётганлиги маълум бўлди.
Ҳатто баъзи бир ёш қизлар ушбу клубларга айнан ёши катталар томонидан (шаҳвоний мақсадларда) олиб келинганлиги кишини таажжублантиради.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида “Пайшанба — ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” деб эълон қилинган эди.
Фото: Ғофуржон Бобобеков