...
МЕНЮ
ONLINE TV

Фото: Нью-Йорк-Тошкент йўловчилари тарихий парвоз ҳақидаги фикрларини билдирди


18:41, 28.07.2017 Жамият
 4 218

МАК раҳбарияти ҳамда ОАВ вакиллари экипаж аъзолари ва 243 нафар йўловчини карнай-сурнай садолари остида тантанали равишда кутиб олдилар.

Аввал хабар берганимиздек, 27 июль куни Ўзбекистон Миллий авиакомпаниясининг `Boeing 787 Dreamliner` самолёти Тошкентдан Нью-Йоркка тўғридан-тўғри узлуксиз парвозни бажарди.


 
Бугун, 28 июлда `Dreamliner` Миллий авиаташувчи тарихида илк бор узлуксиз трансатлантик парвозни амалга ошириб, Ислом Каримов номидаги “Тошкент халқаро аэропорти”га келиб қўнди.
 
Экипаж аъзолари ва 243 нафар йўловчини карнай-сурнай садолари остида МАК раҳбарияти ҳамда ОАВ вакиллари тантанали равишда кутиб олдилар.




 
Нью-Йоркка тўғридан-тўғри қатновни МАК экипажи – Учувчилар мажмуаси директори ўринбосари Сергей Ким, авиакомпания бош штурмани Станислав Гурфинкель, `Boeing 787` Учувчилар отряди қўмондони Асаджон Турсунов, иккинчи учувчилар Рустам Курганов ва Олимжон Узоқовлар амалга оширдилар.
 
“Орзу кемаси”ни Нью-Йоркдан Тошкентга қайтишда самолёт қўмондони Павел Мaргачев, `Boeing 787` учувчилар отряди учувчи-йўриқчиси Алексей Маркин ва иккинчи учувчи Улуғбек Ишмаҳамедов бошқарди.
 
Дримлайнерда Нью-Йорк шаҳрига бажарилган тўғридан-тўғри узлуксиз парвоз вақти cалкам 13 соатни, Тошкентга қайтиш эса 11 соатни ташкил этди.
 
“Орзу кемаси”да илк марта узлуксиз парвоз қилган экипаж аъзолари ва йўловчилар ушбу тарихий воқеа ҳақидаги фикрларини билдирдилар.


 
Улуғбек ИШМАҲАМЕДОВ, `Boeing 787 Dreamliner` самолёти иккинчи учувчиси:
 
“Бугун биз, учувчилар таркиби учун унутилмас ва жуда қувонарли кун бўлди, десам адашмайман. Боиси, Нью-Йорк–Тошкент йўналишидаги парвозни муваффақиятли амалга орширдик. Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, мазкур ҳаво лайнери махсус композицион материаллардан тайёрланганлиги ва қулайлигини ҳисобга олганда бемалол 16 соатгача бўлган парвозларни бажариш мумкин бўлади ва бу йўловчилар учун ҳам ҳеч қандай ноқулайликлар туғдирмайди. Бугунги парвоз муддати 11 соат давом этди. Парвоз давомида экипаж аъзолари ва йўловчилар ўзларини жуда яхши ҳис этдилар. Ҳавонинг очиқлиги ва самолётнинг ҳар томонлама қулайлиги бизга жуда қўл келди. Парвоз давомида албатта ҳаяжон бўлди, лекин МАК раҳбарияти томонидан зиммамизга юклатилган вазифанинг нақадар масъулиятли эканлигини унутмаган ҳолда “орзу лайнери”ни моҳирлик билан бошқардик. Ўйлайманки, бизга билдирилган ишончни бугун муносиб оқладик, зеро бизинг асосий мақсадимиз ҳам шундан иборат эди”.
 
Одил ОСТОНАҚУЛОВ, йўловчи:
 
“Авиакомпания хизматларидан аввал ҳам кўп маротаба фойдаланганман ва бугун `Boeing 787 Dreamliner` самолётида Нью-Йоркдан пойтахтимизга йўл олган қатновда иштирок этганимдан беҳад мамнунман. Парвоз давомида учувчилар таркиби ва борткузатувчилар хизматининг профессионал даражасига юқори баҳо бердик. Парвоз узоқ давом этишига қарамай, ҳаво лайнери саҳнида йўловчилар учун яратилган қулайлик туфайли биз ўзимизни худди уйдагидек ҳис қилдик. Ҳақиқий маънода “орзу лайнери” дея эътироф этилувчи Dreamliner ўриндиқлари жудаям қулай, салон ёруғ ва кенг, замонавий мултимедиа ҳамда техника воситалари билан жиҳозланганлиги бизга жуда манзур бўлди. Айниқса, ҳар бир ўриндиқ олдида жойлашган экран ҳамда катта мониторлар орқали исталган фильмни кўриш, махсус қулоқчинлар ёрдамида эса мусиқа тинглаш имконига эга бўлдик. Қувонарли жиҳати шуки, парвоз вақтида самолёт бир маромда текис учди ва силкинмади, шовқини ҳам эшитилмади. Авиакомпаниянинг доимий мижозларидан бири сифатида шуни айтишим мумкинки, бугунги ёқимли парвоз учун барча йўловчилар номидан экипаж аъзоларига миннатдорчилик изҳор этган ҳолда мазкур “орзу лайнери”нинг қулайликларидан ҳали кўп маротаба баҳраманд бўлишга умид қиламан”.
 
Таъкидлаш жоизки, узоқ кутилган ушбу муҳим воқеага Миллий авиакомпаниянинг барча ходимлари пухта тайёргарлик кўрди. МАК Учувчилар мажмуасининг Boeing 787 отряди учувчилари тренажёр тайёргарликни Лондон ва Шанхайда, ер-усти машғулотларини эса МАК Ўқув-машқ марказида ўтадилар.
 
Тайёргарлик жараёнида авиакомпания ерусти хизмати мутаҳассислари АҚШ ҳудудига кириш-чиқиш талаблари ва иммиграция қоидаларини ҳам ўрганиб чиқдилар. Жаҳон авиаташувлар бозоридаги талаб ва вазиятдан келиб чиқиб, авиакомпания ўз ҳаво флотидан унумли фойдаланиш билан бирга узоқ ва яқин йўналишларда ҳам бирдек самарали фаолият юритиши мумкин. МАК Учувчилар мажмуаси `Boeing 787` Учувчилар отряди учувчилари қисқа муддат ичида энг замонавий авиалайнерларни бошқаришни муваффақиятли ўзлаштирдилар.
 
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси `Boeing 787 Dreamliner` самолётларининг тижорий эксплуатациясини 2016 йил сентябрда бошлади, халқаро йўналишдаги илк парвоз 9 сентябрда Алмати (Қозоғистон) шаҳрига амалга оширилди. Бугунги кунда Дримлайнерларда Дубай, Деҳли, Амритсар, Истамбул, Тель-Авив, Сеул, Франкфурт, Москва, Куала-Лумпур, Сингапур, шунингдек, Рига орқали Нью-Йоркка парвозлар муваффақиятли амалга оширилмоқда. 

Теглар:Boeing 787 Dreamliner 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар